Жаҳон | 16:44 / 20.12.2022
21830
3 дақиқада ўқилади

Видео: Зеленский Бахмутга келди

Бу ҳозирда фронтнинг энг хавфли участкаси бўлиб турибди.

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский 20 декабр куни Донбассдаги фронт чизиғида жойлашган Бахмут шаҳрига келди.

Зеленскийнинг олдинги чизиққа сафари ҳақида биринчи бўлиб FreeДом канали мухбирлари хабар беришди. Кейин бу маълумотни президентнинг расмий вакили ҳам тасдиқлади.

Украина президенти матбуот котиби Сергей Никифоров «Украинская правда» нашрига берган изоҳида Зеленский Бахмутдаги жангчиларни нишон ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирлагани ва айни вақтда шаҳарни тарк этгани ҳақида маълум қилган.

Украина мудофаа вазирлиги эса идора раҳбари ўринбосари Анна Малярнинг ҳам Бахмутга ташрифи ҳақида хабар бериб, унинг украин аскарлари билан тушган суратларини намойиш этган.

Бахмут шаҳри (2016 йилга қадар — Артемовск деб аталган) — Донбассдаги муҳим транспорт тугуни ҳисобланади. У орқали Лисичанск ва Северодонецкка, шунингдек, Северск, Словянск, Краматорск, Константиновка, Ҳорливка ва Луҳанскка йўллар ўтади. Айни вақтда РФ армиясининг Краматорск, Словянск, Северск ва Торецк томон юриши йўлида жойлашиб, украинларнинг мустаҳкамланган истеҳкоми вазифасини ўтайди. 

Шаҳар 2022 йил май ойида, украин қўшини Попаснаядан чекиниб, россияликлар эса Словянск ва Краматорск томон юриш бошлаганида фронт чизиғидаги шаҳарга айланганди. Май ойининг иккинчи ярмидан россиялик ҳарбийлар Бахмутга кучли ракета зарбалари беришга киришган, август ойи бошларида россияликлар шаҳар чеккасидаги ҳудудлардан бирига киришган.

Ёз охирларида асосан вагнерчилардан ташкил топган Россия ҳарбийлари яна бир неча километрга илгарилашга муваффақ бўлди. Бир неча ойдан буён шаҳар атрофида шиддатли жанглар кетмоқда.

Урушга қадар бу ерда яшаган 70 минг кишининг аксар қисми қочиб кетди, айни вақтда бу ерда асосан қариялар қолган. Шаҳарда электр ва сув таъминоти йўқ, кўплаб бинолар вайронага айланган.

Мавзуга оид