Жамият | 22:31 / 23.12.2022
13062
6 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Шўртан кони штабида нефть ва газ геология-қидирув ишларининг 2022 йил якунлари танқидий муҳокама қилинди ва 2023 йил учун режалар белгилаб олинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида геология соҳасини ривожлантириш ва унинг барча бўғинларида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган бир қатор, жумладан, геология ишларининг 10 йиллик дастурини ишлаб чиқиш, 6 минг метрдан ортиқ чуқурликларда газ уюмларини аниқлаш бўйича ишларни ташкил қилиш, конларни ишлатиш ва улар бўйича берилган лицензиялар ҳамда мажбуриятлар бажарилишининг қайта кўриб чиқилиши каби мақсадли вазифалар белгилаб берилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида Шўртан конидаги Штабда ушбу вазифаларни бажариш мақсадида 2022 йилда амалга оширилган нефть ва газ геология қидирув ишлари ва уларнинг натижалари, жумладан, 5 та янги кон очилгани, 35 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ ва 1,6 млн тонна суюқ углеводород захиралари кўпайтирилгани алоҳида қайд этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ, Давлат геология қўмитаси, “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ, “Ўзбекгеофизика” АЖ, “ИГИРНИГМ” давлат муассасаси ва “Шлюмберже” каби корхоналарнинг ҳамда жойлардаги бурғилаш, қазиб чиқариш бошқармаларининг раҳбар ва мутахассислари, геологлар, геофизиклар, муҳандислар иштирокида “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2023 йилдаги нефть ва газ геология қидирув ишларининг устувор вазифалари ҳамда эришилиши кутилаётган натижалари батафсил муҳокама қилинди.

Дастлаб “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2022 йилнинг якунида йиллик нефть ва газ геология-қидирув ишлари режасини бажариш, захираларни кўпайтириш ва янги майдонларни бурғилашга киритиш ҳамда уларнинг келгуси истиқболли йўналишлари, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимларига доир таклифлар батафсил таҳлил қилинди.

Шу билан бир қаторда, 2022 йилда нефть ва газ геология қидирув ишларини амалга ошириш жараёнида йўл қўйилган камчиликлар, хусусан бурғилашга киритиш учун етарли даражада янги майдонлар тайёрланмагани, бурғилаш ишларини бажаришдаги камчиликлар ва улар устидан етарлича геологик назорат олиб борилмагани, маҳсулдор қатламларни очиш жараёнида бурғилаш эритмалари билан боғлиқ йўл қўйилган нуқсонлар, сейсмик қидирув ишлари устидан доимий мониторинг ишлари суст бажарилгани ва қудуқларда ўрнатилган геологик технологик станциялар фаолиятидаги камчиликлар танқидий кўриб чиқилди.

Ушбу камчилик ва нуқсонларни тезкор бартараф этиш юзасидан барча тегишли раҳбар ва мутахассисларга аниқ муддатларини белгилаган ҳолда тегишли кўрсатмалар берилди.

Қўмита ва унинг таркибидаги ташкилотлар билан бирга республикада нефть ва газ геология-қидирув ишларини ривожлантиришнинг асосий йўналиши сифатида Қорақалпоғистон Республикаси ва республикамизнинг бошқа ҳудудлари ҳам белгилаб олингани, Устюрт минтақасида нефть ва газ геология-қидирув ишлари бўйича Келажак майдонида 6500 метрга излов қудуқларини бурғилаш тадбирларни лойиҳалаштириш, уларни мақсадли амалга ошириш, табиий газнинг янги конларини очиш, қўшимча захираларини аниқлаш энг устувор вазифа экани қайд этилди ҳамда келгуси йилларда биринчи навбатда қайси янги майдонларда чуқур бурғилаш ишларини бошлаш келишиб олинди.

“Ўзбекгеофизика” АЖ билан биргаликда Давлат геология қўмитаси томонидан тайёрланаётган истиқболли структуралар базаси камлиги эътиборга олиниб келгусида “Ўзбекгеофизика” АЖ ва Давлат геология қўмитаси томонларидан 3D сейсмик қидирув ишлари натижасида тайёрланадиган истиқболли структуралар сонини янада кенгайтириб, келгуси 2023-2032 йиллар мобайнида доимий тўлдирилиб борилиши таъкидлаб ўтилди ҳамда Давлат геология қўмитаси мутахассислари ҳам ўз вазифаларини белгилаб олишди.

Шунингдек Давлат геология қўмитасига “Ўзбекнефтгаз” АЖ учун келгусида Республикамизнинг нефт ва газга истиқболли ҳудудларидан керакли блокларни ажратиб бериш бўйича таклифлар айтиб ўтилди ҳамда ушбу барча кўрсатилган кўрсатмалар геология-қидирув ишларини келгуси 10 йиллик дастурида акс эттирилиши белгилаб олинди.

Бундан ташқари “Ўзбекнефтгаз” АЖ олдига қўйилган геология-қидирув ишлари вазифаларни бажариш учун келгуси 2023-2032 йилларга геология-қидирув дастурини ишлаб чиқишда “Ўзбекнефтгаз” АЖ, ”Ўзбекгеофизика” АЖ ва Давлат геология қўмитаси мутахассислари томонидан “Ишчи гуруҳ” тузилган ҳолда ишларни тезкор ташкиллаштиришга кўрсатма берилди.

Тадбир давомида Устюрт ҳудудининг қўшимча истиқболларини ўрганиш мақсадида “Шлюмберже” компанияси билан ўрнатилган ҳамкорликлар асосида жамият билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар ҳолати, олинган ва эришилаётган натижалар самарадорлиги ҳам ўрганиб чиқилди. Ушбу компания билан кейинги йилларда Муборак, Шўртан ва Газли ҳудудлари истиқболларини баҳолаш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш ва давом эттириш масалалари кўриб чиқилди. 

Шу билан бирга “ЎзЛИТИнефтгаз” АЖ раҳбарияти томонидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги барча нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармалари, департаментлардаги барча геология ходимларини “Шлюмберже” компаниясида 2023-2024 йилларда мутахассисларни малакавий ўқитиш, уларнинг савиясини ошириш бўйича ўқув курслари ташкиллаштирилишига келишиб олинди.

Бошқарув раиси шунингдек бурғилаш ишларида ҳамда углеводород қазиб чиқариш жараёнларида йўл қўйилган камчиликларни ҳам танқидий муҳокама қилиб, тегишли раҳбар ва мутахассисларга уларни бартараф этиш, бугунги кундаги дунёдаги геосиёсий ҳолатни эътиборга олган ҳолда, материал-техник ресурслар таъминотини тезкор ҳал қилиш, қисқа муддатларда тадбирлар самарадорлигини кескин ошириш бўйича ҳам зарур кўрсатмалар берди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ мутахассислари юқорида келтирилган тадбирларни самарали амалга ошириш орқали республика углеводород хомашё базасини мустаҳкамлаш ва уни келгусида барқарор ривожлантириш, шунингдек аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талабини қондиришга хизмат қилиш мақсад қилинган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид