Жаҳон | 22:13 / 24.12.2022
15652
3 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг бой одамлар бу йил деярли 2 триллион доллар йўқотди

Forbes USA ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда дунёнинг энг бой одамлари 1,9 триллион доллар йўқотган ва баъзилари ҳатто миллиардерлар сафидан бутунлай чиқиб кетган.

Фото: Getty Images

2022 йил кўплаб муваффақиятли тадбиркорлар учун оғир кечди. 2020 ва 2021 йилларда дунёнинг энг бадавлат кишиларининг умумий бойлиги триллионлаб долларга ошган эди, бироқ бу йил улар биржа бозоридаги бўҳронлар, Россиянинг Украинага бостириб кириши ва кескин инфляция каби салбий ҳолатларга дуч келди.

Forbes ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда бутун дунё бўйлаб миллиардерлар 1,9 триллион доллар йўқотган. 9 декабр ҳолатига кўра, уларнинг умумий бойлиги 13,8 триллион доллардан 11,9 триллион долларга тушган. Forbes USA маълумотларига кўра, миллиардерлар сони ҳам 2671 дан 2523 нафарга камайди.

2022 йилда умумий ҳисобда 1 триллион доллар йўқотган 300 нафар технологик миллиардер энг кўп зарар кўрди.

Amazon акциялари деярли 50 фоизга тушиб кетди, бунинг натижасида унинг асосчиси Жефф Безоснинг бойлиги 80 миллиард доллар йўқотди. Google эгаси Alphabet акциялари эса 36 фоизга тушиб кетди ва унинг таъсисчилари Ларри Пейж ва Сергей Брин бойлиги 40 миллиард долларга камайди. Microsoft акциялари 9 декабр ҳолатига кўра 27 фоизга арзонлашди, бу таъсисчи Билл Гейтс ва собиқ бош директор Стив Балмернинг соф бойлигини камайтирди. Марк Цукерберг жорий йилда тахминан 78 миллиард доллар йўқотди, чунки Meta Platforms акциялари 66 фоизга арзонлашди.

2022 йилда энг кўп ютқазган бу албатта Илон Маск. Forbes уни «автомобил миллиардери» деб таснифлайди, чунки бойлигининг катта қисми электромобил ишлаб чиқарувчи Tesla билан боғлиқ. Ушбу компания акциялари қиймати 60 фоизга тушиб кетди, оқибатда, Маск 2022 йилда 115 миллиард доллардан кўпроқ йўқотди. Йил бошида у франциялик ҳашамат қироли Бернар Арнони 70 миллиард долларга ортда қолдириб, сайёрадаги энг бой одам эди. Маск шу ой бошида Арнога биринчи ўринни бой берди ва унинг бойлиги пасайишда давом этмоқда.

COVID-19 муаммолари, ички норозилик ва глобал талабнинг пасайишига дуч келган хитойлик миллиардерлар жами 620 миллиард доллар йўқотди. Энг катта пасайиш Alibaba асосчиси Жек Ма билан боғлиқ бўлди - минус 13,1 миллиард доллар. Кўчмас мулк қироли Ян Хуэйян (минус 11,6 миллиард доллар) ва бутилкали сув магнати Чжун Шаншан (минус 11,3 миллиард доллар) ҳам катта зарар кўрди.

Бироқ, ҳамманинг ҳам ишлари ёмон эмас. Инвестиция ва спорт магнати Тодд Боули ва модельер Том Форд бу йил миллиардерлар сафига қўшилди. Шунингдек, электрон тижорат гиганти Pinduoduo ортидаги хитойлик миллиардер Колин Чжэн Хуан (+11,1 миллиард доллар) ва индонезиялик кўмир қироли Лоу Тук Квон (+16 миллиард доллар) учун ажойиб йил бўлди. Ҳиндистонлик миллиардер Гаутама Адани 2022 йилдан шикоят қилмаса ҳам бўлади. Унинг электр энергия, яшил энергия ва кўчмас мулк конгломерати 55,1 миллиард доллар ишлаб олди.

Мавзуга оид