Ўзбекистон | 15:37 / 29.12.2022
56355
2 дақиқада ўқилади

 “Районо” ва “облоно” каби ташкилотларни йўқ қилишни истаяпман – Шавкат Мирзиёев

Таълим сифатини оширишга қаратилган учрашув чоғида давлат раҳбари ўқитувчилар фаолиятига халал берувчи тизимлар ҳақида гапирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Биз барча фанларни тенг олиб боришни, дейлик ҳаммани математик қилишни истаймиз. Аммо амалда бунинг иложи йўқ. Нари борса 10 фоиз бола математик бўлишни истар. Биз боланинг истагидан келиб чиқиб, унинг талабига кўра таълим беришни ўрганишимиз керак. Бола ўзига нима қизиқ эканини яхши билади, унга ҳамма фанни бирдек ўргатишни тўхтатиб, қизиқиш соҳасига урғу қаратиш лозим.

“Районо” ва “облоно” каби ташкилотлар сиз учун прокурор. Мен келажакда бу икки ташкилотни йўқ қилишни истаяпман. Мактабларнинг ўзи барча жараённи олиб бориши зарур.

Ўртадаги бошқа поғоналар нимага керак? Улар бўлгани учун ўқитувчи қадам қўя олмайди. Бундай тизимни синдирадиган вақт келди. Тартиб керак албатта, аммо буни назорат қилиш учун вазирлик бор. Бизда ҳамон эски тизим сақланиб қолмоқда. Аслида тескариси бўлиши, мактаб “гороно”га хўжайинлик қилиши керак. 

Биз эски тизимга мойилмиз, “районо” нима деса шуни қиламиз. Замон ўзгармоқда, кечирасизу, қишлоқ хўжалигида пахтага муносабатни ўзгартирдик. Энди пахта ҳам, тизим ҳам ишламоқда. Демак келажакда таълим тизимини ҳам жиддий ислоҳ қилишни ўйлаш керак” – деди президент етакчи педагоглар билан суҳбатда.

Мавзуга оид