Россия Ўзбекистондан газ-транспорт тизимини “Газпром”га беришни сўраган — ОАВ
Россия Ўзбекистонга газ узатиш эвазига мамлакатнинг газ-транспорт тармоқларини беришни талаб қилгани айтилмоқда. Шунингдек, Москва Ўзбекистондан Хитойга газ экспортини ҳам назорат қилмоқчи бўлгани хабар қилинди. Айни пайтда Туркманистондан Ўзбекистонга газ экспорти тўхтаб қолган, лекин тез орада тикланиши мумкин.
Ноябр ойи охирида Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга “учтомонлама газ иттифоқи” тузишни таклиф қилган эди. Шундан кейин бу масалада бир неча марта икки томонлама учрашувлар ўтказилган.
Gazeta.uz бир нечта манбаларига таяниб ёзишича, аввалига Россия томони рус газини Ўзбекистонга Қозоғистон орқали, “Марказий Осиё – Марказ” қувурлар тармоғида етказиб беришни таклиф қилган.
“Россия томонининг асосий шарти Ўзбекистоннинг газ-транспорт тизимини бозор нархида “Газпром” эгалигига ўтказиш бўлган. Худди шундай талаб “Қозоқгаз” компаниясига ҳам қўйилган, лекин компания бундай шартларга рози бўлмаган.
Россия томони илгари сурган иккинчи шарт – Хитойга газ экспорти ҳуқуқини топшириш бўлган. Яъни “Газпром” келишувда Ўзбекистоннинг “UzGasTrade” компанияси ўрнини эгаллашни таклиф қилган.
Декабр ойида икки томонлама музокаралар натижаларига кўра Россия томонининг шартларини олиб ташлашга эришилган”, – дея ёзмоқда нашр.
Манбага кўра, Россиядан Ўзбекистонга газ етказишнинг техник имкониятларини баҳолаш учун яна серияли музокаралар ўтказилиши кўзда тутилмоқда. Лекин бунинг учун қилиниши керак бўлган ишларнинг масштаби катта ҳажмдаги молиялаштиришни талаб қилади. Шу сабабли таъминотни ташкил этишнинг амалий имконияти жуда кам, деган нашр манбалари.
Эслатиб ўтамиз, Кремл газ эвазига Ўзбекистон ва Қозоғистонга сиёсий шартлар қўяётганини расман рад этган. Декабр ойида Россия президенти Владимир Путин “учтомонлама газ алянси” ҳақида гапираркан, буни амалга ошириш учун Россия ҳудудида қиймати 260 миллиард рубл бўлган газ транспорти инфратузилмасини қуришга тўғри келишини айтганди.
Россия билан газ масаласидаги ҳамкорлик уч томонлама иттифоқ шаклида бўлишини Ўзбекистон ҳам, Қозоғистон ҳам хоҳламаяпти. Айни пайтда, ҳар икки мамлакат Россия билан газ масаласида икки томонлама музокаралар кетаётганини тасдиқлаган. Шу ҳафта Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов расмий Остона “учтомонлама иттифоқ” бўйича расмий таклиф олмаганини айтди, айни пайтда “Газпром” билан “тижорий ва ўзаро манфаатли” музокаралар кетаётганини билдирди.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам Тошкент Москва билан энергоресурслар импорти масаласида “аллақандай алянс ёки иттифоқ” шаклида эмас, тўғридан тўғри икки томонлама шартномалар асосида ишлашни кўриб чиқаётганини айтганди.
“Бунда миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда, ўзимизнинг тармоқларни қандайдир бировга бериб юбориш ёки бошқа орқали эмас, олди-сотди тижорий шартномалар асосида ҳамкорлик қилиш бўйича музокаралар олиб бориляпти”, – деганди вазир декабр ойи бошида.
Туркманистондан газ экспорти тикланиши айтилмоқда
Gazeta.uz, шунингдек, Туркманистоннинг Ўзбекистонга газ экспорти тўхтаб қолгани ҳақида ҳам ёзган. Нашр манбалари айтган версия шу кунларда ижтимоий тармоқларда ёзилаётган Россиянинг Ўзбекистонга газ сотмаслик бўйича Туркманистонга босим ўтказаётгани ҳақидаги тахминларни рад этади.
Нашрнинг ёзишича, 12 январ куни Туркманистон томони “Дарялиқ” станцияси орқали Ўзбекистонга табиий газ экспортини тўхтатган. Шу куни Ўзбекистон расмийлари “Туркмангаз” давлат концернидан телефонограмма олган бўлиб, унда экспортнинг тўхташи концерннинг газ қазиб чиқариш корхоналаридаги носозликлар билан изоҳланган.
Турли манбаларга кўра, газ узатишнинг тўхтатилишига сабаб – “Галқиниш” газ конденсати конидаги ички қазиб чиқариш коммуникацияларида гидрат ҳосил бўлганидир. Бунақаси қаттиқ совуқ шароитида рўй беради ва форс-мажор ҳолати ҳисобланади, дея тушунтирган мутахассислар.
Оқибатда Туркманистон нафақат Ўзбекистонга, балки “Туркманистон–Ўзбекистон–Қозоғистон–Хитой” қувурига ҳам газ узатишни кескин қисқартиришга мажбур бўлгани айтилмоқда.
“Ўзбекистонда вақтинча газни иқтисод режимига ўтилган. Икки мамлакат мутахассислари техник масалаларни ҳал этиш бўйича узлуксиз иш олиб бормоқда. Яқин вақт ичида Туркманистондан газ узатиш тикланиши кутилмоқда”, – деган нашр манбалари.
Бугун, 14 январ куни Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов музокара ўтказиш учун Ашхободга боргани айтилмоқда.
Умрзоқов 12 декабрда ҳам газ масаласида Ашхободга бориб, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳаммедов билан учрашган эди. Ўшанда икки мамлакат биринчи марта учинчи томоннинг иштирокисиз қисқа муддатли газ таъминоти бўйича келишувга эришган эди.
“Ўзбекистондаги компрессор станцияларида жиддий авариялар йўқ”
9 декабр куни Сардор Умрзоқов аҳоли ва иқтисодиётни куз-қиш мавсумида энергоресурслар билан таъминлаш масалалари бўйича штаб йиғилишини ўтказганди. Йиғилишда администрация раҳбари “Ўзтрансгаз”га қарашли компрессор станцияларида 37 та агрегатдан 21 таси таъмирталаб эканини айтган, энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Ўзтрансгаз” раиси Бекзод Норматовга барча агрегатларни зудлик билан ишчи ҳолатига келтириш вазифасини топширганди.
Gazeta.uz манбаларига кўра, штаб топшириғидан кейин ишлаб турган компрессор станцияларининг ҳаммаси тўлиқ текшириб чиқилган. Натижада керакли эҳтиёт қисмлари ва маблағлар йўқлиги натижасида таъминлаш графигида кечикишлар бўлаётгани маълум бўлган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун зарур маблағлар ажратилиб, таъмирлаш ишлари ташкил этилган.
“Ўтган вақт давомида “Газли”, “Зирабулоқ”, “Янгиер”, “Оҳангарон”, “Ғаллаорол” ва “Муборак” компрессор станцияларидаги 13 та агрегат таъмири якунланди. 14 январ ҳолатига “Ўзтрансгаз” компрессор станцияларида яна 8 та газ ҳайдаш агрегати таъмирланмоқда.
Таъмир ишлари натижасида газ-транспорт тизимининг талаб даражасида ишлаши тўлиқ таъминланди, газ ҳайдаш агрегатларининг қўшимча захираси яратилди ва улардан заруратга қараб фойдаланиш мумкин. 13 январ ҳолатига компрессор станцияларида жиддий авариялар кузатилгани йўқ”, – дея маълум қилган нашр манбалари.
Мавзуга оид
13:48 / 19.12.2024
«Газпром» Италияга биринчи марта СТГ етказиб берди
16:26 / 12.12.2024
Абдулазиз Комилов Туркманистоннинг «Ҳурматли эл ёшуллиси» унвони билан тақдирланди
10:54 / 12.12.2024
Австриянинг OMV компанияси «Газпром» билан шартномани бекор қилди
23:26 / 10.12.2024