Тошкент яна бир боғидан айрилиш арафасида. Бунга шаҳар ҳокимининг қарори сабаб бўлмоқда
Қарийб 1 500 туп дарахти бўлган сўлим маскан ўрнида шаҳар ҳокими қарори билан офис бинолари қурилиши кутиляпти. Одамлар маҳалланинг “ўпкаси”ни сақлаб қолиш учун ҳоким қарори бекор қилинишини сўрашмоқда.
Мирзо Улуғбек туманидаги Алпомиш маҳалласи ҳудудида жойлашган, маҳаллий аҳоли тилида “Тоҳир” номи билан аталадиган боғга “ҳужум” бошланди: боғ ўрнида офис бинолари қурилиши кутиляпти.
Қарийб 40 йиллик тарихга эга мазкур боғда 1 500 тупга яқин манзарали ва мевали дарахтлар бор. “Яшил макон” миллий ҳаракати доирасида ҳудуд аҳолиси томонидан юзлаб ниҳоллар ўтқазилган. 1,8 гектарни эгаллаган боғда болалар ва спорт майдончалари ҳам бор.
2019 йилда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарори билан боғнинг 40 сотих майдони “ABIS-AG” МЧЖга офис бинолари қуриш учун берилган. Аммо ҳоким қароридан на одамларнинг, на туман экология бўлимининг, на маҳалла раисининг хабари бўлган.
“Боғда аҳолининг ҳомийлик маблағлари эвазига шу йил суғориш тизими янгиланди, йўлаклар қурилди, ниҳоллар ўтқазилди. Бу боғ аҳоли учун дам оладиган гўзал маскан. Ҳеч ким ҳалигача бирорта ҳужжат кўтариб келмаганди: кеча аҳоли йиғилганидан кейин бу ер кимгадир берилгани бизга маълум бўлди”, – дейди Алпомиш маҳалласи раиси Барно Қўлжонова.
Мирзо Улуғбек тумани экология бўлими бошлиғи Камол Бектургановнинг таъкидлашича, боғ ҳудудида қурилиш қилиш учун экология бўлими томонидан ҳеч қандай хулоса берилмаган:
“Тошкент шаҳар ҳокимининг қароридан тахминан 15-20 кун аввал хабар топдик. Бу ҳудудда қурилиш қилиш учун экология бўлими томонидан ҳеч қандай экспертиза хулосаси тақдим этилмаган. Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, бу ерда 1000 тупдан ортиқ манзарали дарахт ҳамда 300 дан зиёд буталар бор. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида бу ерда 500 тупдан ортиқ кўчат экилди ва уларнинг барчаси махсус платформага киритилди. Маҳалла раисига қурувчи ташкилотга тақдим қилиши учун огоҳлантириш хатлари бердик”.
Одамларнинг айтишича, нуронийлар эрта тонгдан боғга келиб, сайр қилишади, тоза ҳаводан нафас олишади. Болалар ва спорт майдончалари ҳам доим гавжум. Шу сабабли, улар маҳалланинг “ўпкаси” бўлмиш бу боғ бузилишига қарши бўляпти, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг қарори бекор қилинишини, боғни сақлаб қолишни сўрашмоқда. Агар ҳоким қарори бекор қилинмаса, Тошкент минглаб дарахтлари бўлган боғидан айрилиши мумкин.
Олдинроқ Чилонзор тумани Кўтарма маҳалласида ҳам шу каби ҳолат кузатилганди: кўп қаватли уйлар орасидаги 15 сотих ер майдони Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан “дом” қуриш учун ажратилган ҳамда фуқаролар бундан норози бўлганди. Масалага Жаҳонгир Ортиқхўжаев аралашган ва низоли ҳудуд бўйича ўтказилган йиғилишда агар аҳоли норози бўлса, ҳеч қандай қурилиш бўлмаслигини билдирганди.
Офис бинолари қуриш учун боғдан ер ажратиш борасидаям маҳаллий аҳоли розилиги олинмаган. Жаҳонгир Ортиқхўжаев бу сафар ҳам аҳоли манфаатларини ўйлаб, ўз қарори билан бошланиши кутилаётган қурилишни тўхтатадими? Буни вақт кўрсатади.
Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси – Абдусалим Абдувоҳидов
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024