Ўзбекистон | 19:40 / 24.12.2022
13378
4 дақиқада ўқилади

“Мазмунан фойда бўлиши учун ишлар функционал таҳлил қилиниши керак” — Баҳодир Ғаниев ҳукуматдаги маъмурий ўзгаришлар ҳақида

Таълим масалалари бўйича эксперт, собиқ “Камолот” ЁИҲ раиси Баҳодир Ғаниев Kun.uz’га берган интервьюсида Ўзбекистонда бўлаётган маъмурий ислоҳотлар ҳақидаги ўз фикрларини билдирди.

У жумладан, вазирликлар сони қисқариши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, шакл жиҳатидан қанчалик ўзгариш қилинмасин, мазмун эски ҳолича қолса кутилган натижага эришиб бўлмаслигини таъкидлади.

“Шаклга қанча тегинманг, мазмун ўзгармаса натижа ҳам ўзгармайди. Охирги олти йилда биз кўплаб вазирликларнинг қўшилиши ёки бўлинишини кўрдик. Масалан, Ташқи савдо вазирлиги Савдо вазирлиги бўлди ва кейинчалик яна жойига қайтарилди. Ёшлар ташкилоти ҳам шундай бўлди, аввалига “Камолот” иттифоқ бўлди, ундан кейин Ёшлар агентлиги тузилиб, иттифоқ ҳам сақлаб қолинди. Мана энди уларнинг ҳам келажаги номаълум.

Шаклга берилмайлик. Биз вазирликларни қисқартирсак, бу аввало давлат бюджетига қандай таъсир қилишини ўрганишимиз керак. Чунки вазирликларни бирлаштирган билан ундаги штатларни қисқартирмасангиз, демак, ўша-ўша пул кетаверади. Мазмунан унинг ҳеч бир фойдаси бўлмайди.

Мазмунан фойда бўлиши учун уни функционал таҳлил қилиш керак. Бу вазирлик ўзига хос функцияларни бажаряптими, йўқми.

Масалан, спортни яна маданиятга қайтариб қўйсангиз, булар бир-бирига умуман ёт йўналишлар бўлади. Ҳамма масалада фикрлашиш керак. Мақсад қисқартириш бўлиши керак эмас.

Вазирлик нега керак? Вазирлик сиёсат ишлаб чиқиш ва уни бошқариш учун керак. Агар сиёсатни ишлаб чиқиш ва бошқариш тизимида самарага эришилса, унда бирлаштириш керак. Эришилмаса, бирлаштириш керак эмас.

Иккинчидан, буни президент топшириқ берибди, дея бир ойда қилиш керак эмас. Босқичма-босқич, нафас олиб қилиш керак. Аниқ бирлаштириб юбориш керак бўлган идоралар бор, умуман йўқотиб юбориш керак бўлган идоралар бор.

Лекин иқтисод ва молияни бирлаштириш масаласи бу – стратегик масала. Бунинг озгина чала жойи бўлиб қолса, эртага у ислоҳотлар меҳанизмига тормоз бераверади. Чунки қарайдиган бўлсак, Молия ва Иқтисодиёт вазирликларининг функцияси бир хил эмас. Иқтисод вазирлиги сиёсатни ишлаб чиқувчи бўладиган бўлса, Молия вазирлиги ўша сиёсатни амалга ошириш элементларининг биттаси. Яъни Молия вазирлигининг бухгалтерлик функцияси ҳам бор.

Масалан, ижтимоий сиёсатга келадиган бўлсак, у Молия вазирлигида қоладиган бўлса, унда ижтимоий сиёсатга камроқ пул ажратиш тарафдори бўлади. Бунда балки алоҳида бўлгани маъқулдир, деган савол ҳам бор.

Мен улар ундай бўлсин, бундай бўлсин, демайман. Чунки бу кичик даврада ўтириб ҳал қилиб юборадиган масала эмас. Умид қиламанки, юқори даврада ўтириб ҳам шундай ҳал қилиб юборишмайди, бунга пухта, босқичма-босқич ёндашишади.

Бизда шунингдек, бир-бирининг функцияларини такрорлайдиган органлар жуда кўп. Уларни оптимизация қилиш энг биринчи масала бўлиши керак. Ундан кейин баҳсли функциялар бор, шундай функциялар битта вазирликда бўлса, уни ажратиш керак. Лекин яна қайтараман, буларнинг ҳаммаси таҳлил орқали келинадиган ишлар”, – деди Баҳодир Ғаниев.

Интервьюни тўлиқ ҳолда қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид