Иқтисодиёт | 10:46 / 26.12.2022
40257
9 дақиқада ўқилади

Халқ IPO'си нима? У нима учун керак?

Президент Шавкат Мирзиёев келаси йили ўнта йирик давлат компанияси IPO'га чиқишини айтаркан, юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлишини исташи ҳақида гапирди. Хўш, IPO ўзи нима?

Президент мурожаатномаси вақтидаги слайд / Фото: Президент матбуот хизмати

“Бугун кўнглимдаги битта ниятимни сизларга очиқ айтмоқчиман. Менинг катта ниятим – юртдошларимиз орасида юз минглаб мулкдорлар, акциядорлар пайдо бўлсин. Одамларимиз ўз омонатларини инвестиция қилиб, юқори даромадларга эга бўлсин”, деди президент Мирзиёев сешанба куни парламент ва халққа қилган мурожаатида.

Давлат раҳбари кейинги йилда энг йирик 10 та компания ва тижорат банкларининг акциялари Ўзбекистоннинг ўз аҳолиси учун “очиқ ва шаффоф савдога” чиқарилишини айтди. “Бу чинакам халқ IPO'си бўлишига ишонаман”, деди у.

Хўш, халқ IPO’си нима? Нима учун бу бугунга келиб муҳим бўлиб қолди?

Ундан ташқари, мақолада қуйидаги саволларни ҳам кўриб чиқамиз:

  • Халқ IPO’сининг компанияларга фойдаси?
  • Давлатга бундан нима наф?
  • IPO’лар сармоя қилувчи одамлар учун нима беради?
  • Одамларимизнинг IPO’лар ортидан акцияларни харид қилгани пули борми?
  • Ўзбекистонда халқ IPO’си қилган компания борми ўзи? Бўлса, акциялари неча пулдан сотиляпти?

IPO, яъни Initial Public Offering (бирламчи оммавий таклиф) компаниялар ўз акцияларини биринчи марта кенг жамоатчилик учун сотувга чиқаришидир. Халқ IPO’си деганда эса компания акциялари чет эллик инвесторлар эмас, биринчи навбатда маҳаллий аҳоли учун савдога қўйилиши назарда тутилади.

Халқ IPO’си мамлакат иқтисодиёти ривожланиши йўлида халқ қўлидаги пул маблағларини жалб қилишнинг бир усулидир. Аҳолимиз сони, унинг молиявий саводхонлиги ошиб бораётганини ҳисобга олсак, ҳиссадорлар келишган ҳолда компанияларнинг бир қисмини миллионлаб улушларга бўлиб, чакана (retail) инвесторларга пуллаши – юз минглаб доллар “арзон пул”ни (бу ҳақда пастроқда) олиб келади.

Давлатга бундан нима наф?

Халқ IPO’си ва умуман IPO’ларнинг давлатга фойдаси шундаки, компаниялар ҳозирги ва бўлажак инвесторлари олдида ҳисобдор ва шаффоф бўлишга мажбур бўлади. Шунинг учун улар ҳисоб юритиш тизимларини ислоҳ қилиб, замонавий технологиялардан фойдаланади.

Албатта, бу маҳаллий қимматли қоғозлар бозорининг илдамлашига туртки бўлади. Ўзбекистондаги капитал танқислиги кўпчилик ишбилармонлар ҳам, топ менежерлар ҳам чуқур англайдиган ҳақиқат. Чет элдан инвесторларни чорлаш учун суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари ва қонун устуворлиги билан биргаликда, фаол маҳаллий фонд биржаси бўлиши аҳамиятлидир.

Халқ IPO’си иштирокчи компанияларга нимаси билан манфаатли?

Тасаввур қилиб кўрайлик, бирор компания ўзининг ишлаб чиқаришини кенгайтиришга қарор қилди ва бунинг учун унга пул керак.

Банкдан кредит олиш қимматга тушади: олинган пулни устама фоизи билан қайтариб тўлаш, мол-мулкни гаровга қўйиш керак бўлади. Банк қатъий белгилаган муддатларда кредитни қайтариш, гоҳида тўловлар кечиккани учун жарима тўлаш ҳам пул жалб қилиш нархини қиммат қилиб юборади, таваккалчилик кўлами ошади.

Шунинг учун жаҳон тажрибасида бизнесга қўшимча капитал олиб киришнинг банк қарзларига муқобил бўлган варианти – биржада улушларни сотишдир. Бунда компания инвесторлар пулини бизнесга йўналтиради, у фаолият ортидан фойда кўрадиган бўлса, ҳиссадорларга дивиденд тўлайди. Аксинча, бизнес амалиёт орқали даромад кўрилмаса, зарарга кирилса, шу хавф-хатарга кўплаб (одатда юзлаб ва минглаб) инвесторлар шерик бўлади. Шу нуқтайи назардан, IPO арзон пул жалб қилишнинг бир йўлидир.

IPO’лар сармоя қилувчи одамлар учун нима беради?

IPO’лар ортидан йирик, даромадли ва барқарор компанияларни танлаб, уларнинг акцияларини сотиб олиш одамларга пул йиғиш имкониятини беради. Ўзбекистонда пул одатда чорва моллари, АҚШ доллари ёки тилла буюмлар кўринишида йиғилади. Ëки банкка депозит қилиб қўйилади. Банк депозитлари йилига қайта молиялаш ставкасини ҳисобга олган ҳолда омонатларни фоизи билан тўлайди. Бироқ акцияларга узоқ муддатга пул тикишда мураккаб даромад (compound interest) деган имконият бўлиб, бизнес ривожланиши, улушларга бўлган талаб ошиши туфайли инвестициялар экспоненциал ўсиб бориши мумкин. Албатта, тескариси ҳам бўлиши, инвестор пулини бой бериши ҳам мумкин.

Қадриятлар нуқтайи назаридан, банкка депозитга пул қўйишдан фарқли равишда акцияларга пул тикиб, бизнеслар фойдаси ва зарарига шерик бўлиш ҳалол ҳисобланади. Таваккалчилик бўлади, узоқ муддатда инвестор қилган сармоя эса инфляция суръатларидан жадалроқ кўпайиши эвазига, пулни йиғиш ва кўпайтириб олиш мумкин бўлади.

Одамларимизнинг IPO’лар ортидан акцияларни харид қилгани пули борми?

Фаразан Ўзбекистонда 95% аҳолининг қўлида ортиқча пули йўқ, топилган маблағ харажатларга кетади деб ҳисобласак (аслида пулдор аҳоли салмоғи, фикримизча, бундан кўп ва келажакда улар яна кўпаяди), 36 миллионлик Ўзбекистонда камида 1,8 миллион (5% аҳоли) чакана инвестор бор. Уларнинг ҳар ўнтадан бири 1000 доллардан инвестиция қила олса, IPO’лар орқали 180 миллион доллар маблағ жалб қилишнинг иложи бўлади.

“Ортиқча пулимиз борми” деган саволга яна бир жавоб: 2021 йил давомида Ўзбекистонда умумий қиймати деярли 300 миллиард сўмлик (~26,7 миллион АҚШ доллари) “чиройли” авторақамлар сотилган. Chevrolet машиналарини тахминан 6-12 ой ичида олиш учун минглаб харидорлар олдиндан пул тўлаб қўйиши ҳам юқори ликвидли инвестицияларга ортиқча пулни йўналтириш истаги борлигини кўрсатади. Аммо автомобилларга навбатда туриб, уларни харид қилгач, уларни устига қўйиб сотиш муқобилида узоқ муддатли сармоялар орқали, халқ IPO’ларига пул тикиш бизни бой ва фаровонроқ қилади.

Ҳа, ҳозирча гап мамлакатдаги ҳар бир оиланинг акция сотиб олиши ҳақида кетмаслиги ҳам мумкин. Фақат пулдорларнинг маблағлари кўрпача тагида ёки сандиқда эмас, акциялар кўринишида йиғилиши орқали халқ пулининг реал иқтисодиётга кириб келиши, юқорида айтганимиздек, компаниялар, давлат ва капитал бозор ривожига ҳисса қўшади. Машина ва/ёки уй сотиб олиб, пул йиғиш, айнан шу товарларнинг нархи ошишига таъсир қилади, бундай пул йиғиш ёки кўпайтириш ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш соҳаларининг ривожига кўп ҳам ҳисса қўшмайди.

2022 йилда 14 мингдан ортиқ Onix русумли автомобиль учун тўлов қилинган ва номаълум муддатдан сўнг товарлар эгаларига топширилади. Машина нархи 14700 долларлиги инобатга олинса, савдонинг умумий суммаси 205 миллион доллардан ошади. Мана сизга яна юқори ликвидли инвестицияларга аҳолимиздаги қизиқиш ва пулдорлик даражасига кичик мисол.

Ўзбекистонда IPO қилган компания борми ўзи?

Ўзбекистон тарихида биринчи марта “Кварц” АЖ 2017 йил декабрида “Тошкент” фонд биржасида IPO ўтказган. Шундан кейин “Жиззах пластмасса” АЖ ҳам акцияларини очиқ равишда фонд биржасига жойлаган. Шундан буён бу икки компания Ўзбекистонда IPO ўтказган биринчи ва охирги компаниялар бўлиб қолмоқда.

2022 йилнинг 23 ноябрига келиб, дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва турли айти хизматлар билан шуғулланувчи “Solutions Lab” компанияси ўз акцияларини “Тошкент” фонд биржасида сота бошлашини эълон қилди. Биржа сайтида 21 декабр куни берилган эълонга кўра, “Solutions Lab” компанияси умумий қиймати 75 миллион доллар деб баҳоланган 100 фоиз акцияларини пулламоқчи.

Бундан ташқари, UzAuto Motors ҳам IPO’га чиқиш арафасида. 2022 йилнинг сўнггига қадар компания 5 фоизгача акцияларини фонд биржасида сотиш ниятида. 2023 йилда эса 25 фоиз акцияларини биржага қўйиш орқали чет эл инвесторларини ҳам жалб қилишни мақсад қилган. UzAuto Motors'нинг айни дамда бир дона қимматли қоғозининг нархи 72 500 сўм. Инвестор сотиб олиши мумкин бўлган акцияларнинг минимал сони эса 14 донани ташкил қилиб, бу сўмда 1 миллион 15 минг деганидир.

Бироқ, иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uz'га берган интервьюсида айтганидек, “UzAuto Motors халқ IPO'сини қиляпти; аввалига компанияга субсидия бериб, солиқлардан озод қилиб, кўрсаткичларни шиширишди, компаниянинг тўламаётган солиқлари ва субсидияларини чегириб ташласак, у – зарарга ишлаётган компания”.

UzAuto Motors'нинг тикерли акцияларини сотиб олишнинг узоқ муддатдаги хавфлари ҳақида иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ҳам гапириб ўтган эди.

Саидазиз Аъзамов,
Global Halal лойиҳаси асосчиси

Мавзуга оид