Ўзбекистон | 17:06 / 06.01.2023
50910
2 дақиқада ўқилади

«Quramax Medical»нинг Ўзбекистонда сотуви тўхтатилган дорилар рўйхати эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

«Док-1 Макс» сиропи болалар ўлимига сабаб бўлгани ортидан ушбу дорини Ўзбекистонга олиб кирган «Quramax Medical»нинг бошқа препаратлари сотуви ҳам қўшимча текширувдан ўтказиш ва эҳтиёт чораси сифатида тўхтатилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Чуқурлаштирилган сифат назорати натижаларига кўра, «Док-1 Макс» ҳамда «Амбронол» дори воситаларининг айрим серияларида пропиленгликоль моддаси ўрнига ёки у билан бирга этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари мавжудлиги маълум бўлган.

«Шуни инобатга олган ҳолда ССВ аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва қолган дориларни ҳам қўшимча текширувдан ўтказиш мақсадида эҳтиёт чораси сифатида «Quramax Medical» МЧЖ томонидан 2022 йил юртимиз ҳудудига олиб кирилган барча препаратлар сотувини тўхтатди», дейилади хабарда.

Олдинроқ соғлиқни сақлаш вазири «Quramax Medical» компаниясининг барча дориларини сотишни тўхтатишга кўрсатма берганди.

Эслатиб ўтамиз, «Док-1 Макс» сиропи болаларга ножўя таъсир қилгани оқибатида Ўзбекистон бўйлаб 19 нафар бола ҳалок бўлганди. Ўзбекистон ҳукумати Ҳиндистон элчихонасига берган маълумотда эса «Док-1 Макс» дори воситалари таркибида этиленгликоль моддаси тиббий қоидаларда кўзда тутилган нормадан 300 баробар кўп экани аниқлангани айтилган

Мавзуга оид