Ўзбекистон | 14:51 / 30.12.2022
27142
6 дақиқада ўқилади

Болалар ўлими, воз кечилган шифохоналар ва ўзи «бемор» тизим. Мусаевнинг вазирликдаги бир йили 

Соғлиқни сақлаш тизимида «катта сакраш» кузатилмади: оғриқли нуқталар муаммолигича қоляпти, «ривожланиш» ниқоби остида бор имкониятларни ҳам йўқ қилишга уринишлар кузатилди. Тиббиётдан чиқмаган янги вазир тизимда деярли янги ислоҳотлар қилолмади. Йил якунидаги «Док-1 Макс» сиропи воқеалари эса тиббиётнинг ўзи даволашга муҳтож эканини кўрсатиб берди.

Фото: KUN.UZ

Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланганига бир йилдан ошди. 2021 йил 11 ноябр куни вазирлик раҳбарлигида иш бошлаган Мусаевга тиббиёт соҳасидан чиқмаган бўлса ҳам бошқарувчи сифатида тажрибага эгалиги учун катта ишонч билдирилганди.

«Меҳрибон» вазир

Мусаев соҳадаги фаолиятининг илк кунларида «шифокорларга талабчан, беморларга меҳрибон вазир» сифатида намоён бўлганди. Хусусан, у ярим тунда пойтахт шифохоналаридаги вазиятни ўрганди, байрамларда беморлар ҳолидан хабар олди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга ҳам тезкор муносабат билдириб туришни эътибордан четда қолдирмади.

Бироқ соҳага умумий назар ташланганида янги ислоҳотлар амалга оширилмаганини кўриш мумкин. Негаки, тизим ҳамон оғир аҳволда: касалликлар, касалланишлар сони ортиб боряпти, етук мутахассис кадрлар чет давлатларга кетиб ишлашни маъқул кўришяпти, шу ерда қолганлари турли босимларга учраяпти, айрим турдаги беморлар эса ҳамон умидни хориж шифокорларига боғлашда давом этишмоқда.

Якунланаётган 2022 йилда соғлиқни сақлаш тизими кўпроқ жабрдийда соҳа сифатида «тилга тушди». Чунки енг ичида соҳага доир амалга оширилган баъзи ишлар кенг жамоатчиликда шундай хулосаларни келтириб чиқарди.

Нишондаги шифохоналар

Тошкентда жами 17 гектар майдонга эга бўлган учта онко-шифохонанинг бино-иншоотлари сотувга қўйилиши жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди. Жамоатчилик вакиллари, тиббиёт ходимлари шифохоналар майдони сотиб юборилаётганини фожиа сифатида баҳолади. Вазирлик эса аввалига бунга томошабин бўлиб турди. Ушбу шифохоналар савдоси жамоатчиликнинг кескин эътирозларидан кейин юқори даражадаги мансабдорлар аралашуви билангина тўхтатилди.

Тошкент стоматология институтига қарашли болалар жағ хирургияси бўлими биноси вазири буйруғи билан бузиб юборилгани ҳам Беҳзод Мусаевнинг тизим ичидан чиқмагани оқибати бўлди дейиш мумкин. Унинг ўз ваколатларидан четга чиққани эса қонунлар ижросини таъминлаши шарт бўлган прокуратуранинг парвойига ҳам келмайди.

Соҳада муаммолар кўп экани сабабли президентнинг ўзи шифохоналар фаолияти билан танишди, йиғилишлар ўтказди.

Хусусан, 26 октябр куни соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев халқ талаб қилган тиббий хизматни кўрсатиш вақти келганлигини таъкидлаб ўтди.

«Олдин беморга бергудек дори ҳам йўқ эди. Энди сизларга шароит яратяпмиз. Халқимиз талаб қилган хизмат кўрсатиш вақти келди», – деганди давлат раҳбари ўшанда.

Тирик бориб, ўлик қайтганлар

Кейинги вақтларда бирор бир хасталикдан шифохонага нажот истаб бориб, тирик қайтмаганлар кўпайиб бормоқда. Биргина Навоий вилояти, Навбаҳор туманида яшаган ўқитувчининг аянчли тақдирини ёдга олайлик: боши бироз оғригани учун шифокорга борган аёл уйига тирик қайтмаган. У шифокорнинг уколидан сўнг сониялар ичида вафот этганди. Муолажа қилган 68 ёшли шифокор эса ўша лаҳзада шошиб қолгани, билим даражаси етмаганини тан олган. Афсуски, бу ягона ҳолат эмас: нотўғри уколдан болалар ногиронга айланяпти, оналар туғуруқдан сўнг, йигитлар эса шифохонада свет ўчиши сабабли вафот этишмоқда. Бу фактлар тобора «хасталаниб» бораётган Ўзбекистон тиббиётининг ҳақиқий аҳволини намоён этади.

Сайёҳнинг аччиқ кулгиси

Қозоғистонлик аёл Тошкент шаҳрида дорихоналар қанчалик кўплигини ижтимоий тармоқларда кулгига олганди. Аслида фармацевтика соҳаси чиндан катта бизнесга, унга алоқадорлар эса катта бизнесменга айланиб кетганига анча бўлган: кўчалар «аптека»га, атроф эса дорилар рекламасига тўлган. Гўёки Ўзбекистонда ҳамма касалдек, кўчада депсиниб кетсангиз ҳам дорихона деворига бориб уриласиз.

Kun.uz ўтказган кичик ижтимоий сўровномада айрим фуқаролар дорихона соҳаси бизнесга айланиб кетгани, дорилар нархи қимматлиги, айрим шифокорлар дорихоналар билан келишув асосида ишлаши, шу сабабли беморларга керак-нокерак дориларни ҳам ёзиб бераверишини таъкидлаб, мутасаддилар ушбу муаммога етарлича эътибор қаратмаётганини таъкидлашган.

SUBYEKTIV муаллифлари ҳам фармкомпаниялар шифокорлар билан қандай «тил бириктириб» ишлашини яширин камера орқали кўрсатиб берганди. Дорихоначилар эса акс таъсир қилиши мумкин бўлган дориларни одамларга шифокор рецептисиз ҳам сотиб юборишяпти.

19 қурбон

Йил охирига келиб содир бўлган «Док-1 Макс» сиропи воқеаси барчани даҳшатга солди: аввалига Самарқанд вилоятида 18 нафар, сўнгра Қашқадарё вилоятида бир нафар бола ушбу сиропни истеъмол қилиш оқибатида вафот этди. Ҳолат юзасидан жиноий иш очилди, гумонланувчилар ДХХ томонидан ҳибсга олинди. Вазирлик эса «Док-1 Макс» воқеасини фош қилганларнинг ўзини ишдан олди. Аслида 19 нафар боланинг вафот этиши мамлакат учун катта мусибат эди. Аммо Беҳзод Мусаев ҳолатни болаларнинг ўлими вазирликдан яширилгани билан изоҳлаб, фарзандидан айрилган ота-оналарга ҳамдардлик билдириб қўя қолди 

Вазирга ёлчимаётган тиббиёт

Аслини олганда, соғлиқни сақлаш тизими вазирга ёлчимаган соҳалардан бири. 2017 йилдан 2020 йил ноябр ойигача вазирликни Алишер Шодмонов бошқарди. Унинг Тошкент тиббиёт академияси ректори этиб тайинланиши ортидан ушбу лавозимни Абдуҳаким Тожибоев эгаллади. Орадан 1 йил ўтиб у лавозимдан олинди ва ўрнига Беҳзод Мусаев вазир бўлди. Юқоридаги факт ва фикрлар Мусаевнинг «бир йили» ҳам оғир ўтганини кўрсатмоқда.

Соғлиқни сақлаш соҳаси инсонлар энг кўп мурожаат қиладиган, иши тушадиган соҳа ҳисобланади. Тизимда нималар бўлаётганини уларнинг ўзи кўриб, гувоҳи бўлиб турибди. Тиббиёт ислоҳотларга, ўзгаришларга, тозалашларга муҳтож. Буларнинг ўз вақтида амалга оширилмаслиги эса оғир оқибатларга олиб келаверади.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид