Ўзбекистон | 23:14 / 29.12.2022
13810
2 дақиқада ўқилади

Масс-медиа фонди раҳбари тергов изоляторида қорақалпоғистонлик журналист билан учрашди 

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг Васийлик Кенгаши раиси судланаётган журналист Лолагул Қаллиханова билан суҳбатлашди. 

Фото: Миллий масс-медиа фонди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фондининг Васийлик Кенгаши раиси Нозима Давлетова Бухоро шаҳридаги тергов изоляторида шу йилнинг 1-2 июл кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан очилган жиноят иши бўйича судланаётган журналист Лолагул Қаллиханова билан учрашди. Учрашув Қорақалпоғистон воқеаларини ўрганиш бўйича тузилган Мустақил Комиссия кўмагида ташкил этилди. 

Журналист билан изолятордаги шароит, суд мажлиси қандай ўтаётгани, оилавий ва шахсий масалаларда суҳбат олиб борилди. 

Қаллиханова соғлиғи юзасидан ва ҳибсдаги шароитдан шикояти йўқлигини, унга нисбатан ҳеч қандай ноқонуний хатти-ҳаракат бўлмаётганини, барча тергов ҳаракатлари қонунга мувофиқ ва ҳимоя ҳуқуқи таъминланган ҳолда амалга оширилганини айтиб ўтди. 

Суҳбат пайти Қаллиханова мамлакатимизда журналистлар ҳамжамиятининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш зарурлигини, улар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ англаши муҳимлигини, бу эса, ўз навбатида, журналистларнинг ҳимояланганлик даражасини оширишини гапирди. 

Нозима Давлетова Масс-медиа фонди Қаллиханованинг оиласига ёрдам беришга, қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади. 

Мавзуга оид