Ўзбекистон | 07:53 / 05.01.2023
7910
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони янги лойиҳалар ҳақида келишиб олди

Саудия Арабистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Инвестициялар вазирлиги ҳамда Саудия Арабистони Инвестициялар вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон-Саудия Арабистони бизнес-форуми ташкил этилди.

Ўзбекистонда иқтисодиётдаги давлат улушини қисқартириш ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш, банкларни трансформациялаш, самарали фонд бозорини шакллантириш, устувор тармоқларда давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган ислоҳотларни давом эттиришга қатъий содиқлик билдирилди.

Ташқи савдо ҳажми ва географиясини кенгайтириш учун очилаётган имкониятлар, жумладан, минтақавий бозорлар ва GSP+ имтиёзлари асосида Европа Иттифоқи бозорларига эркин кириш имкониятларидан самарали фойдаланиш, йирик минтақавий транспорт лойиҳаларини илгари суриш орқали савдо йўлларини диверсификация қилиш ва мамлакатнинг ЖСТга кириш бўйича саъй-ҳаракатлари сўзга олинди.

– Ўзбекистон ва Саудия Арабистони бой табиий ресурсларга, улкан саноат салоҳиятига эга. Биз Ўзбекистонда ҳам, Саудия Арабистонида ҳам юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган қўшма корхоналарни ташкил этишни режалаштирмоқдамиз, улар келгусида аҳолисининг умумий сони 1,4 миллиарддан кўпроқ потенциал истеъмолчиси бўлган минтақавий ва Европа бозорларига, шунингдек, Катта Араб эркин савдо ҳудуди мамлакатларига экспорт қилинади, – деди бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев.

Форум якунлари бўйича устувор тармоқларни ўз ичига олган ҳужжатлар тўплами имзоланди. Уларнинг амалга оширилиши Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик кўламини сезиларли даражада кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни юқори даражада чиқариш имконини беради.

Мавзуга оид