Жаҳон | 10:05 / 21.12.2022
28096
5 дақиқада ўқилади

Навалний тарафдорлари Шойгунинг ўринбосари ҳақида суриштирувни эълон қилди

Суриштирувчилар мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов ва унинг собиқ рафиқаси Светлана Маниович қандай яшаётгани ҳақида видео тақдим этишди.

Тимур Иванов / Фото: Виктория Одиссонова

Россиялик мухолифатчи Алексей Навалнийнинг тарафдорлари Мария Певчих ва Георгий Албуров Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов ва у 2022 йил 30 августдан буён расман ажрашган Светлана Маниовичга оид суриштирувни эълон қилди.

«Рублевка шоссесидаги Успенское қишлоғида улар 1600 квадрат метр майдонга эга уй қуришган. Бундай уй 600 миллион рубл туради», дейилади «Уруш ва байрам. Мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановнинг жозибали ҳаёти» номи остида 20 декабр куни эълон қилинган видеода.

Навалний тарафдорларининг эслатишича, Иванов Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга энг яқин ҳарбий амалдорлардан биридир.

«Владимир Путин Киевга юзлаб ракеталарни учираётган, бутун қишлоқ ва шаҳарларни ер юзидан қириб ташлаган бир пайтда, бизнинг қаҳрамонимиз, Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Ивановнинг рафиқаси Светлана Иванова (Маниович) Парижнинг қаеридадир сайр қилиб юрган эди. Унинг ҳаётида ракеталар бўлмади. Ўлимлар бўлмади. Лекин яхталар, вертолётлар, Сан-Тропе, "Роллс-Ройс"лар, олмослар, ўн миллионлаб рубллик зиёфатлар, жумладан, Европа мамлакатларидаги ўтиришлар бўлди», - деб ёзади нашр. Иванов рафиқасининг дабдабали ҳаётининг «урушгача бўлган» мисолларидан бири сифатида 2018 йилда у ўзининг туғилган кунини Истанбулда нишонлагани ва бу байрам 178 минг евро (12 миллион рубл)га тушгани маълум қилинган.

2012 йилда Тимур Иванов Москва марказидаги Волконская-фон шаҳар мулкини 600 миллион рублга сотиб олган, дейди суриштирувчилар. «Россия тергов изоляторига ўғирлаш айблови билан олиб кириб қўйиш ҳақидаги жараён бекор қилинмаган. Шунинг учун мулк "Дворянлик уяси" компаниясига рўйхатдан ўтказилган», - дейилади маълумотда.

Навалний тарафдорларига кўра, Твер вилоятининг Панкратово қишлоғида амалдорнинг дала ҳовлиси ҳам бор, унинг майдони 2900 квадрат метрни ташкил қилади. «Қурилиш буюртмачилари аниқ бўлишига қарамай, ўрнатилган анъанага кўра, амалдорлар оиласи ўзлари учун ҳеч нарса расмийлаштирмайди. Ер «Волжский Берег» МЧЖга тегишли», дейилади сюжетда.

Журналистларнинг сўзларига кўра, ҳисоб-китобларнинг бир қисми «Оборонспецстрой» компанияси томонидан тўланган. Бу Россия Мудофаа вазирлигининг жуда йирик пудратчиси «Олимпситистрой»нинг икки фаол ходимига тегишли, дея таъкидлайди нашр.

«Биз биргина сўнгги икки йил ичида «Олимпситистрой» Мудофаа вазирлиги тузилмаларидан махфий давлат шартномалари бўйича 65 миллиард рублдан ортиқ маблағ олганини аниқладик. Улар бу пулнинг бир қисмини субпудратчи сифатида «Оборонспецстрой»га ўтказиб беришади», - дейилади материалда. 

Унда айтилишича, «ҳозирда ушбу компаниялар гуруҳи Мариуполда турар жой биноларини қуришда миллиардлаб даромад олишда давом этмоқда». «Улар ўзлари бомбардимон қилдилар, вайрон қилдилар, энди эса пул ишлаб олишяпти», деб ёзади Навалний жамоаси.

Россия Федерациясининг 1-даражали давлат маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи Тимур Иванов Россия Мудофаа вазирлигида 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб, муҳим объектлар қурилишини мунтазам текширади. Шу тариқа, октябрь ойида у босиб олинган Мариуполдаги қурилиш майдончаларига ташриф буюрди.

Британиянинг BBC медиа-компанияси журналистлари 7 ноябрь куни Буюк Британияда жойлашган Ахборот барқарорлиги маркази ҳисоб-китобларига иқтибос келтирган ҳисоботни чоп этишди. Ундаги маълумотларга кўра, уруш бошланганидан бери Мариупол ҳудудида 4600 га яқин қабр пайдо бўлган.

Донецк вилоятининг жанубида жойлашган шаҳар уруш бошланганидан бери оммавий ўққа тутилган. Россия қўшинлари "Азовстал" заводини узоқ вақт қамал қилишди, у ерда шаҳар аҳолиси паноҳ топганди. Урушдан олдин Мариупол аҳолиси тахминан 446 минг киши эди. Украина расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, жангларда камида 25 минг киши ҳалок бўлган, 5 мингдан 7 минггача одам бинолар вайроналари остида ҳаётдан кўз юмган.

Тимур Иванов 2022 йил 6 октябрдан бери Россиянинг Украинага қарши ҳарбий агрессиясини қўллаб-қувватлагани учун Европа Иттифоқининг барча давлатлари санкциялари остида. Тимур Иванов ва унинг собиқ рафиқаси ҳозирча суриштирув чиқарилишига изоҳ беришмаган.

Мавзуга оид