Иқтисодиёт | 12:29 / 11.01.2023
20945
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Озарбойжон жаҳонда илк бор ўзаро савдода eTIR жараёнини татбиқ этди

eTIR — юк ташиш учун ягона транзит рухсатномаси бўлиб, томонларни ортиқча қоғозлар бюрократиясидан озод қилади. Бу ҳақда томонларга янги электрон тизимни жорий этишда кўмаклашган БМТ расмий сайти хабар қилмоқда.

Рақамли расмийлаштирилган юкнинг илк партиясини Ўзбекистон Озарбойжонга етказиб берди. Аввал 4 та контейнерга жой бўлган юклар Тошкент халқаро аэропортига юк машинасида, у ердан Бокуга самолётда етказилди.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ва Озарбойжон ўртасида жаҳонда илк бор халқаро белгиланиши eTIR бўлган янги «халқаро йўл ташувлари» электрон тизими орқали савдо амалга оширилди. Европа иқтисодий комиссияси «халқаро юк ташувларда рақамли давр бошлангани» ҳақида эълон қилди.

Транспорт ташувларини яхшилаш Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари ҳамкорлигини ривожлантириш учун муҳим омил ҳисобланади. TIR — ягона транзит рухсатномаси — бу ғоянинг реал амалга оширилиши бўлган.

1975 йилда Европа иқтисодий комиссияси шафелиги остида БМТ «халқаро йўл ташувлари (ХЙТ) китобчасидан фойдаланиб юкларни ташиш тўғрисида божхона конвенцияси» қабул қилинган эди. Конвенциядан кўзланган мақсад чегараларни кесиб ўтаётган юкларни расмийлаштиришни соддалаштирувчи юк транспортировкаси тизимини яратиш эди (Ўзбекистонда ушбу конвенция 1996 йилнинг 28 мартидан кучга кирган).

Янги қоидаларни реалликка жорий этиш БМТ Европа иқтисодий комиссияси ХЙТ котибиятининг халқаро ташувлар ва транзитни модернизация қилишга йўналтирилган кўп йиллик уринишларидан сўнг имконли бўлди. ХЙТ Конвенцияси стандарт халқаро тан олинган божхона ҳужжати — ХЙТ китобчасидан фойдаланиб, товарларни транзит ташувини осонлаштирувчи халқаро тан олинган жараённи назарда тутади. Бироқ технологиялар ривожланиб бориши билан қоғозда чоп этилган ХЙТ китобчасидан фойдаланиш эскирган усул бўлиб қолаверди, айниқса миллий божхона маъмуриятлари уларни электрон жараёнларга боғлаб қўйишганидан сўнг.

eTIR жараёнини татбиқ этиш ХЙТ конвенциясига 2021 йилнинг май ойида кучга кирган 11-илова қабул қилинганидан сўнг имконли бўлди. Бу илова eTIR жараёнини, жумладан, eTIR халқаро тизимига жойлаштириш ва маъмурчилик қилишни, китобча эгалари шахсига аниқлик киритиш, шунингдек, eTIR’ни жорий этиш бўйича техник органнинг таркиби, функциялари ва тамойил қоидаларини ҳам тартибга солади.

Мавзуга оид