«Ҳозир уларни енголмаймиз, улар ҳам бизни енголмайди». Украина ҳарбий разведкаси раҳбари билан интервью
Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар ҳозирда боши берк кўчага кириб қолган, Украина ҳам, Россия ҳам сезиларли муваффақиятга эриша олмаяпти. Киев айни дамда ғарблик иттифоқчиларидан замонавий қуроллар кутмоқда. Бу ҳақда Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи Кирилл Буданов BBC нашрига берган интервьюсида айтиб ўтган.
«Вазият шунчаки боши берк кўчага кириб қолди. У умуман ривожланаётгани йўқ», дейди Буданов.
Ноябр ойида Украина қўшинлари Херсонни қайтариб олгандан сўнг, энг шиддатли жанглар Донецк области шарқидаги Бахмут шаҳри атрофига кўчди. Фронтнинг бошқа қисмларида рус қўшинлари мудофаага ўтган ва бутун 1000 километрлик фронт чизиғи бўйлаб Украина қўшинларининг қуруқликдаги операциялари ҳужумкорлиги ҳам қиш бошланиши билан секинлашди.
Будановнинг сўзларига кўра, Россия «ҳозир тўлиқ боши берк кўчага кириб қолиб», жуда катта йўқотишларга учрамоқда. Унинг фикрича, Кремль армияга чақирилувчиларнинг навбатдаги сафарбарлигини эълон қилади.
«Аммо Украина кучларида ҳам кўплаб йўналишларда олдинга силжиш учун ҳали ҳам ресурслар етишмаяпти», дея қўшимча қилади разведка раҳбари.
«Биз барча йўналишларда уларни тўлиқ мағлуб эта олмаймиз. Улар ҳам бизни мағлуб этолмайди. Биз қуролларнинг янги партиялари ва янада замонавийроқ қуроллар етказиб берилишига қаттиқ умид қиляпмиз», дейди Буданов.
Декабр ойида, Россия армиясининг бир қатор чекинишларидан сўнг, Украина расмийлари Россия армиясининг 2023 йил бошида Беларус ҳудудидан қўққисдан янги қуруқлик ҳужуми уюштириши эҳтимоли ҳақида гапира бошлади.
Украина ҳарбийлари фикрича, руслар Киевни эгаллашга иккинчи уринишни амалга ошириши мумкин. Бунинг учун ҳозирда Россияда тайёргарликдан ўтаётган ўн минглаб захирадаги аскарлар жалб қилинади.
Бироқ Будановнинг фикрига кўра эса, Россиянинг Беларусдаги ҳаракатлари, жумладан, у ерга аскарлар ва техникаларни олиб ўтиши Украина қўшинларининг бир қисмини жануб ва шарқдан шимолга кўчишга мажбур қилишдир.
Унинг сўзларига кўра, бир неча кун олдин Беларус-Украина чегараси яқинида рус аскарлари бўлган поезд тўхтаган ва бир неча соатдан кейин бирорта ҳам одамни туширмай ортга қайтиб кетган.
«Улар буни кундузи, очиқчасига, ҳамма кўриши учун қилди», дейди Буданов.
«Айни дамда мен Киевга ёки Беларус билан қўшни шимолий ҳудудларга бостириб киришга тайёргарликнинг ҳеч қандай аломатларини кўрмаяпман», дея қўшимча қилган у.
BBC нашрининг Буданов билан интервьюси унинг Киевдаги хира ёритилган офисида, Россия президенти Владимир Путин уч йилдан ортиқ вақтдан сўнг илк бор Минскка ташриф буюрганидан бир неча кун ўтиб бўлиб ўтди.
Шубҳасиз, тез орада Путин Александр Лукашенкони Беларус қўшинларини Украинага юборишга кўндириш учун Минскка боргани ҳақидаги тахминлар пайдо бўлди.
Россия қўшинлари аллақачон Беларус ҳудудидан Украинага ҳужум қилган (урушнинг дастлабки ҳафталарида), аммо Буданов Беларус жамияти урушдаги эндиги иштирокни қўллаб-қувватламаслигини айтади ва таҳлилчилар Беларуснинг 48 минг кишилик армиясининг жанговар тайёрлигини шубҳа остига олади.
«Айнан шу сабаб ҳам президент Лукашенко ўз мамлакатига келиши мумкин бўлган фалокатнинг олдини олиш учун барча чораларни кўрмоқда», дейди Украина ҳарбий разведкаси бошлиғи.
Херсон қўлга киритилгандан сўнг, рус қўшинлари билан энг оғир жанглар Бахмут атрофига кўчди. Шаҳар атрофидаги вазият Биринчи жаҳон уруши хандақлари билан солиштирилаётгани бежиз эмас. Бахмутнинг руслар томонидан эгалланиши Украина таъминот чизиқларини узиб қўяди ва рус қўшинлари учун Украинанинг шарқдаги бошқа таянч нуқталари, жумладан Краматорск ва Словянскка йўл очади.
Бахмутга ҳужумни «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси бошқармоқда. Унинг асосчиси Евгений Пригожин учун шаҳарнинг эгалланиши сиёсий мукофот ва Россия раҳбариятидаги яширин курашдаги яна бир устунлик бўлади.
Октябр ойи ўрталаридан бери Россия Украинага мунтазам ҳаво ҳужуми кампаниясини ҳам олиб бормоқда. Улар Украинанинг муҳим инфратузилмаларига ракета ва дронлар орқали зарбалар бериб, миллионлаб одамларни электр, иссиқлик ва сувсиз қолдирди.
Будановнинг фикрича, бу ҳужумлар ҳали давом этади, аммо Россиянинг ракета захиралари тугаб боряпти ва Россия саноати уларнинг ўрнини тезда тўлдиришга қодир эмас.
Россия қўшинлари Эрон дронларидан фойдаланаётган бўлса-да, Теҳрон Ғарб давлатларининг янги санкциялари хавфи остида Москвага кучлироқ қуроллар, хусусан, ракеталар етказиб беришдан бош тортмоқда.
Буданов фронтдаги вазият боши берк кўчага кириб қолганига қарамай, охир-оқибат Украина барча босиб олинган ҳудудларни, жумладан Қримни ҳам қайтариб олишига ва совет иттифоқи парчаланганидан кейин мустақиллик эълон қилиниши билан ўрнатилган 1991 йилги чегараларига қайтишига ишончи комил.
Мавзуга оид
17:58
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
16:42
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
10:47
Россия 145 та дрон билан Украинанинг йирик шаҳарларига ҳужум қилди
09:00