«UzAuto TRAILER» тиркамалар заводи Татаристон технопаркига 561 млрд сўмга сотилди
Қишлоқ хўжалиги техникаси ва бошқа махсус техника ишлаб чиқарувчи йирик корхона 561,1 миллиард сўмга Россиянинг «Технополис «Химград» акциядорлик жамиятига сотилган.
Ўзбекистоннинг UzAuto TRAILER компаниясидаги давлат улушининг 100 фоизи 561,1 млрд сўмга Россиянинг «Инновационный индустриальный парк – Технопарк в сфере высоких технологий «Технополис «Химград» акциядорлик жамиятига сотилди. Компания устав фондида бошқа улушлар йўқ.
UzAuto TRAILER корхонаси Самарқанд шаҳрида жойлашган бўлиб, лойиҳавий қуввати йилига 2 минг дона яримтиркама ва 1 минг дона осма техника, кенг қамровли автомобил техникаларини, шу жумладан самосвал кузови, яримтиркамалар, контейнер ташувчилар, тентли кузовлар, изотермик ярим тиркамалар ва фургонлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган.
Корхона ходимлари сони 420 кишини ташкил қилади. Устав фонди 158,6 млрд сўм миқдорида белгиланган. 2021 йил бўйича корхона фойдаси 626,2 млрд сўмни, соф фойдаси 53 млрд сўмни ташкил қилган.
UzAuto TRAILER компаниясидаги давлат улушини хусусийлаштириш жараёни 2022 йил август ойида бошланди. Шундан сўнг, устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиб олиш нархи бўйича 6 нафар талабгорларнинг мажбуриятга эга бўлмаган таклифлари (NBO) келиб тушган. Сўнгра улардан 5 нафар талабгор мажбуриятга эга бўлган таклифларни қабул қилиш босқичига ўтказилган эди.
«Инновационный индустриальный парк – Технопарк в сфере высоких технологий «Технополис «Химград» АЖ Россиянинг Татаристон Республикаси, Қозон шаҳрида жойлашган. Компаниянинг асосий фаолият тури сифатида «кўчмас мулкни шартнома ёки мукофот асосида бошқариш» кўрсатилган. Устав капитали тахминан 25,5 млн доллар миқдорида. Компанияга Гиззатуллин Айрат Мансурович раҳбарлик қилади.
Мавзуга оид
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
10:47 / 11.11.2024
Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
13:30 / 10.11.2024
Трамп ютса урушни бир суткада тўхтатишни ваъда қилганди. У ютди — хўш?
15:10 / 09.11.2024