Жаҳон | 23:52 / 30.12.2022
10073
2 дақиқада ўқилади

RSF: Сўнгги 20 йил ичида 1700 га яқин журналист ўлдирилди 

«Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти ҳисоботида айтилишича, сўнгги йигирма йил журналистлар учун «ўта ҳалокатли» бўлди. 

Фото: AFP

«Чегара билмас мухбирлар» (RSF) томонидан эълон қилинган таҳлилга кўра, сўнгги 20 йил ичида дунё бўйлаб 1700 га яқин журналист ўлдирилди. 

2003 йилдан 2022 йилгача бўлган йигирма йил «ахборот олиш ҳуқуқига хизмат қиладиганлар учун ўта ҳалокатли йиллар» бўлди, дейилади ҳужжатда. 

«Рақамлар ортида маълумот тўплаш, ҳақиқатни излаш ва журналистикага бўлган иштиёқи учун ўз ҳаётини қурбон қилганларнинг виждони, шахсияти, истеъдоди ва қатъияти ётади», деди RSF бош котиби Кристоф Делуар. 

RSF маълумотларига кўра, Ироқ ва Сурия журналистлар учун энг хавфли давлатлар бўлиб, «сўнгги 20 йил ичида 578 нафар журналист ҳалок бўлган». Улардан кейинги ўринларда Мексика (125 киши ҳалок бўлган), Филиппин (107), Покистон (93), Афғонистон (81) ва Сомали (78) бормоқда. 

«Энг қайғули йиллар» 2012 ва 2013 йиллар бўлиб, бунга Суриядаги уруш сабаб бўлган. Ҳисоботда айтилишича, 2012 йилда 144 та, бир йилдан кейин эса 142 та қотиллик содир этилган. 

2022 йилда ўлимлар яна кўпайди, бунга қисман Украинадаги уруш сабаб бўлди. Шу йилнинг ўтган даврида 58 нафар журналист ўз вазифасини бажариш чоғида ҳалок бўлди, ўтган йили 51 нафар журналист ўлдирилган эди. Украина айни дамда ОАВ учун Европадаги энг хавфли давлат бўлиб турибди, уруш даврида унинг ҳудудида 8 нафар журналист ўлдирилди. Россияда ҳам сўнгги 20 йил ичида 25 журналист ўлдирилган. 

Журналистлар ўлимининг деярли ярми Америка қитъасига тўғри келади, қотилликларнинг аксарияти Мексика, Бразилия, Колумбия ва Гондурасда содир бўлган. 

«Америка ҳозирда оммавий ахборот воситалари учун дунёдаги энг хавфли қитъа ҳисобланади», - дейилади RSF ҳисоботида. 

Мавзуга оид