Иқтисодиёт | 16:02 / 26.12.2022
59790
7 дақиқада ўқилади

Нега давлатлар олтин сотиб олишга зўр бермоқда?

«Расмий Москва билан анъанавий равишда савдо қиладиган мамлакатлар 2022 йилда олтин сотиб олишни кескин кўпайтиришди», деб ёзмоқда The Economist. Хусусан, Қозоғистон олтин сотиб олишни икки баробарга оширган бўлса, Ўзбекистон захира активларининг 2/3 қисмини олтин ташкил қилмоқда. Бу нима билан боғлиқ?

Фото: Akio Kon / Bloomberg

Олтин асрлар давомида мамлакатлар молиявий захираларининг муҳим таркибий қисми бўлиб келган ва айни пайтда ҳам унинг жозибадорлиги пасаяётгани йўқ. Шу билан бир қаторда, жорий йилга келиб Марказий банклар томонидан олтин харид қилиш аввалги йилларга нисбатан сезиларли даражада ошди.

Бу кулранг операциялар билан боғлиқми?

2022 йилда Марказий банклар олтин сотиб олишни сезиларли даражада оширди. The Economist’нинг ёзишича, биргина III чоракнинг ўзида захиралар 400 тонна қимматбаҳо металл билан тўлдирилиб, жорий йилда харид қилинган олтин миқдори 670 тоннага етган. Бу 1968 йилда Лондон қимматбаҳо металлар бозори қулаганидан кейинги рекорд кўрсаткичдир, ўшанда биржада талаб таклифдан анча ошиб кетган ва бу олтин танқислигига олиб келган.

Хусусан, май ойида Туркия ўз захираларини бир вақтнинг ўзида 20 тонна олтин билан тўлдирган. Ҳиндистон ва Қатар ҳам қимматбаҳо метални жадаллик билан сотиб олишни давом эттирган. Қозоғистон олтин сотиб олишнинг ўсиш суръатини икки баравар оширди. Аввалроқ, Ўзбекистон Марказий банки захира активлари таркибидаги олтин улушини 50 фоизгача камайтиришни режалаштирган бўлса-да, айни пайтда валюта захираларининг 2/3 қисмидан кўпроғи олтинга тўғри келади. 

2022 йилнинг 9 ойида энг кўп олтин сотиб олган мамлакатлар

«Олтин Россияга қарши қўлланаётган Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш имкониятини бериши мумкин. Расмий Москванинг захиралари март ойидан бери музлатилган ва банклари асосан долларга ихтисослашган халқаро тўлов тизимидан узилган. Деярли ҳеч бир марказий банк рублни валюта захираси сифатида сақламаяпти. Олтин халқаро тўлов тизимидан узилган рус контрагентлари билан операцияларда тўлов воситаси сифатида ишлатилиши мумкин. Туркиядан Туркманистонгача бўлган Кремль билан анъанавий равишда савдо қиладиган мамлакатлар олтиннинг асосий харидори бўлди», – деб ёзади The Economist.

Марказий банклар нима учун олтин сотиб олишни кўпайтиришди?

Биринчидан, Марказий банклар учун олтиннинг асосий ролларидан бири ўз захирасини диверсификация қилишдир. Жуда кўп ҳолатларда олтин АҚШ доллари билан тескари муносабатда бўлади. Яъни доллар қиймати пасайганда, олтин одатда кўтарилади, бу марказий банкларга бозор ўзгарувчанлиги даврида ўз захираларини ҳимоя қилиш имконини беради. Жорий йилда халқаро геосиёсий жараёнлардаги кескинлик ошиши ва жаҳон иқтисодиётидаги рецессия хавфи олтин харид қилиш ҳажми ошишига таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Агар асосий активлардан бири заифлашса, бошқаси кучли бўлиб қолиши керак. Захираларини олтин билан диверсификация қилиш орқали марказий банклар нотинч вақтларда ўз мамлакатларининг иқтисодий институтларини қўллаб-қувватлашга яхшироқ тайёр бўлишади.

Иккинчидан, олтинга инфляциянинг самарали ҳимоячиси сифатида қаралади. Барқарорлик даврларида олтин рентабеллик келтирмагани сабабли инвесторлар орасида талабга эга бўлмайди. Беқарорлик даврларида эса ушбу қимматбаҳо металл ўзгарувчанлик ва юқори инфляция фонида жозибадор бўлиб қолади ва узоқ муддатли истиқболда мамлакат иқтисодиётига боғланмаган қиймат омбори сифатида кўрилади. Шу жиҳатдан ҳам, инқироз даврида марказий банклар доллар, юань, евро ёки иена каби хорижий валюталарни эмас, балки олтин сотиб олишни афзал кўради.

Учинчидан, давлат қарзларининг глобал ўсиши ёки инфляция билан боғлиқ хавотирлар олтиннинг миллий стратегиядаги хавфсиз актив сифатидаги аҳамиятини янада оширмоқда. Олтин миллий валютага нисбатан барқарор актив сифатида тавсифланади.

Энг кўп олтин захирасига эга давлатлар

2022 йилнинг III чорак якунлари бўйича келтирилган маълумотларига кўра, олтин захиралари ҳажми бўйича кучли ўнликка кирган давлатлар рўйхати қуйидагича:

1. АҚШ - 8 минг 133 тонна (мамлакат умумий олтин-валюта захираларининг 79 фоизини олтин ташкил этади);

2. Германия - 3 минг 355 тонна (74,5 фоиз);

3. Италия - 2 минг 452 тонна (69,3 фоиз);

4. Франция - 2 минг 437 тонна (64,5 фоиз);

5. Россия - 2 минг 229 тонна (22 фоиз);

6. Хитой, 1 минг 842 тонна (3,3 фоиз);

7. Швейцария, 1 минг 40 тонна (5,4 фоиз);

8. Япония, 846 тонна (3,1 фоиз);

9. Ҳиндистон, 785 тонна (6,5 фоиз);

10. Нидерландия, 612 тонна (67,4 фоиз).

Олтин-валюта захиралари нима учун керак?

Ҳар бир мамлакатнинг олтин-валюта захиралари ўзига хос суғуртадир. У давлатнинг миллий иқтисодиётини эҳтимолий макроиқтисодий хатарлардан ҳимоя қилади. Шу боис, олтин-валюта захиралари қатор талабларга жавоб бериши лозим. Масалан, ундан ҳар қандай соҳада фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Олтин-валюта захиралари осон жойлаштирилиши ва осон олиниши даркор.

Мамлакатларнинг олтин-валюта захираларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

  • тўлов ва савдо балансидаги дефицитни бартараф этиш учун;
  • инфляцияни ушлаб туриш, миллий валютани молия бозорида қўллаб-қувватлаш учун валюта сотиб олиш учун;
  • давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш учун;
  • давлатлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун.

Олтин-валюта захиралари асосан қимматбаҳо металлардан (қуйма олтин, танга, платина, палладий, кумуш), давлатлараро миқёсда захира валютаси сифатида тан олинган хорижий пул воситаларидан (АҚШ доллари, евро, швейцар франки, япон иенаси, фунт-стерлинг) ва Халқаро валюта жамғармаси чиқарадиган нақдсиз пул бирликларидан ташкил топади.

Давлатнинг олтин-валюта захиралари миқдори унинг иқтисодиёти ва молиявий тизими ҳолатидан дарак беради, давлатлараро мажбуриятлар бўйича тўловларни ўз вақтида амалга оширишини кафолатлайди. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, ривожланаётган давлатлар учун захиралар камида 3 ойлик импортни қоплаши керак.

Ўзбекистон Марказий банкининг 2022 йилдаги олтин-валюта сиёсати

2022 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 33,44 млрд долларни ташкил қилган.  Таққослаш учун, бу кўрсаткич жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 35,13 млрд долларни ташкил қилган.

Ўтган давр мобайнида олтиннинг физик ҳажми 11,6 млн троя унциядан 12,8 млн троя унциягача кўпайди. Қиймати эса 20,94 млрд доллардан 22,46 млрд долларгача ошди. Жаҳон бозорида олтин нархлари пасайиши фонида Ўзбекистон Марказий банки март-октябрь ойлари давомида олтин экспортини амалга оширмади. Бу эса захира активларида олтиннинг физик ҳажми йил бошига нисбатан сезиларли даражада, тахминан 37 тоннага ошишига олиб келган бўлса-да, қимматбаҳо металл нархлари йил давомида беқарор равишда шаклланди.

«Ўзбекистон Республикаси ялпи халқаро захиралари 2022 йил бошидан 1,7 млрд долларга ёки 4,83 фоизга камайди. Бунда олтин нархи йил бошидаги 1799,25 доллардан 1759,65 долларгача пасайишининг таъсири 0,51 млрд долларни ташкил қилди», – дейилади Марказий банк изоҳида.

Шунингдек, 11 ой давомида захира активлари таркибидаги хорижий валюта захиралари 13,07 млрд доллардан 9,93 млрд долларгача пасайди. Валютадаги захираларнинг кескин даражада камайишига, асосан, импортнинг ошиши ва доллар мустаҳкамланиши каби омиллар таъсир қилган бўлиши мумкин. 

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзуга оид