Жаҳон | 22:35 / 10.01.2023
39966
10 дақиқада ўқилади

Соледарда Украина қўшини учун таҳдидли вазият юзага келди. Асосий маълумотлар

Россияликлар Донецк областининг Соледар шаҳридаги мудофаа чизиғи ёриб ўтилганини маълум қилган. Катта эҳтимол билан «Вагнер» отрядлари ушбу шаҳарнинг катта қисмини назорат қилмоқда.

Clodagh Kilcoyne / Reuters / Scanpix / LETA

6 январ куни кечқурун россиялик ҳарбий блогерлар РФ қўшини Донецк областининг Соледар шаҳрини эгаллаш учун жангларда муваффақиятларга эришаётгани ҳақида хабар бера бошлади. Россия президенти Владимир Путин томонидан эълон қилинган бир томонлама ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, бу ҳудудда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси кучлари ҳужум қилишда давом этган.

Хусусан, блогерлар «шаҳарнинг бир қисми назоратга олингани», хусусан «Артемсоль» заводи эгаллангани, шунингдек Россия бўлинмалари гўёки «шаҳар маркази орқали олға ҳаракатланаётгани» ҳақида ёзишди. Шу билан бирга Владимир Путин томонидан эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш режими ҳақида тилга олинмаган.

«Сулҳ кучсизлар учун. «Вагнер» ХҲК штурмчи гуруҳлари Артемовскнинг шимолий-шарқий чеккасидаги Подгородное қишлоғини озод этишди. Рождествони катталардек нишонлашди», дея ёзган россиялик ҳарбий мухбир Борис Рожин.

Тармоқларда шаҳарда кўча жанглари кетаётгани ҳақидаги видеолар тарқалди, ҳарбий мухбирлар шаҳар атрофидаги посёлкалар озод этилаётгани ҳақида, россиялик айрим спикерлар эса Украина қуролли кучлари шаҳарни тарк этиши мумкинлиги ҳақида ёзишди.

«Ўйлайманки, яқин вақтлар ичида рақиб Соледар ва унинг атрофидаги посёлкаларни тарк этади, душман манбалар Украина қуролли кучлари чекинишга буйруқ олганини тасдиқлашмоқда», деб ёзди «ЛХР» расмийси Виталий Киселев.

Соледар атрофида интенсив жанглар декабр ойи охирида бошланди. Аввалроқ Wall Street Journal Россия қўшинлари Бахмутни эгаллашда Украина қуролли кучларининг қаттиқ қаршилигига дуч келгач, тактикани ўзгартириб, қўшинларни қайта гуруҳлаган ҳолда асосий эътиборни Соледарга қаратганини хабар қилганди.

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангчилари, катта эҳтимол билан Украинанинг Донецк области Соледар шаҳрининг катта қисмини назоратига олган. Бу ҳақда Буюк Британия мудофаа вазирлиги 10 январ куни эълон қилган фронтдаги вазият бўйича шарҳда айтилади. Британ ҳарбий разведкасига кўра, Россия кучлари сўнгги тўрт кун давомида Бахмутдан 10-15 километр масофадаги Соледар шаҳрига ҳужум қилмоқда. Хусусан, жанглар икки томон ҳам бир-бирининг ортига ўтиш имконини берувчи 200 километрлик ташландиқ туз конлари туннелига кириш жойини эгаллаш учун ҳам олиб борилмоқда, дея қайд этади идора.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги қўшимча қилишича, Бахмут катта эҳтимол билан Россия қўшинларининг асосий оператив мақсади бўлиб қолади, аммо улар яқин вақтлар ичида бу шаҳарни ўраб олиши даргумон. «Бахмутга босим кучайганига қарамай, рус қўшинлари уни тез орада ўраб олишлари даргумон, чунки Украина қўшинлари барқарор чуқур мудофаа чизиғини ва таъминот йўлларини назорат қилмоқда», — дейилади ҳисоботда.

«Вагнер» кучлари Соледар шаҳри марказини эгаллаш учун жанг олиб бораётгани ҳақида Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW) Украинадаги вазият бўйича ҳар кунги ҳисоботида россиялик ҳарбий мухбирларга асосланган ҳолда хабар қилган. «9 январ куни эълон қилинган кадрлар Соледар шаҳри маъмурияти атрофида ўқотар қуроллардан интенсив отишмалар кетаётганини кўрсатади», — дея қайд этади ISW. «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари маъмурият биноси атрофида жанг қилаётгани ҳақида 9 январ куни ушбу компания хўжайини Евгений Пригожин ҳам маълум қилганди.

ISW томонидан келтирилган маълумотларга кўра, Россия кучлари Донецк областидаги фронт чизиғида қуруқлик орқали ҳужумга ўтган ва Соледар ҳамда Бахмут атрофидаги ҳудудларда мустаҳкам ўрнашган. Россиялик ҳарбий блогерларнинг хабарларига кўра, Соледардаги Украина қўшини «Артемсоль» корхонаси ва шаҳар шимолий қисмидаги кўп қаватли уйлар устидан назоратни сақлаб қолмоқда.

Евгений Пригожин 10 январ куни «Соледарнинг ғарбий чеккаларида оғир қонли жанглар кетаётгани», украин армияси эса «мардонавор жанг қилаётгани»ни айтиб чиқди. Ўз навбатида, «ДХР» раҳбари Денис Пушилин Соледар «озод этилишига яқин қолгани», аммо «бу жуда қимматга тушаётгани»ни маълум қилди. Пушилин шунингдек жанглар Соледарнинг ғарбий қисмига кўчганини — ва «бу рақиб чекиниши учун ҳали йўл бўлган ягона йўналиш» эканини айтди. Пригожин Украина қуролли кучлари жангчилари Соледардан ёппасига қочаётгани ҳақида тарқалган хабарлар ёлғон эканини айтди.

Бахмутнинг зарбалардан кейинги кўриниши
Соледарнинг юқоридан олинган тасвири

Украина қуролли кучлари 9 январ куни кечқурун «Вагнер» кучлари Соледарга «кучли ҳужум» бошлагани ҳақида хабар берди. Украина мудофаа вазирлиги матбуот котиби Анна Маляр Россия кучлари шаҳарни эгаллаш учун «муваффақиятсиз уриниш»дан кейин қайта гуруҳлангани ва «Вагнер» ХҲКнинг «энг яхши захира кучлари»дан ташкил топган кўплаб штурм отрядларини Соледар ҳудудига ташлагани ҳақида айтди. Малярнинг айтишича, Россия «том маънода ўз аскарлари жасадлари устидан юриб, артиллерия, баравар ўт очиш тизимлари ва миномётлардан ёппасига ўт очиб, ҳатто ўз аскарларини ҳам олов ичида қолдирганча юриш қилмоқда». Украина қуролли кучлари Бош штаби 10 январ куни украин қўшини Соледарда Россия кучлари ҳужумларини қайтаргани ҳақида маълум қилди (Бош штабдагилар бундан олдинги икки кунда ҳам шундай маълумот беришганди).

Россия кучлари Украина қуролли кучларининг Соледардаги гуруҳлари таъминот линияларини ўққа тутиш мумкин бўлган позицияга чиққан ва шу туфайли шаҳарда «таҳдидли» вазият юзага келган. Бу ҳақда 9 январ куни кечқурун Украинанинг «Цензор.нет» нашри бош муҳаррири Юрий Бутусов ёзди (у сўнгги кунларда шаҳарда эди). «Руслар йўлнинг ўзига чиқа олмайди. Бу тўлиқ қуршов эмас, аммо трасса бўйлаб нормал таъминот амалга ошириш имконсиз, бу эса мудофаа учун вазиятни оғирлаштиради. Аммо вазиятни тузатиш учун ҳали имконият бор», — деган Бутусов.

Бутусовнинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда Соледар ҳимоясидаги украин десантчилари россияликларнинг 20-30 метр масофагача яқин келган штурм гуруҳлари билан жанг қилмоқда. «Россия штурм гуруҳлари яқин масофадаги контакт жангларида бирин-кетин йўқ қилинмоқда, аммо улар жангга захира кучларини ташлаб, ҳужум қилишда давом этмоқда», — деган у. Журналистнинг сўзларига кўра, Украина қўшини ҳаракатларини музлаш ҳолати қийинлаштирмоқда (ҳаво ҳарорати −18 даражагача тушган).

Володимир Зеленский Россия Соледар учун жангларда катта йўқотишларга учраётгани ҳақида айтди. Украина президенти бу ҳақда урушнинг 320-куни якунларига бағишланган видеомурожаатида маълум қилди. Зеленский Соледарда «барчаси вайрон бўлгани, ҳаёт деярли қолмагани», «минглаб» россияликлар ўлдирилганини айтди. У фронтдаги «энг қайноқ нуқталар» Донецк ва Луҳанск областларида эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Соледарда украин ҳарбийлари Россия кучларининг «янги ва янада қақшатқич штурмларини тўхтатиб турибди», бунинг эвазига Украина вақтдан «ютиб», қўшимча кучларни олиб келишга муваффақ бўлмоқда.

«Донбасс учун кураш давом этмоқда. Ҳозир босқинчилар энг катта кучларини Соледарга қаратган бўлса-да, бу қийин ва узоқ давом этадиган жанг натижаси барибир бутун Донбассимизни озод қилиш билан тугайди. Бахмутимизни ҳимоя қилаётган ва максимал матонат кўрсатаётган барча жангчиларимизга миннатдорчилик билдираман! Босқинчиларнинг янги ва ҳатто қаттиқроқ ҳужумларига дош берган Соледардаги барча жангчиларга раҳмат! Бу жуда қийин — у ерда деярли бирорта бутун девор қолмаган. У ерда, Соледарда аскарларимизнинг қатъияти туфайли биз Украина учун қўшимча вақт ва қўшимча кучларга эга бўлдик. У ерда Россия нимани қўлга киритмоқчи? Ҳамма нарса бутунлай вайрон бўлган, ҳаёт деярли қолмаган. Улар минглаб одамларидан айрилган: Соледар яқинидаги бутун замин босқинчиларнинг жасадлари билан тўла ва зарбалардан илма-тешик бўлган. Жиннилик дегани мана шундай бўлади», — деган Зеленский. 

Киевдагиларнинг тасдиқлашича, «Вагнерчилар» сафларидаги катта йўқотишлар туфайли Соледарга Россия мунтазам армияси бўлинмалари юборилган. Бу ҳақда The New York Times нашрига анонимлик шарти билан юқори мартабали украиналик ҳарбий мулозим хабар берган. Унинг сўзларига кўра, россиялик ёлланма жангчилар «мулоҳасизлик» билан жанг қилиб, рўпарадан ҳужум қилмоқда, мунтазам армия аскарлари эса жанг майдонида манёврлар амалга оширади. Евгений Пригожин 9 январ куни «Соледарни фақат хусусий ҳарбий компания бўлинмалари эгаллаши»ни айтган. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти унинг сўзларига изоҳ бериб, Пригожин ёлланма жангчиларнинг Соледардаги муваффақиятлари ҳақидаги хабарлардан «Вагнер»нинг самарали жанговар куч сифатидаги обрўсини мустаҳкамлашда фойдаланаётганини билдирган.

Мавзуга оид