Хитой таҳдиди. Япония Иккинчи жаҳон урушидан кейин илк бор ҳарбий харажатларини каррасига оширмоқда
Япония ҳукумати мамлакат учун янгиланган миллий хавфсизлик режаси тақдим этди. У Иккинчи жаҳон урушидан буён илк бор мудофаа харажатларини икки баравар ошириш, ҳарбий қудратни сезиларли даражада кўтариш ва умуман олганда халқаро сиёсатда мамлакат конституцияси билан мустаҳкамланган пацифизм тамойилларидан сезиларли даражада четлашишни назарда тутади.
Бундай фундаментал бурилиш Япониянинг мамлакатнинг энг яқин қўшнилари бўлган Хитой ва Шимолий Корея томонидан тез суръатлар билан ўсиб бораётган таҳдидлардан хавотири туфайлидир.
Жума куни кечқурун мамлакат бош вазири Фумио Кисида миллатга телеомурожаат қилиб, ҳукумат бирданига учта бир-бирига ўзаро боғланган ҳужжатни қабул қилганини айтди - Мамлакат миллий хавфсизлик стратегияси, Миллий мудофаа стратегияси ва Мудофаа кучларини ривожлантириш режаси.
Асосий янгиликлардан бири Токиога «қарши зарба бериш қобилияти»га, яъни бош вазир тушунтирганидек, «фавқулодда вазият юзага келганда ва муайян шароитлар»да бошқа давлат ҳудудига ҳарбий зарба бериш имкониятига эга бўлишни таъминловчи қоидадир.
«Украинадаги уруш бизга кўрсатдики, биз жанг қилиш қобилиятига эга бўлишимиз зарур - Япония эса ҳозиргача бунга тайёр бўлмаган», - дея Япония ҳаво кучларининг истеъфодаги генерали Тосимити Нагаявунинг сўзларини келтирган маҳаллий нашрлар. «Япония жуда кеч старт олди. Биз 400 метр масофага югуриш мусобақасида 200 метрга ортда боряпмиз», дея куйинади у.
Япония мудофаа вазирлиги раҳбари Ясукадзу Ҳамада декабр ойи бошида мамлакат молия вазири билан биргаликда яқин беш йил ичида мамлакат мудофаа харажатларини икки баробарга ошириб, НАТОга аъзо бўлган мамлакатларга тавсия этилган ЯИМнинг 2 фоизи даражасига кўтариш йўлларини топиш бўйича топшириқ олганини айтганди.
Япония иқтисодиёти ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, бу чора мамлакатни ҳарбий харажатлар бўйича АҚШ ва ХХРдан кейинги учинчи давлатга айлантириши мумкин.
Бундан ташқари, режа эҳтимолий рақибнинг ракета учириш майдонига олдини олувчи зарбалар бериш учун АҚШдан узоқ радиусда ҳаракатланувчи ракеталар сотиб олинишини назарда тутади.
Ҳужжатда кибартаҳдидлардан ҳимояланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. «Афсуски, атрофда ядро салоҳиятини ошираётган, ҳарбий қудратини жадаллик билан ўстираётган ва статус-квони бир томонлама тартибда куч билан ўзгартиришга уринаётган давлатлар бор», дея тушунтиради японлар бош вазири.
Стратегик ҳамкордан - асосий таҳдид манбайигача
Режа билан танишишга улгурган «Франс пресс» агентлиги хабар қилишича, бу ҳужжатда Хитой «Японияда тинчлик ва барқарорликка энг катта стратегик таҳдид» ўлароқ баҳоланган.
Унда Пекин «Тайван масаласи»ни куч билан ҳал қилиш вариантини истисно қилмаслиги алоҳида қайд этилади.
Япония бош вазири Фумио Кисиданинг ҳукумати Россия Украинага бостириб кириш орқали Хитойни Тайванга бостириб киришга ундайдиган, яқин атрофдаги Япония оролларига таҳдид соладиган, илғор яримўтказгичлар етказиб беришни тўхтатиб қўядиган ва эҳтимол Яқин Шарқ нефти ташиладиган денгиз йўлларини тўсиб қўядиган прецедент яратганидан хавотирда.
Хитойнинг Япониядаги элчихонаси бу формулировка бўйича эътирозини билдириб, Токиони Пекиннинг ҳарбий фаоллиги тўғрисида ёлғон маълумотлар тарқатишда айблади.
Япония ҳукуматининг ташвишига яна бир сабаб - шимолий кореяликларнинг ракета синовларидир. Сўнгги уч ойда Пхенян 50 дан ортиқ ракета синовлари ўтказди, жумладан баллистик ракеталар учирилди, улар Япония ҳудуди устидан ҳам учиб ўтди - бунақаси сўнги беш йилликда кузатилмаганди.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ушбу ҳужжатда «жаҳон тартиби асосларини ларзага келтирган, куч ишлатишни тақиқловчи қонунларнинг қўпол равишда бузилиши» сифатида келтирилган.
2013 йил қабул қилинган олдинги стратегияда эса Россия ҳам худди Хитой каби Токионинг стратегик ҳамкори сифатида қайд этилганди.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
20:50 / 23.12.2024
Японияда сунъий гравитацияга эга Ой мажмуаси прототипи қурилади
20:28 / 23.12.2024
Honda ва Nissan бирлашмоқда. Улар дунёдаги энг йирик учинчи автомобил ишлаб чиқарувчига айланади
15:00 / 23.12.2024