Жаҳон | 21:05 / 29.12.2022
10558
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон собиқ президенти қасрида болалар реабилитация маркази очилди 

29 декабр куни Бишкекда собиқ президент Қурманбек Бакиевга тегишли бўлган уйда «Келечек» ногирон болалар реабилитация маркази очилди. 

Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Тантанали тадбирда Қирғизистон президенти Садир Жапаров иштирок этди. 

«Ҳозирда республикада 200 мингдан ортиқ ногирон фуқаролар истиқомат қилади, уларнинг 36 мингга яқини болалардир. Имконияти чекланган болалар сифатли таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий хизматлар ва спортга муҳтож. Шунинг учун биз имкониятлар яратишимиз керак. Бугун очилган реабилитация маркази ёш беморларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигини тиклаш учун мўлжалланган», деди давлат раҳбари. 

Марказ 100 нафар болага мўлжалланган. Келгусида бундай марказлар бошқа шаҳарларда ҳам барпо этилиши режалаштирилган. 

Қурманбек Бакиев 2005-2010 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. 2010 йилги инқилоб пайтида мухолифат томонидан ағдарилган ва мамлакатни тарк этган. Ҳозирда Беларусда сиёсий эмиграцияда. 

2013 йилда Бакиев Қирғизистонда «хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш» моддаси бўйича жиноят содир этганликда айбдор деб топилиб, сиртдан 24 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 

2014 йилда британиялик тадбиркор Шон Дейли ҳаётига суиқасд уюштирганликда айбланиб, сиртдан 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 

2021 йил июл ойида Бакиев қидирувга берилган. У Қирғизистондаги Қумтор олтин кони билан боғлиқ коррупцияда айбланмоқда. 

Мавзуга оид