Жаҳон | 23:01 / 22.12.2022
7111
2 дақиқада ўқилади

Океандаги микропластик чўкиндилар 20 йил ичида уч баравар кўпайгани қайд этилди 

Океан тубида жойлашган микропластмассаларнинг умумий миқдори сўнгги 20 йил ичида уч баробар ошди. Бу ҳақда Барселона автоном университети хабар берди. 

Фото: Depositphotos

Денгиз туби сувга тушадиган барча пластмассалар учун охирги манзил ҳисобланади. Шунга қарамай, олимларга бундай чўкиндиларнинг тўпланиш тезлиги, айниқса, турли ўлчамдаги чиқиндиларники тўлиқ аниқ эмас. 

Испаниялик олимлар микропластик чўкиндиларни таҳлил қилиб, 11 микронгача бўлган заррачаларнинг тўпланиш тезлигини аниқлашга қарор қилишди. Бунинг учун улар Sarmiento de Gamboa тадқиқот кемаси ёрдамида Испаниянинг Эбро дарёси делтаси тубидан чўкинди намуналарини олишди. 

Маълум бўлишича, таҳлил қилинган чўкиндилар бир неча ўн йиллар олдин шаклланган ва шундан бери денгиз тубида ўзгаришсиз қолган. 

«Бу бизга 1980 йиллардан бери, айниқса сўнгги йигирма йил ичида полиэтилен ва полипропилен зарралари, шунингдек, полиэстер қандай тўпланганини аниқлаш имконини берди», деб тушунтирди Майкл Грелод, тадқиқот муаллифларидан бири. 

Ушбу уч турдаги заррачаларнинг улуши йиғилган лойнинг килограмми учун 1,5 мг миқдорида эди. Бунда полипропилен энг кенг тарқалган бўлиб чиқди. Пластмассанинг парчаланиши фақат пляжларда ёки сув юзасида содир бўлади, чуқурликда у деярли ўзгармайди, ҳатто ярим аср давомида ҳам. 

Бундан ташқари, микропластик заррачаларнинг тўпланиш тезлиги пластик маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ўсиш суръатларига тўғри келди. 2000 йилдан бери денгиз тубида тўпланган пластик зарралар миқдори уч баравар ошгани қайд этилган. 

 

Мавзуга оид