Ўзбекистон | 23:21 / 26.12.2022
55518
4 дақиқада ўқилади

Озодликни чеклашдан 10 йиллик қамоққача – Андижон шаҳрининг собиқ мансабдорларига суд ҳукми ўқилди

63 млрд сўмдан зиёд маблағни талон-торож қилишда гумонланган 45 нафар судланувчининг аксариятига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланди. Шаҳарнинг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров 10 йил, собиқ прокурор Қурбонали Асқаров эса 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. 

Фото: Kun.uz

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди биносида Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими ва прокурори дохил 45 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ўз якунига етди. Жиноий гуруҳ аъзоларига қилмишидан келиб чиқиб, турли жазо чоралари тайинланди.

Суд ҳукми ўқилиши жараёнида иштирок этган Kun.uz мухбирига кўра, Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаровга 3 йил давомида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан, 10 йил озодликдан маҳрум этиш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 350 баробари, яъни 85 млн 750 минг сўм жарима жазоси тайинланган. Шаҳарнинг собиқ прокурори Қурбонали Асқаров эса 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 10 йил 6 ой озодликдан маҳрум этилган.

Шунингдек, Андижон вилоят ХТБ собиқ раҳбари Азизбек Миркомилов 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳамда 5 йил озодликдан маҳрум қилинган. Жазо манзил колонияларда ўталиши белгиланган. Андижон шаҳар ХТБ марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати бош ҳисобчиси лавозимида фаолият юритган Саида Йўлчиева 7 йил 11 ой 26 кун муддатга қамалган.

Суд ҳукмига кўра, судланувчилар Фарҳод Мулложонов, Шавкат Ҳошимов, Жамшид Мирзаев, Сухроб Аҳмадалиев, Ҳайдар Садиров, Муҳаммад Назаров, Арслон Камолов, Илҳом Ҳайдаров, Салоҳиддин Деҳқонов, Ғуломжон Раҳмонбердиев, Сунбулой Эралиева, Хушнуд Собиров, Абдумажид Орипжонов, Муҳаммадбобур Исақов, Науфалбек Камолқориев, Дилноза Найманова, Сарвар Аҳмадалиев, Салима Шарофутдинова, Розахон Мамадалиева, Бобур Абдуллаев, Дилафруз Исматуллаева, Сурайё Ҳамроева, Нозима Қодирова, Файзулло Бекмирзаев ҳамда Шаҳноза Абдурасуловага озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланган.

Хилола Фахриддинова, Ёрқин Ҳошимов, Нилуфар Аҳмаджонова, Дилноза Юсупова ва  Турсунов Абидовага ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш жазоси берилган бўлса, Муқаддас Нейманова жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли озод этилди. Нуриддин Бозоров ва Санжар Собировга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Алишер Исомиддинов базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баробари, яъни 55 млн сўм жаримага тортилиб, суд залидан озод қилинди. Ҳасан Муҳиддинов ҳам суд залидан озод этилди.

Дастлабки тергов органи айблов хулосасига кўра, судланувчилар томонидан 63 млрд сўмдан зиёд маблағ талон-торож қилинган ва улар Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган. Жами 45 нафар судланувчининг 29 нафари эркак ҳамда 15 нафари аёл бўлиб, 34 нафар судланувчига нисбатан «қамоққа олиш», 10 нафарига эса «гаров» ва «уй қамоғи» тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.

Жиноят оқибатида етказилган 63 млрд сўмдан зиёд миқдоридаги моддий зарарнинг 16 млрд сўмдан ортиғи қопланган бўлиб, зарарнинг қолган қисмини судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланди.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид