Пасайтирилган «растаможка», кечиктирилган энергетика ислоҳоти ва «супервазирлик» – 2022 йил Ўзбекистон иқтисодиётида нималар бўлди?
Якунланаётган 2022 йил иқтисодий блок учун синовларга бой бўлди. Халқаро геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви глобал бозорлардаги таъминот занжирларига оғриқли зарбалар берди, логистика билан боғлиқ харажатлар каррасига қимматлашди. Фоиз ставкалари ошиб кетди. Натижада мамлакатдаги инфляция даражаси прогноз қилинганидан анча баланд шаклланди, бир муддат доллар тақчиллиги ҳам кузатилди.
Ғалла ислоҳоти
Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб, ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилди. Сотиб олинган буғдой ойма-ой биржага чиқариладиган бўлди ва агар нархлар ошса, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилиши белгиланди. Бу ислоҳот иқтисодчиларнинг олқишига, ғалла етиштирувчи фермерларнинг қувончига сабаб бўлди.
Ислоҳотнинг дастлабки кунларида бозор нархларига ўтилиши нон баҳосига жиддий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар янграган бўлса-да, йил давомида буғдой ва ун маҳсулотлари нархларининг барқарорлиги сақланиб қолди, нархлар кескин равишда қимматлашиб кетмади. Амалда ишламаётган субсидияланадиган ун (арзонлаштирилган ун) тарқатиш тизими тугатилди.
Таъкидлаш керакки, ҳуқуқий жиҳатдан шу пайтгача ҳам фермерлар ўзи етиштирган маҳсулотни эркин, бозор нархларида сотиш ҳуқуқига эга эди, бироқ амалда давлат эҳтиёжлари учун етиштирилган маҳсулотга нарх бозор тамойилларига риоя этмасдан, марказлашган ҳолда маъмурий усул билан белгиланиб келди. Бу эса фермерларнинг жиддий зиён кўришларига сабаб бўлиб келаётган эди.
Кечиктирилган энергетика ислоҳоти
Энергетика соҳасидаги муаммолар йилдан йўлга бўй чўзиб бормоқда. Жорий йилдан бошлаб ҳукумат электр энергиясини давлат томонидан субсидиялашни бекор қилиш ва табақалаштирилган нархлар белгилашга бу муаммоларнинг ечими сифатида қарай бошлади. Шу мақсадда «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида» ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Унда 1 июлдан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилиши кўзда тутилганди. Бироқ айрим сабабларга кўра бу қарор қабул қилинмади, ислоҳотлар эса номаълум муддатга кечиктирилди.
Энергетикага бюджетдан субсидиялар «халққа ёрдам бўлиши» учун жорий қилингани иддао қилинса-да, мутахассисларнинг фикрича, бундай тизим соҳанинг ривожланишига тўсиқ бўлиб қолаверади.
Жорий йилга келиб, нафақат вилоятлар, балки Тошкент шаҳри туманларида ҳам электрни «шахмат тартибида ўчириш» режимига ўтилди. Яъни энерготизимда юклама ортиб кетган пайтда «свет» атайлаб ўчирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам йил якуни бўйича парламентга қилган анъанавий мурожаатномасида энергетика инқирози масаласига тўхталиб, биринчи марта тарифларни табақалаштириш ҳақида гапирди. Яъни муайян лимитдан кўпроқ газ ва электр ишлатадиган бадавлат қатлам бозор нархида тўлаши керак, чунки бу ресурслар давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия ҳисобига арзон сотилади.
Шавкат Мирзиёев табақалаштирилган тарифларга ва умуман эркин бозорга ўтиш босқичма-босқич бўлишини таъкидлади, лекин бу босқичларнинг муддатларига аниқлик киритмади. Унинг айтишича, 2022 йилда қурилган ва 2023 йилда қуриладиган янги станциялар ҳисобига, келаси йили аҳоли хонадонларига бериладиган электр энергияси 50 фоизга, яъни 1,5 баробарга кўпаяди.
Бошланган ислоҳотлар халқ фаровонлиги учун хизмат қиладиган бўлса, уни охирига етказиш зарур. Зеро, бир ерда депсиниб тураверадиган, кези келса олдинга эмас, орқага қараб кетадиган соҳа кескин ислоҳотлар билангина олдинга қараб силжий олади. Кўрилаётган кичик чоралар эса тешик челакда сув ташишдан бошқа нарса эмас.
«Ташаббусли бюджет»
Молия вазирлиги томонидан амалиётга татбиқ қилинган «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси фуқаролик жамияти учун ажойиб янгилик бўлди. Ўз солиқлари ҳисобига шаклланган бюджет пулларининг бир қисми ўзининг маҳалласи учун сарфланишига эришган ўзбекистонликлар бу ютуғини катта хурсандчилик билан нишонлашди. Бу лойиҳа давлат раҳбари даражасида ҳам эътироф этилди.
Президент топшириғига асосан, 2023 йилдан бошлаб маҳаллалардаги инфратузилма учун маблағлар фақатгина «Ташаббусли бюджет» орқали, аҳоли овоз берган лойиҳаларга ажратилади. Бошқача айтганда, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари «Ташаббусли бюджет»га қўшиб юборилади.
Ушбу лойиҳаларга ажратиладиган маблағлар миқдори 3,5 баробарга ошириладиган бўлди. Бу дегани бюджетнинг 8 триллион сўм пулини қаерга ишлатишни амалдорлар эмас, одамларнинг ўзлари ҳал қилади.
«Ташаббусли бюджет» нима учун муҳим деган саволга жавоб оддий. Сиз шунчаки СМС юбориш орқали бюджет пули қаерга ишлатилишини танлашингиз мумкин. Қолаверса, маҳалла йўлини асфальт қилиш, трансформаторни алмаштириш ёки шунга ўхшаш муаммолар учун ҳокимиятга бориб, ваъдалар амалга ошишини кутиб ўтириш шарт бўлмайди: маҳалла аҳли ўзи ҳамжиҳатликда бунга пул ажратилишига эришиши мумкин.
Халқ сайлаган депутатлар халқнинг пулини улар хоҳлагандек тақсимлайдиган кунлар келмагунча «Ташаббусли бюджет» каби лойиҳалар жуда ҳам керак.
«Ёпиқ» хусусийлаштириш
Ўзбекистонда хусусийлаштиришнинг янги тўлқини кетяпти. 2025 йил охиригача давлат иштирокидаги корхоналар 75 фоизга камайиши керак. Бу жараёнда қатор йирик корхоналар ҳеч бир танловсиз хусусий қўлларга топшириляпти.
Хусусан, 3та йирик актив – «Талимаржон» ИЭС, «Ипотека банк» ва «Биринчи резинотехника заводи» жамоатчиликка тўлиқ ошкор қилинмаган ёпиқ битимлар билан инвесторларга бериб юборилди.
Uzcard’даги 75 фоизлик давлат улуши 210 млрд сўмга сотилгани ҳам айрим эътирозларни келтириб чиқарди. Давлат бу компанияни хусусийлаштирмоқчи экан, уни қимматроққа сотиш учун МЧЖдан АЖга айлантириши, шу тариқа 25 фоиз улушга эга хусусий улушдорларнинг эксклюзив ҳуқуқини айланиб ўтиши керак эмасмиди?
Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасининг 100 фоизлик давлат улуши Abu Dhabi Uzbek Investment инвестициявий фонди томонидан 87 миллион доллар эвазига сотиб олингани ижтимоий тармоқларда турлича қабул қилинди. Меҳмонхона 2013-2016 йиллар оралиғида қурилган ва лойиҳа қиймати тахминан 205 миллион долларни ташкил этган.
Шаффоф ва очиқ бозорда рўй бермаган хусусийлаштириш ҳолатлари самарали сармояларнинг камайиб боришига олиб келади. Хусусийлаштириш натижаларига жамият тарафидан шубҳа уйғонади, натижада давлат объектларини олган сармоядорлар етарлича сармоя киритишмайди, чунки мулк устидаги ҳақлари шубҳали эканини ўзлари яхши тушунишади.
Ёмон репутация потенциал инвесторларнинг савдоларда иштирок этиши ва Ўзбекистонга пул киритишига тўсқинлик қилади. Бу эса соғлом рақобатни чеклайди. Натижа давлат активларининг паст нархларда ўзимизнинг қоракўзларга турли хил имтиёзлар билан қўшиб сотилишига олиб келиши мумкин.
Юқори инфляция ва доллар тақчиллиги
Ўтиб бораётган йил Ўзбекистон Марказий банки учун анчайин синовли бўлди. Россиянинг Украинага бостириб кириши глобал бозорлардаги таъминот занжирларига оғриқли зарбалар берди, логистика билан боғлиқ харажатлар каррасига ошиб кетди. Импорт инфляцияси, ишлаб чиқариш, логистика ва етказиб бериш билан боғлиқ таклиф омиллари таъсирида инфляция даражаси дастлабки прогноз қилинган 8-9 фоиз атрофида эмас, балки йил якунида 12,3-12,5 фоиз даражасида шаклланди.
Жорий йилнинг июнь, июль ва сентябрь ойларида тижорат банкларида валюта танқислиги юзага келди. Бунинг сабаби мутахассислар томонидан рубль курси Марказий Осиё мамлакатлари миллий валюталарига нисбатан шиддат билан мустаҳкамланишда давом этаётгани билан изоҳланди. 2022 йилнинг бошида геосиёсий вазият ўзгариши натижасида рус банкларига доллар ва евро бериш тўхтатилди. Натижада ўзбек банкларида Европа ёки Америка банкларидан валюта олиб келишга зарурат пайдо бўлди. Ушбу вазиятда Марказий банк АҚШнинг Федерал резерв тизими билан боғланиб, нақд валюта олиб келиб, тижорат банкларига етказишни бошлади. Йил охирларига келиб валюта билан юзага келган тақчилликлар бартараф этилди.
Экспорт ҳажми (олтин экспортини ҳисобга олмаганда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,3 фоизга, импорт – 21,2 фоизга ва трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажми 2,2 баробарга ошди. Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси йил бошига нисбатан (10 819,6 сўмдан 11 246,8 сўмга) 3,8 фоизга қадрсизланди.
«Ёшига тўлмаган» иномаркалар учун «растаможка» нархи пасайтирилди
Жорий йил 21 февраль куни имзоланган «Автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига кўра, Ўзбекистонга автомобиллар импорт қилишда божхона расмийлаштируви икки босқичда пасайтирилиши кўзда тутилганди.
Қарор имзоланган пайтдан эътиборан бож ставкалари 30 фоиздан 15 фоизга туширилди, шунингдек автомобиль двигатели қувватининг ҳар бир куб см учун белгиланган қўшимча коэффициентлар ҳам ўртача икки баробар ва ундан кўпроққа камайтирилди.
Шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб, автомобиль двигатели қувватига боғланган қўшимча коэффициентлар яна бир бор пасайтирилади, 15 фоизли асосий бож ставкаси эса ўзгаришсиз қолади.
Янги тартиб ишлаб чиқарилган санасидан Ўзбекистон божхона чегарасини кесиб ўтган кунгача 1 йилдан ортиқ вақт ўтмаган автотранспорт воситаларигагина тааллуқли.
Ўзбекистоннинг давлат қарзи кўпайди
Жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига Ўзбекистон давлат қарзи 26,2 млрд долларни ташкил этмоқда. Дастлабки III чорак давомида глобал инфляция сабаб жаҳонда фоиз ставкалари ошиб кетгани Ўзбекистон ҳукуматининг аввалги йиллардаги каби фаол қарз олишини чеклаб қўйди. Шундай бўлса-да, охирги чоракда бюджет тақчиллигини қоплаш учун катта миқдорда қарз маблағлари жалб қилинган бўлиши мумкин. Собиқ молия вазири Тимур Ишметовнинг Қонунчилик палатасида берган ахборотига кўра, 2022 йил якунлари бўйича давлат қарзи 29 млрд 215 млн долларни ташкил этиши кутилмоқда. Бу рақамлар кейинги йил (2023 йил) 32 млрд 62 млн долларга етиши прогноз қилинган.
«Супервазирлик»
Йил якунида эълон қилинган маъмурий ислоҳотлар фонида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ҳамда Молия вазирликлари негизида «супервазирлик» мақомини олган Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташкил этилди. Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси ҳам шу вазирлик таркибига кириб кетди. 2020 йилдан Молия вазирлигини бошқариб келган Тимур Ишметов янги вазирлик раҳбарлигида қолдирилмади. У 2023 йилни президент маслаҳатчисига ўринбосар сифатида бошлайди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги раҳбари бўлган Жамшид Қўчқоров эса бош вазир ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттиради. Натижада янги вазирликни ДСҚ раҳбари Шерзод Қудбиев бошқарадиган бўлди.
Таъкидлаш лозимки, ўтган давр мобайнида Қўчқоров – Ишметов бошчилигидаги иқтисодий блок ОАВ ва жамоатчиликка ёпилиб олмади, хатоларга ва танқидларга нисбатан мўътадил муносабатда бўлишди. Юқорида эслаб ўтилган бир қанча либерал ўзгаришлар: ғалла ва энергетика ислоҳоти, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг амалиётга татбиқ этилишида ҳам Қўчқоров – Ишметов «тандем»ининг ўрни алоҳида аҳамиятга эга.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
22:40 / 19.10.2024