Ўзбекистон | 09:30 / 20.12.2022
22137
2 дақиқада ўқилади

Ўтин ва кўмир нархлари қанақа?

Электр ва газ муаммолари сабаб кўплаб одамлар ўтин ва кўмир билан уй иситади. Kun.uz мухбири Андижон вилояти Асака туманидаги бу икки ёқилғи сотилаётган нуқталарда бўлиб, нархлар билан қизиқди.

Ўтин бозорида битта Labo машинасига ортилган ўтинлар турига қараб 330 мингдан 650 минггача сотиляпти. Автомобилларга суюлтирилган газ танқислиги шароитида нархлар бироз ошган. Асосан терак ва ўрик ўтинлари харидоргир.

Терак ўтини арзон бўлиши билан бирга, тез ёнувчан ҳисобланади ва аҳоли ундан асосан кўмирни ёқиб олиш учун фойдаланади. Ўрик эса аксинча узоқ ёниши ва чўғни яхши сақлагани сабабли қиммат туради.

Ўтинлар асосан Фарғона вилояти туманларидан олиб келинади; печкага тайёр ҳолатга келтирилиб, сотиш учун олиб чиқилади.

Кўмирнинг эса асосан 3 та тури сотиляпти. Булар – Ангрен, Қирғизистон ва Қозоғистон кўмирларидир. Улар ҳам сифатига қараб 1500 сўмдан 2200 сўмгача сотилмоқда.

Битта уйдаги 2-3 та хонани иситиш учун кунига ўртача 30-40 минг сўмлик кўмир сарфланади.

“Бир ойига 500 кило кўмир ишлатамиз. Асосан Ангрен кўмиридан оламиз. Яхши ёнади, арзон”, – дейди харидорлардан бири.

Лекин сотувчиларнинг айтишича, маҳаллий кўмирнинг сифати у қадар талабга жавоб бермайди. Сифатли кўмирнинг эса нархи қиммат. Ангрен кўмирларида лой ва тош кўмирлар чиқади. Энг сифатли кўмир қирғиз кўмири бўлиб, у ҳидсиз ва узоқ вақт чўғ бўлиб туради.

“Олдингидақа одамлар кўп кўмир олишмаяпти. Сабаб қимматлигида. Аввал 500 килодан оладиган одам ҳозир икки қоп оляпти. 1 тонна тортинг деганлар йўқ. Одамларнинг шароитини кўряпсиз... Бир қоп олишади. 4-5 килодан оладиганлар ҳам бор. Кўп қаватли уйларда ҳам газ йўқлиги учун кўмир ёқишга мажбур бўлишяпти”, – дейди сотувчи Омадбек Абдувалиев.

Қишнинг биринчи ойи тугамасдан, кўплаб уйларда ўтин ва кўмир захираларининг таги кўриниб қолди. Ўз-ўзидан тушунарлики, ўтин ва кўмирга бўлган талаб то кунлар исимагунича пасаймайди.

Абдували Қурбонов,
Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Жаҳонгир Турғунов.

Мавзуга оид