Иқтисодиёт | 14:23 / 13.01.2023
18024
2 дақиқада ўқилади

ХВЖ 2023 йилда жаҳон иқтисодиёти прогнозини пасайтирмайди

2023 йил оғир бўлади, аммо одамлар иш билан таъминланар экан, иқтисодиёт сақланиб қолади, дейди ХВЖ директори Кристалина Георгиева. У кейинги пасайишлар юз беришини кутмаяпти.

Фото: AFP

Жаҳон иқтисодиётида оғир давр давом этаётганига қарамай, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) 2023 йилда глобал иқтисодий ўсиш прогнозини яна бир бор пасайтиришни режалаштирмаяпти, у ҳозирда 2,7 фоизни ташкил этади. Бу ҳақда 12 январь, пайшанба куни Вашингтонда Халқаро валюта жамғармаси ижрочи директори Кристалина Георгиева маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, 2023 йил жаҳон иқтисодиёти учун яна бир оғир йил бўлади ва инфляцияни енгишнинг иложи бўлмайди, аммо кутилмаган ҳодисалар рўй бермаса, прогнозларни ёмонлаштиришга ҳожат қолмайди.

ХВЖ раҳбари таъкидлашича, ҳозирги дунё инқирозларга кўпроқ мойил бўлиб, жаҳон ҳамжамияти энг кутилмаган хавфларга, хусусан, иқлим фалокати, кучли киберҳужумлар ёки Россиянинг Украинадаги урушининг авж олишига тайёр бўлиши керак, бунда ядро қуролидан фойдаланиш эҳтимоли ҳам назарда тутилиши лозим.

Георгиеванинг қайд этишича, нефть нархининг кескин кўтарилиши ҳақидаги қўрқувлар амалга ошмади ва меҳнат бозорлари барқарорликни кўрсатмоқда. «Ижобий янгилик - меҳнат бозорлари барқарорлиги. Одамлар иш билан банд экан, улар юқори нархларга қарамай пул сарфлашади. Бу иқтисодиётга ёрдам берди», - дея Георгиева сўзларини келтиради Reuters.

11 октябр куни ХВЖ 2023 йилда глобал иқтисодий ўсиш прогнозини 2,9 фоиздан 2,7 фоизга туширди. «Қисқача айтганда, энг ёмони ҳали олдинда ва одамлар учун 2023 йил рецессия сифатида қабул қилинади», деди ўшанда ХВЖ тадқиқот департаменти директори Пьер-Оливье Гуринш.

Мавзуга оид