Жаҳон | 22:45 / 10.01.2023
11721
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда Marion Biotech фармацевтика компаниясининг лицензияси тўхтатилди

Бу компания ишлаб чиқарган “Док-1 МАКС” сиропи Ўзбекистонда камида 20 нафар боланинг ўлимига алоқадор кўрилмоқда.

Фото: REUTERS/Anushree Fadnavis

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати маъмурияти Ўзбекистонда камида 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилаётган “Док-1 МАКС” сиропини ишлаб чиқарувчи Marion Biotech фармацевтика компанияси лицензияларини тўхтатди. Бу ҳақда Business Standard хабар берди.

«Компанияга биологик ва нобиологик дори воситаларини ишлаб чиқариш учун берилган лицензиялар кейинги хабарномагача тўхтатиб қўйилди», деди Озиқ-овқат ва дори воситалари хавфсизлиги департаменти вакили.

Лицензияларнинг тўхтатилишига Marion Biotech компаниясининг Ноида шаҳридаги заводида ишлаб чиқариш жараёни билан боғлиқ қонунбузарликлар сабабини кўрсатиш бўйича қўйилган талабга жавоб бермагани сабаб бўлган. Расмий хабарнома компанияга 30 декабрда юборилган, жавоб 5 январгача бўлиши керак эди.

«Биз қўшимча вақт бердик, лекин компания жавоб бермади ва текшириш вақтида заводда аниқланган қонунбузарликларни баҳолаб, кеча ишлаб чиқариш лицензиясини тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди», деди расмий.

Унинг сўзларига кўра, Marion Biotech дори воситаларида заҳарли этиленгликол моддасининг меъёрдан ортиқ экани синов натижаларида аниқланса, компания жазога тортилади.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, Marion Biotech компанияси ишлаб чиқарган “Док-1 МАКС” ва “Амбронол” дори воситалари таркибида пропиленгликол ўрнига ёки у билан бирга заҳарли этиленгликол ва диэтиленгликол моддалари аниқланган.

Мавзуга оид