Ўзбекистон | 17:16 / 04.01.2023
33901
7 дақиқада ўқилади

“Бу ерда ССВнинг айби бор” — профессор “Док-1 Макс” воқеалари ҳақида

Тошкент тиббиёт академияси профессори Зарифбой Ибодуллаев Kun.uz билан суҳбатда “Док-1 Макс” фожиасига муносабат билдираркан, Соғлиқни сақлаш вазирлигини Гамбияда 69 боланинг вафоти ва бу бўйича ЖССТ эълон қилган огоҳлантиришга бефарқ бўлганликда айблади.

— “Док-1 Макс” сабаб болаларда ўлим ҳолати қайд этилгач, ССВ расмий муносабат билан чиқди. Унга кўра, болалар ўлими таҳлилини олиб бормагани учун шу воқеаларни фош қилган шифокорлар айбдор деб топилди. Мана шунга муносабатингиз қандай? Бу жараёнда шифокорларни айблаш қанчалик тўғри?

— Биринчидан, аксинча, бу шифокорларга ташаккурномалар берилиши керак эди. Шу ерда мантиқан бир савол туғилади: нима учун ССВ бундан 6 ой олдин ЖССТнинг огоҳлантиришига*, 3 ой олдин, яъни октябрда мана шу дори ёки унга ўхшаш заҳарли дориларни қўллаш бўйича чеклов берганига эътибор қилмади? ССВ республикадаги тиббиёт, фармацевтика билан боғлиқ ишларга алоқадор-ку. Ҳаттоки, шу шифокорлар ҳибсга олинганини ҳам эшитдик. Бу шифокорлар огоҳлантирилмагани ва нега ушбу дорилар Ўзбекистонга кириб келгани, нима учун ЖССТнинг тавсияси билан бутунлай олиб ташланмагани бўйича ССВга қарши даъво билан чиқишлари мумкин. Бу ерда вазирликнинг ўзи ҳам айбдор, у ҳам қонун олдида жавоб бериши керак.

Республикага кириб келаётган ҳар қандай дори воситалари рақамли маркировкадан ўтиши керак эди. Бутун дунёда дорилар ҳаракатини кузатиб турувчи тизим йўлга қўйилган, унда дориларнинг қаерда ишлаб чиқарилгани, қайси чегарадан ўтгани, қайси шифохонага бориб тушгани, халқаро экспертиза хулосаси қандай каби маълумотлар жамланади. Шу тизим билан интеграция қилиниши керак эди.

Ёки бўлмаса, нега ЖССТнинг тавсиясига амал қилинмади? Вазирлик бу ишни қилиши керак эди. Нима учун “тепа”да ўтирган мутасаддилар буни текширмади?

Фурсатдан фойдаланиб, бош шифокор Маматқул Азизов лавозимидан озод этилган бўлса, уни ишига қайтаришларини сўрайман. 70 ёшга кирган мутахассис экан, ҳеч бўлмаса маслаҳатчи қилиб бўлса ҳам олиб қолиш керак. Ҳибсга олинган мутахассислар ҳам вақтинча озод қилиниб, суд ҳам очиқ ўтказилиши лозим. Шифокорлар ҳам қўрқмай айнан ССВни айблаб чиқишсин, керак бўлса вазирликни айблаб 7 нафари қўл қўйсин. Ҳурматли ССВ ва фармацияга жавоб берувчи, дорилар сифатини назорат қилишга масъул одамларни ҳам Олий судга беришсин.

Бундай ҳолатлар бошқа вилоятларда бўлмаётганига ким кафолат бера олади? Вафот этган бемор болаларни барча вилоятларда текшириш керак. Балки, айнан шу дори туфайли ўлимлар сони кўп бўлиши мумкин.

Агар самарқандлик профессор шифокоримиз шуларни айтмай, ўлим бўйича воқеадан хабардор қилмаганида ва бу маълумотлар жамоатчиликка чиқмаганида яна қанчадан қанча болалар ўлган бўлар эди? Менимча, янги соғлиқни сақлаш вазири буни шахсий назоратига олади. Шу дорилар ва шунга ўхшаш бошқа дорилар билан боғлиқ вазиятни бутун республикада юриб, ўрганиб чиқади ва бу шаффоф бўлади деган умиддаман.

— Интервьюдан олдин тизимда коррупцион схема борлиги ҳақида гапирдингиз...

— Соғлиқни сақлаш тизимида коррупцион схема бор, у 3 қаватдан иборат. Биринчи қаватда турувчилар – вазирликнинг соҳа учун жавоб берадиган мутасаддилари. Яъни бош мутахассислар шу дориларни олиб кирувчи фармкомпаниялар билан ўзаро тил бириктиради. Бунинг тепасида, айтганимдек, бош мутахассислар, тиббиёт институтлари ректорлари ва баъзи “замминистр”лар туради. Тизимда ҳалол ходимлар билан бирга, мана шуларга аралашиб қолганлари ҳам бор.

Дорилар билан боғлиқ иккинчи қаватда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиқлари, вилоятларда жойлашган тиббиёт институтлари ректорлари ҳамда ўша ерларнинг бош мутахассислари туради.

Учинчи қаватда турувчилар эса шифокорлардир. Яъни ўша “тефал чойнак”ка, “халат”га ёки ўша доридан бонусга ишлайдиган қават. Буларнинг ҳаммасини таг-туги билан йўқотиш, албатта, қийин. Лекин кескин камайтирадиган тизим бу – суғуртали тиббиётга ўтишдир. Буни ДХХ ҳам, прокуратура ва “КРУ” ҳам қилолмайди.

Агар суғуртали тиббиётга ўтилса, кўпчилик халққа жабр бўлмайдими деб сўраяпти. Дастлабки йил бўлиши мумкин. 2023 йил бутун 12 ой давомида суғуртали тиббиёт билан боғлиқ сарф-харажатларни давлатнинг ўзи бутунлай бўйнига олиши керак. Шу вақт давомида суғуртали тиббиёт шифокорларга тушунтирилиши, тизим қандай бўлиши ўргатилиши керак. Бунинг учун махсус гуруҳ тузилиши зарур. Бунда маблағни давлат қаердан олади, давлатга ҳам осон эмас. Барча ҳар қандай кераксиз “cити”ларни, қурилиш лойиҳаларини тўхтатиб, уларга ажратилган пулни зудлик билан суғуртали тиббиёт билан боғлиқ сарф-харажатларга йўналтириш керак.

Қозоғистон бу тизимга 2018 йилда ўтган эди, улар ҳам 1 йил қийналди. Мен бу жараённи яхшилаб кузатдим, бизда ҳам шундай бўлиши мумкин.

Суғуртали тиббиётда, ҳар бир врачнинг столида диагностика ва даволаш стандартлари туради. Ўша стандарт бўйича учта дори берилиши керак бўлса, беморга шу учтасини ёзади. Бирор нохуш ҳолат рўй берса, врач ўзини ҳимоя қила олади, мен шу стандартларга риоя қилганман деб. Суғуртали тиббиётга ўтсак, дўхтирлар ўз билганича эмас, аниқ бир стандарт бўйича даволайди.

Барча тиббиёт институтларида далилларга асосланган тиббиёт ўқитилиши керак. Далилларга асосланган тиббиёт нима дегани? Бутун дунёдаги дорилар бир хил самарага эга эмас. Соддароқ қилиб тушунтирсам, 100 фоиз самарали дорилар “А” гуруҳига, самараси бироз пастроқлари “B” гуруҳига, 50 фоиз самаралиси “C” гуруҳига, самараси умуман исботланмаган дорилар “D” гуруҳига киритилади. Ўзбекистонда “D” гуруҳига кирувчи дорилар тиқилиб кетган. Суғуртали тиббиётга ўтишда давлат буларни экспертизадан ўтказиши керак. Ўз-ўзидан таъсир доираси йўқ, халқаро стандартга жавоб бермаган дорилар бозордан чиқиб кетади.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади,

Тасвирчи ва монтаж устаси Ғиёс Сафаров.

2022 йил октябр ойи бошида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти огоҳлантириш эълон қилган эди: унга кўра, Ҳиндистоннинг Maiden Pharmaceuticals компанияси ишлаб чиқарган тўртта сироп Гамбияда 69 нафар боланинг ўткир буйрак етишмовчилиги келиб чиқиши натижасида вафот этиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу дорилар қуйидагилар: “Promethazine Oral Solution” номли прометазин эритмаси, болалар учун йўталдан дорилар – Kofexmalin ва Makoff, шунингдек, шамоллашга қарши Magrip N сиропи.

Мавзуга оид