Америкалик экспертлар Россиянинг Донбассдаги ҳужумини кутмоқда. Бу нимага олиб келиши мумкин?
Россия армияси қайта гуруҳланиши ва Донецк области ғарбида янги юриш бошлаши мумкин, деб ҳисобламоқда Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) экспертлари. Ҳозирда бунинг эҳтимоли қанчалик юқори? Жанг майдонида нималар бўлмоқда? Украина нимани режалаштирмоқда?
Россияликларнинг Херсонда Днепр дарёсининг ўнг соҳилига ўтказилган ва бўшаган ҳарбий бўлинмалари Донбасснинг турли нуқталарига қайта жойлаштирилди ва сафарбар қилинган кучлар билан кучайтирилди. Катта эҳтимол билан, Россия қўшини ноябр ойида Вугледар ва Павловка ҳудудларида эришилган муваффақиятларни мустаҳкамлаш учун Донецк областининг ғарбий қисмида ҳужум бошлашга умид қилмоқда, дея ёзади ISW.
Унинг экспертлари маълумотига кўра, Россия қўшини Луҳанск областининг ичкари ҳудудларидан фронт чизиғига оғир техникаларни олиб келмоқда.
Совуқ кунлар келиши билан Россия армияси Украинанинг Луҳанск ва Донецк областларида бутун фронт чизиғи бўйлаб фаоллашгани сезилган. Россияликларнинг Бахмут ҳудудидаги ҳужумлари давом этмоқда - шаҳарга шарқ томондан тўғридан тўғри ҳужум қилинмоқда, шунингдек жанубдан айланиб ўтиш (Опитное ва Курдюмовка ҳудудларидан) орқали ва шимолдан (Соледар атрофидан) ҳужумлар амалга оширилмоқда.
Донецкнинг шимоли ва ғарбидаги Украина назоратида бўлган ҳудудлар - Авдеевка ва Маринка аҳоли яшаш манзиллари учун жанглар бошланган. Област марказидан жануби-ғарбдаги Новомихайловкага босим давом эттирилмоқда. Россия бўлинмалари Луҳанск областида ҳам - Сватово ва Креминна ҳудудларида қарши зарба беришга уринмоқда.
«Улар 30 кишидан иборат бўлган гуруҳлар билан келишда ва бизникиларни сиқиб чиқаришга уринишда давом этишмоқда. Қурбонлар кўплиги уларни ташвишлантирмайди. Бири йиқилса бошқасини қўйишади, келишади, келишади ва яна келишади, бизни барча томондан ўраб олишга интилишади. Зомбилар каби ёпирилишади, уларни ҳеч нарса тўхтата олмайди», дея ҳикоя қилади Бахмут атрофида жанг қилаётган украин ҳарбийларидан бири.
«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин ҳам Бахмут атрофида «қонли жанглар кетаётгани» ҳақида айтган: «Рақиб шундан даражада қаршилик кўрсатмоқдаки, бунақаси сўнгги юз йилликда ҳали кузатилмаган».
Pravda.Ru портали мухбирининг Бахмут атрофидаги Опитное посёлкаси эгаллангани ҳақида тарқалган хабарлар (Россия нашрлари бу ҳақда бир неча бор хабар тарқатган) қанчалик ҳақиқатга яқинлиги ҳақидаги саволига жавобан Пригожин шундай жавоб қайтарган: «Сакрамай сакрадим дейишга шошилма. «Вагнер» штурмчи отрядларида шундай қоида бор - бирор аҳоли яшаш манзили эгалланганида, бу ҳақда икки кун ҳеч кимга айтилмайди. Рақибнинг барча қарши ҳужумларига бардош беринг ва шундай кейин хабар қилиб, Россия байроғини кўтаринг».
Россия бўлинмаларининг Донецк областидаги юришлари ва Луҳанскдаги қарши ҳужумлари тахминан бир ой олдин бошланганди. Айрим йўналишларда Украина ҳудуди ичкарисига кириб борилган, аммо буни фақат кенг кўламли хариталарда кўриш мумкин.
ISW экспертлари янги ҳужум амалиётлари учун салоҳиятга эга бўлса-да, Россия қўшинларининг жанговар самарадорлиги пастлигича қолаётгани ва улар яқин ойларда стратегик аҳамиятга эга бўлган ҳудудни эгаллай олиши даргумонлигини айтмоқда.
«Путиннинг генералларини ҳудудлар ташлаб кетилишини ўз армиясини сақлаб қолиш зарурати билан изоҳлагани учун сўкишди. Энди улар анча қийин суҳбатга киришди», - деган Буюк Британия мудофаа штаби бошлиғи, адмирал Энтони Радакин Қиролликнинг бирлашган мудофаа тадқиқот институтида (RUSI) қилган чиқишида.
«Путиннинг генераллари ва вазирлари унга нима дейишдан қўрқишлари мумкинлигини айтсам: Россия артиллерия ўқ-дориларининг кескин танқислигига дуч келмоқда. Бу Россиянинг қуруқликда муваффақиятли ҳужум амалиётлари амалга ошириш қобилияти тезлик билан пасайиб бораётганини англатади», - деган Радакин.
«Бундай ҳеч қандай жумбоқ йўқ. Путин 30 кунлик урушни режалаштирганди, аммо россияликларнинг қуроллари қарийб 300 кундан буён отмоқда. Омборлар бўшаб қолган. Руҳан, концептуал ва жисмоний жиҳатдан Путиннинг кучи тугаб бормоқда», деб ҳисоблайди у.
Муваффақият келтирмаслиги аниқ бўлган ҳужумларнинг нима кераги бор?
Россия армиясининг ҳозирги ҳужум ҳаракатларини, кузда бўлгани каби, барча қадамлари мажбурий бўладиган вазиятга тушиб қолмаслик учун стратегик ташаббусни қўлдан бой бермаслик истаги билан изоҳлаш мумкин.
Бундан ташқари, Россияда фронтдаги оғир муваффақиятсизликлардан кейин вақтдан ютиши ва кучларини жамлаши зарур.
Рингда ҳалокатли апперкотдан кейин оёқда туриб қолган боксчи ҳам ўзини шундай тутади. У «зарбага туриб бериш» қобилиятини намойиш этади - ҳужумга ташланади, рақибга у билан ҳеч қандай қўрқинчли нарса бўлмаганини, куч ва энергияга тўла экани, жуда ғазабга мингани ва ҳеч нарсадан қўрқмаслигини кўрсатишга уринади.
«Улар [россияликлар] биз қайта гуруҳланишимиз ва зарба беришимизга тўсқинлик қилиш учун имкон доирасидаги барча ишни қилишмоқда. Улар бизнинг қўшинларимизни жанглар билан банд этиб, қайта гуруҳланишга йўл қўйишмайди. Албатта, улар қаттиқ кураш олиб бораётгани ёмон факт. Аммо бу стратегик муаммо ечими эмас. Бу шунчаки Украина қуролли кучларини ҳолдан тойдиришга уриниш», деган Украина қуролли кучлари бош қўмондони, генерал Валерий Залужний Economist журналига берган интервюсида.
Залужний Донбассдаги вазиятни Россия армияси учун стратегик жиҳатдан енгиб бўлмас вазият деб ҳисоблаган, аммо у россияликлар Украина ҳудудларини, жумладан Киевни эгаллаш режасидан воз кечмагани ва янги ресурсларни тайёрлаётганига шубҳа қилмайди.
«Улар 100 фоиз тайёрланишмоқда. Ўқ-дориларни тайёрлашмоқда. Энг яхши сифатда эмас, лекин барибир бор. Бу икки йил сулҳ бўлган тақдирда улар тўплаши мумкин бўлган ресурслар бўлмаслиги аниқ. Ҳечам унақа бўлмайди. Улар яроқсиз бўлади ва уларнинг жанговар салоҳияти жуда, жуда паст бўлади. - Агар ҳатто у [Путин] Жуков каби йўлига жасадларни тўшаш учун яна миллион одам йиғса ҳам, бу барибир исталган натижани келтирмайди», деган Залужний.
«Шунинг учун бизнинг кейинги муаммомиз - бу биринчи навбатда ўз линиямизни ушлаб туриш ва бошқа ҳудудларни йўқотмаслик. Бу энг муҳими. Чунки ҳудудларни озод қилиш уни тутиб туришдан 10-15 баробар қийинроқ», - деган генерал.
Донбассга юриш: Россия армияси учун плюс ва минуслар
Плюслар
Украинанинг шимолий ва жанубий областларидан фарқли ўлароқ (бу ҳудудларда Россия армияси қақшатқич мағлубиятга учради), Донбассдаги вазият россияликлар учун логистика нуқтайи назаридан нисбатан қулай.
Ҳудудни эгаллаш ва уни назорат остига олиш - бир хил иш эмас. Жануб ва шимолдаги оккупация қўшинлари атрофни душман кучлари ўраб турган ҳолатда буни дарҳол ҳис қилишган ва алоқа линиялари нақадар узоқ чўзилса, шу қадар заиф бўлишини англаганди.
Херсон гуруҳининг таъминотини тўлақонли олиб боришнинг имкони йўқлиги аввалига Россия бош штабини Миколайив ва Кривий Риҳга юриш қилиш режасидан воз кечишга, кейин эса Днепрнинг чап соҳилига қайтишга мажбур қилди. Худди шу каби вазият баҳорда Киев ва Черниҳив областларида кузатилганди, Харкив областида эса вазият буткул ҳарбий ҳалокатга айланишига бир бахя қолди.
Донбассда эса Россиянинг 24 феврал кунги босқинига қадар ҳам Москвага содиқ «халқ республика»лари ҳудуди орқали йўлга қўйилган таъминот линиялари ва фронт чизиғида яхши мустаҳкамланган истеҳкомлар мавжуд эди.
Афтидан, Россия армияси камида Донбассдаги олдинги чизиқларга ўқ-дори етказиб бериш масаласини ҳал қилган. Ёз охирларида Украина армияси ихтиёрига америкаликларнинг HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари етиб келиши туфайли ёмонлашганди, украинлар бундай қуроллар билан россияликларнинг фронт чизиғига яқин жойлашган артиллерия қуроллари учун ўқ-дори омборларини бомбардимон қилишган ва Россия қўмондонлигини бундай омборларни анча ичкарироққа кўчиришга мажбур қилганди.
Ҳозирда гувоҳлар хабар қилишича, фронтнинг айрим участкаларида Россия артиллерияси яна худди ёздаги каби анчагина интенсив ўт оча бошлаган.
Донбассдаги юришнинг яна бир плюс томони - қандайдир бўлса-да мотивация борлигидадир. Ҳар бир аскар қачон ёки қандай мақсадга эришилиши билан ҳарбий ҳаракатлар якунланишини билишни истайди. Россия олий раҳбарияти «махсус ҳарбий амалиёт» вазифаларини аниқ белгилаб бера олмайдиган ёки буни истамайдиган шароитда, ҳар бир қўмондон бу вазифаларни ўз билганича талқин этиши ва қўл остидагиларни натижаларга эришишга ундаши мумкин.
Масалан - Бахмутни олинг, тамом. Ёки Бахмутни олинг, уёғи Краматорскка қўл етгулик, кейин Донецк области чегараларига чиқамиз - ва тамом. Жангчилар бунга ишонишни истайди. Нима бўлганда ҳам, Путин «ДХР» ва «ЛХР» ҳудудларини «озод этиш»ҳақида нимадир деганди.
Минуслар
Катта миқдорда пиёда аскарлар иштирок этувчи ҳарбий амалиётларда, ҳужум қилувчи томон ҳимояланаётган томондан кўра ёмонроқ шароитда бўлади. Душман позицияларини штурм қилиш чоғида бемисл йўқотишларга дучор бўлинади.
Агар ҳужум қилаётган томон оператив муваффақиятга эришиб, уни ривожлантира олса, масалан, рақибни қуршовга олиб, уни ёрдамдан кесиб қўйса, ваҳимага тушиб чекинишга ёки таслим бўлишга мажбур қилса, томонларнинг йўқотишлари тенглашади. Агар бундай муваффақият ёки унинг ривожи кузатилмаса, мудофааланаётган ва ҳужум қилаётган кучлар ўртасида ўлдирилган ва ярадор бўлган ёки асир тушганлар сони нисбати ҳеч қачон иккинчисининг фойдасига бўлмайди. Бу нисбат 1:5, 1:10 ва ундан каттароқ бўлиши мумкин - пропагандачилар бунинг аксига ишонтиришга ҳар қанча уринмасин.
Қишки шароитда бу масала янада кескинлашади - жароҳатланиш ёки жанг майдонида ҳаракатсизлик ҳолатида омон қолиш учун имконият кескин тушиб кетади. Бу биринчи навбатда ҳужум қилаётганларга тааллуқли.
Қўққисдан ҳужум қилиш омили йўқлиги - ҳар қандай ҳарбий амалиётда шубҳасиз минусга ишлайди. Рақиб ҳужумни тўлиқ қуролланган ҳолда қарши олишга тайёр туради.
Донбассдаги ҳарбий ҳаракатларнинг кучайишига бунга қадар Херсон атрофида турган Россия бўлинмалари бўшаб, бошқа йўналишларга, жумладан Донецк-Луҳанск йўналишларига ташлангани ҳам сабабдир.
Аммо россияликлар Херсондан чекингач, Украина қуролли кучларида ҳам анчагина қўшин бўшади. Улар айни вақтда қайси нуқталарга жойлаштирилгани тўғрисида очиқ манбаларда маълумот йўқ. Бу эса улар исталган жойда пайдо бўлиши мумкин деганидир.
Яна бир омил бор (Ғарбдагилар ҳам, россиялик экспертлар ҳам шунга эътибор қаратмоқда) - Россия жамоатчилиги ҳарбий йўқотишларни етарлича ҳис қилмаяпти. Россия қўмондонлиги учун бу, эҳтимол, яхши белги - улар биринчи навбатда шахсий таркиб ўлими учун эмас, балки натижа йўқлиги учун сўроққа тутилади. Украина замбараклари ва пулемётларига ем бўлиш учун йўлланаётганлар учун эса бунинг акси - яхши белги эмас.
«Россияликларнинг сафарбарлиги иш берди. Уларнинг муаммолари жуда ёмонлиги ва бу одамлар жанг қилмаслиги ҳақидаги гаплар тўғри эмас. Улар урушади. Шоҳ уларга жанг қилишни буюрди ва улар жангга киради», - деган Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хохлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024