Жаҳон | 18:08 / 20.12.2022
54905
14 дақиқада ўқилади

Халқлар отаси ёки қотили? Совет иттифоқининг алвон байроғини қон билан бўяган Сталин

Сталин номини эшитмаган, билмаган ўзбеклар жуда кам. Кимлардир учун «халқлар отаси», кимлардир учун эса «халқлар қотили» сифатида кўрилувчи бу кимса нафақат СССР, балки бутун дунё тарихида ҳам энг шафқатсиз етакчилардан бири ҳисобланади.

Фото: Wikipedia

«Буюк доҳий»нинг доҳиёна қарорлари сабаб юз минглаб инсонлар ватанидан айрилган ва она юртидан узоқда вафот этган, яна юз минглаб инсонлар турли туҳмат ва бўҳтонлар билан ўлимга ҳукм қилинган. Бутун бир халқлар йўқликка маҳкум этилган. Kun.uz инсоният тарихидаги энг шафқатсиз давлат раҳбарларидан бири ҳақида ҳикоя қилади, зеро авлодлар уларнинг аждодлари қандай кунларни бошдан ўтказганини билиши ва хулоса чиқариши лозим.

Алам билан ўсган грузин

Иосиф Жугашвили Виссарионович ёки Сталин 1878 йил 18 декабр куни Грузиянинг Гори шаҳрида таваллуд топади. Сталиннинг отаси, келиб чиқиши осетин деб айтилувчи Виссарион Жугашвили пойабзал тикувчи уста эди. Оила анча камбағал бўлиб, жуда кўп ичувчи ота маст ҳолда келиб, ўғлини аямай дўппосларди. Айнан шу калтаклар ёш Сталин руҳида шафқатсизлик ва дийдаси қаттиқликка сабаб бўлади.

Ночор оила ўғилни бепул черков мактабига жойлаштиради. Диний мактабни тугатган Жугашвили пойтахт Тбилисидаги диний семинарияга ўқишга киради. Бу ерда у илк бор жаҳон социалистик ғоялари асосчиси — Карл Маркс китоблари билан танишади. Ёш грузин Кавказдаги социал-демократлар ҳаракати бўлмиш «Масеме-даси»га қўшилади. Социализм тарғиботчисига айланган Жугашвили темирйўлчиларнинг инқилобий гуруҳига раҳбарлик қила бошлайди.

Инқилобий ҳаракатлари сабаб Сталин 1899 йил диний семинариядан ҳайдалади. Шундан сўнг Тбилиси расадхонасига ишга киради ва ўлкадаги сиёсий жараёнлар ҳамда намойишларда фаол қатнаша бошлайди.

1903 йили Россия социал-демократлари икки гуруҳга: меншевик ва болшевикларга бўлиниб кетгач, Жугашвили анча жангарироқ иккинчи гуруҳни танлайди. «Правда» ва «Звезда» газеталарини ташкил этишда қатнашади ва «Правда» газетасида муҳаррирлик қилади. Газетада «Марксизм ва миллий масалалар» мақоласи чоп этилгач, Сталин миллий масалалар бўйича мутахассис сифатида обрў қозонади. Болшевиклар раҳбари Ленин кўрсатмаси билан Кавказдаги намойиш ва митингларда қатнашишни тўхтатмаган Сталин етти марта қамоқ ва бир неча марта сургун билан жазоланади.

Ёш Сталин. 1904-йил.
Фото: Live Journal

«Сталин» номи қандай пайдо бўлганди? Ҳақиқатда темир ирода учунми?

Партияга қўшилган Жугашвилига жарангдор ва русчада қулай айтилувчи исм керак эди. Дастлаб у ўзига «Коба» номини танлайди. Бу Грузиядаги машҳур асар қаҳрамони номи эди. Иккинчи тахминларга кўра, бу исм Грузияни эгаллаб олган ва Тбилисини пойтахтга айлантирган форс шоҳи Кубод II номи билан боғлиқ бўлиб, Сталин ушбу сосонийлар шоҳига жуда қизиққан.

Аммо кейинроқ болшевиклар сафига қўшилгач ва сиёсий доираси анча кенгайгач, Жугашвилига янги исм лозим бўлади. 1912 йил у Швейцариядаги партия доҳийси Ленинга ҳамоҳанг Сталин номини олади. Лекин бу борада ҳам турли қарашлар мавжуд: партия пропагандаси бу исм грузинча пўлат сўзини билдирувчи «Жуга» фамилияси сабаб олинганини таъкидлаб келган. Бироқ СССР тарқалиб кетгач аниқ бўлдики, «Жуга» ҳеч қандай пўлат маъносини бермайди. Баъзилар бу Жугашвилининг севгилиси Людмила Стал номи билан боғланишини айтса, баъзи тахминлар Сталин таржималарини йўқ қилишни буюрган ношир Евгений Стефан Сталинскийга қаратилади.

Людмила Стал.
Фото: Live Journal

Аммо шу нарса аниқки, Сталин номи ҳеч қанақа темир ирода ёки ўғлини немис генералига алмаштирмаган пўлатдек қаттиқ ватанпарвар инсонга боғлиқ эмас. Бу ном шунчаки доҳийга ёки маҳбубага қўйилган «пахта» эди.

Ҳокимият томон йўл

1917 йил феврал инқилоби юз берган пайтда Сталин сургунда эди. Инқилобдан сўнг озодликка чиққан Коба Петроградга келади. Ҳокимиятни эгаллаган либерал ўрта синф вакилларини бирмунча вақт қўллаб-қувватлаган Сталин кейинроқ Ленин таъсири остида ҳокимиятни куч билан тортиб олишга хайрихоҳ бўлади. 1917 йил октябр инқилобини амалга оширишда Сталин ҳам катта рол ўйнайди. Инқилобдан сўнг олий ҳокимият Ленин, Сталин ва Лев Троцкий қўлига ўтади. Лениндек кучли нотиқликка, Троцкийдек билимга эга бўлмаган Жугашвили асосан ташкилотчилик ишлари билан шуғулланади.

Фуқаролар уруши давомида ҳарбий ҳаракатларда қатнашган Сталин бир вақтнинг ўзида миллатлар масалалари бўйича комиссар (вазир) сифатида ҳам ишлайди. 1922 йил Россия коммунистик партияси марказий пленумида Сиёсий бюро ва Марказий қўмита аъзоси бўлмиш Сталин Марказий қўмита бош котиблигига сайланади. Бу лавозим ўша пайтда фақатгина партия раҳбарлигини белгиларди. Халқ комиссарлари совети раиси Ленин амалда бутун ҳокимият эгаси, ҳукумат ва партия раҳбари ҳисобланарди. Кейинчалик Ленин вафот этганидан сўнг Сталин давлатни бошқара бошлагач, Марказий қўмита бош котиби СССР раҳбари лавозимига айланди. Марказий қўмита бош котиблиги Сталинга ўз иттифоқдошларини муҳим лавозимларга тайинлаш ва гуруҳини яратишга имкон беради.

Ленин вафотидан сўнг курашда ғолиб чиққан Сталин СССРнинг янги раҳбарига айланади. Сталин ҳокимият йўлидаги асосий рақиби Троцкийни Николай Бухарин ва Александр Риков билан биргаликда йўлдан олиб ташлайди. Троцкий мамлакатдан қувғун қилинади ва 1940 йил Мексикада Сталин буйруғи билан ўлдирилади. Кейинроқ Бухариннинг бошига Троцкийникидан ҳам оғирроқ қисмат тушади: 1938 йили отиб ташланади.

Совет инқилоби етакчилари. (Чапдан ўнгга) Сталин, Ленин ва Троцкий.
Фото: Live Journal

«Халқлар қотили»

Колхоз ва саноатлаштириш

Ленин вафот этгач ҳокимиятга келган Сталин 1928 йил собиқ раҳбарининг қарашларига хиёнат қилади ва Ленин бошлаган Янги иқтисодий режа (НЭП)ни бекор қилади. Бунинг ўрнига Коба СССРда колхоз ва саноатлаштириш инқилобини бошлайди. Йигирма беш миллионга яқин деҳқон хўжаликлари совхоз ва колхозларга бирлаштирилади. Хусусий мулк тушунчасига ўрин қолдирилмайди, барча ерлар эгаларидан тортиб олинади. Бадавлат ва ўртаҳол мулкдорлар «қулоқ» деб номланади. «Қулоқлар»нинг кўпчилиги ўлдирилади, сургун қилинади ёки Сталин даври рамзига айланган концентрацион лагерларга (ГУЛАГ) ташланади. У ерда улар саноатлаштиришнинг текин ишчи кучига айланади.

Колхозлаштириш Украинада даҳшатли очарчиликка сабаб бўлади. Ўз ерини беришга қарши бўлган украин деҳқонлари ОГПУ (Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси) ходимлари томонидан ўлдирилади ёки сургун қилинади. Украина тарихида бу давр «Голодамор» (голод-очлик, мор-қирғин) деб номланади.

Сталиннинг колхоз ва саноатлаштириш сиёсати туфайли ўн миллионга яқин инсон ҳалок бўлади. Яна юз минглаб инсонлар мамлакатдан чиқиб кетади. Совет иттифоқининг то бўлиниб кетгунига қадар ғалла импортига қарам бўлиб қолишига ҳам айнан колхозлаштириш йилларида ғалла етиштирувчи ўртаҳол деҳқонлар синфи йўқотилиши сабаб бўлганди.

«Буюк тозалаш»

Қўлидан буйруқ бериш ва ўлдиришдан бошқаси келмайдиган диктатор учун ундан ақллироқ барча хавфлидек кўринар эди. «Буюк доҳий» ўрта синфни бир ёқлик қилгач, энди ўзини ҳокимиятга олиб келган коммунистик партия аъзоларига қарши террор кампаниясини бошлайди.

Сталин(марказда) ва бошқа совет расмийлари Тожикистонда. 1935-йил.
Фото: Asia-Plus

Кампанияга баҳона СССРнинг кўзга кўринган арбобларидан бири Сергей Кировнинг 1934 йилнинг 1 декабрида Ленинградда ўлдирилиши бўлади. Партия ва ҳукуматда «тозалаш» ишлари бошланади. Сталин вафот этганидан сўнг унинг шахсига сиғинишни қоралаган маърузасида Никита Хрушчёв Киров ўлимини янги террорни бошлаш учун Сталиннинг ўзи уюштирганига ишора қилади. «Доҳий»нинг мақсади мутлақ ҳокимиятга эришиш эди.

Ленин ўлимидан сўнг партиянинг йирик етакчиларидан бўлган Григорий Зиновев ва Лев Каменов 1936 йил суд қилинади ҳамда отиб ташланади. Кейинги икки йилда яна кўплаб партия ва совет элитаси вакиллари йўқ қилинади. Сталин ўша даврдаги энг нуфузли генерал Тухачевский устидан ҳам суд уюштиради ва уни отувга ҳукм қилади. Яна бир неча обрўли генераллар ва ҳатто «доҳий» таянчи бўлган НКВД (Ички ишлар халқ комиссарлиги) аъзолари ҳам Сталин қирғини қурбонига айланади. Бу қирғинлар учун янги атама — «халқ душмани» ўйлаб топилади.

«Буюк тозалаш»нинг иккинчи қисми иттифоқ таркибидаги халқлар зиёлиларига қаратилади. Санъат, адабиёт, сиёсат ва юридик соҳалардаги кўплаб зиёлилар турли бўҳтон ва туҳматлар билан концентрацион лагерларга юборилади ёки отиб ташланади. Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Усмон Носир, Чўлпон ва бошқа жадид намояндалари ҳам Сталиннинг қатағон сиёсати қурбонига айланади.

«Буюк тозалаш» Сталинни ҳақиқий доҳийга айлантирди. Мамлакатда унинг қудрати ва заковатига заррача шубҳа билан қарашга ҳеч ким ботина олмасди. «Халқлар қотили» пропаганда орқали «халқлар отаси»га айланди.

Иккинчи жаҳон уруши

Иккинчи жаҳон уруши ҳам Сталиннинг оммавий қатлларидан бири эди. Кўпчилик ғалабага айнан Сталин сабаб бўлганини таъкидлайди. Тўғри, «халқлар қотили» доимгидек ўзининг шафқатсизлиги билан ғалабага эришди, аммо қандай қурбонлар эвазига?

(Чапдан ўнгга) Уинстон Черчил, Франклин Делано Рузвелт ва Сталин Постдам конференцияда
Фото: Wikipedia

Жаҳон уруши давомида мағлуб Германия умумий ҳисобда 22 миллион аҳолисидан айрилади, ғолиб СССР томонида эса 27 миллиондан ортиқ инсон ҳалок бўлади. Ғолиб ва мағлуб томондаги бундай рақамларга Сталин учун одам қадрининг умуман йўқлиги ва совет генералларига аскарлар ҳаётининг қизиқ эмаслиги сабаб эди.

Иккинчи жаҳон урушида Сталин ҳам айбдорлардан эди. Айнан Сталин Ҳитлер билан ҳамкорлик қилади ва биргаликда поляк халқини қонга ботиради. Германия Ғарбий Европада Буюк Британия ва Франция билан банд бўлиб турганида Финландияга ҳужум қилади, Литва, Латвия ва Эстонияни босиб олади.

Сталин совет разведкасининг Германия СССРга ҳужум қилиши ҳақидаги аниқ маълумотларига ишонмайди ва шиддатли немис ҳужумидан ҳайратда қолади. Оқибатда миллионлаб инсонлар ҳалок бўлади. СССР ғарбидаги самолётлар ҳавога кўтарилиб улгурмасданоқ Германия томонидан йўқ қилинади.

Уруш бошида Ҳитлерга ўхшаб барча ҳарбий ҳаракатларга аралашган Сталин, кейинроқ бу ишни тажрибали генералларга топширади. Доҳий яна ўз касбига қайтади: 1943 йил Сибирда яшовчи қалмоқ халқи Марказий Осиёга депортация қилинади. 1944 йил эса Сталиннинг буйруғи билан немислар билан ҳамкорлик қилганликда айбланиб, Қримдаги татар халқи ҳам депортацияга учрайди. НКВД зобитлари кўчириш вақтида минглаб инсонларни мажбурий равишда уйидан ҳайдаб чиқаради, бўйсунмаганлар эса отиб ташланади. Ҳар икки депортация кейинчалик геноцид дея тан олинган.

Мао Сзедун ва Сталин.
Фото: Regnum

Янги «тозалаш». Шифокорлар фитнаси

Иккинчи жаҳон урушидан кейин СССР ва АҚШ дунёнинг энг қудратли давлатига айланади. АҚШ ва Ғарбий Европа СССРга қарши иттифоқ тузганида советлар иттифоқи ҳам Шарқий Европадаги деярли ўзига қарам давлатлар билан янги иттифоққа бирлашади. Сталин бутун дунё социализмини назорат қилишга интилади.

Лекин Югославия етакчиси Броз Тито Сталинга хиёнат қилгач, бундай ҳаракатлар қайта такрорланмаслиги учун «доҳий» янги террор тўлқинини бошлайди. Яна кўплаб коммунистик партия етакчилари, зиёлилар отувга ҳукм қилинади ёки концентрацион лагерларга юборилади. Концентрацион лагер ва қамоқхоналар маъмурияти бўлмиш ГУЛАГ Сталин бошқарувининг рамзига айланади.

1953 йил январда анча ёши ўтиб қолган, ҳаммага шубҳа билан қарай бошлаган Сталин янги қатағон нишони — «шифокорлар иши»ни ўйлаб топади. Бу иш СССРдаги яҳудийларга ҳам қарши қаратилган бўлиб, бир гуруҳ шифокорлар ҳибсга олингандан сўнг бутун мамлакатда шифокорларни қамоққа олиш кампанияси бошланиб кетади (Сталин ўлгач уларнинг барчаси қўйиб юборилган).

Фото: “Буюк доҳий” билан видолашув.
Фото: Wikipedia

Ўлим ва мерос

Бироқ янги террорни буюк «доҳий»нинг ўлими тўхтатиб қўяди. «Халқлар қотили» 1953 йил 5 мартда ўз хонасида ўлик ҳолда топилади. Шу тариқа, СССРнинг қизил байроғини қон билан бўяган диктатор ҳаёти якун топади.

Сталиндан кейин СССР бошқарувига келган Николай Хрушчёв 1956 йил Коммунистик партия йиғилишида «Сталин шахсига сиғиниш ва унинг оқибатлари» ҳақида маъруза қилади. Унда фақатгина 1937-1938 йилларда бир ярим миллион одам қатағон қилингани ва уларнинг 680 минги отиб ташлангани айтилади.

Бутун СССР бўйлаб Сталин ҳайкаллари йўқотила бошланади. Сталинград шаҳри номи Волгоградга ўзгартирилади. Ленин ёнига мумиёланган ҳолда қўйилган Сталин жасади у ердан олиб Кремл яқинидаги қабристонга дафн қилинади. Сиёсий бюро Ленин васиятларига амал қилмаган ва уларни бузган шахсга унинг ёнида жой йўқ дея ҳисоблаганди.

Иосиф Жугашвили Виссарионович ёхуд Сталин инсоният тарихидаги энг шафқатсиз ва золим диктаторлардан бири эди. Сталин йигирма миллион инсоннинг ўлими учун жавобгар ҳисобланади. Унинг аҳмоқона ва шафқатсиз қарорлари сабаб яна миллионлаб инсонлар уйсиз ва ватанидан узоқда яшашга маҳкум бўлди.

Муҳаммадқодир Собиров

Мавзуга оид