Ўзбекистон | 21:25 / 15.01.2023
26225
4 дақиқада ўқилади

“Расмийлар узилишлар учун шунчаки узр сўраши ёки истеъмолчиларга бир-икки кун чиданглар дейиши хато” — энергетиклар

Энерготаъминотдаги узилишлар шу кеча-кундузда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб турибди. Ижтимоий тармоқлар газ ва электр энергияси йўқлиги сабаб истеъмолчилар туман ва шаҳарлардаги таъминот корхоналарига бориб расмийлардан таъминот қачон тикланишини талаб қилишаётгани акс этган видеолар билан тўлиб-тошган. Бироқ республика даражасида бу масалага ҳозирча жўяли изоҳ берилгани йўқ.

Kun.uz бир гуруҳ энергетика соҳаси мутахассислари билан тизимдаги муаммолар, уларни юзага келтирган масалалар ва ҳал қилиш имкониятлари ҳақида суҳбатлашди.

— Ўтган йил бошида кузатилган блэкаутда ҳам, йил сўнгидаги мини-блэкаут вақтида ҳам, шу кеча-кундуздаги аномал совуқда энерготаъминотдаги узилишлардан сўнг ҳам расмийлар фақатгина халқни сабр қилишга, бу қийинчиликлар вақтинча эканини айтиб, чидашга чақириб келмоқда. Давлат истеъмолчиларни газ ва электр билан таъминлай олмаётган бир пайтда одамлар энергоресурсларга бўлган эҳтиёжини ўзлари қондириши мумкинми? Масалан, уйларнинг томига қуёш панеллари ёхуд авария вақтида жон сақлаш имконини берувчи инверторлар ўрнатиб. Ёки бу иложсизми?

Умид Мамадаминов, “Stantop Energy” МЧЖ раҳбари:

— Бундай ҳолатлар фақат Ўзбекистонга хос эмас, ҳатто ривожланган Америка Қўшма штатларида ҳам кузатилади. Аҳолига боғлиқ томонларини гапирадиган бўлсак, давлат энергетика тежамкорлиги бўйича ҳар хил дастурлар ишлаб чиқиши керак. Яъни бунда аҳоли ўзи энергия ишлаб чиқарувчи турли техникалар олиши, давлат эса бир қисмини субсидия қилиб бериши назарда тутилади.

Умид Мамадаминов Фото: Kun.uz

Энергия тежаш бўйича ўқитиш дастурлари ҳам бор. Кўп давлатларда буларни ўқитиш Энергетика вазирлиги зиммасида бўлади. Бизда ҳам аҳолининг яшаш шароитига мос тарзда шундай ўқитиш тизими йўлга қўйилиши керак. Бу нарса аҳолига жуда катта ёрдам бўлади. Бундай лойиҳалар учун бизда ҳам ҳаракатлар бошланган. Яъни ҳали бошланғич босқичда.

— Бахтиёр ака, бир неча йиллардан бери қуёш панелларини ўрнатиш билан шуғулланаётган хорижий компаниялар билан ишлаб келяпсиз. Ўзбекистондаги бир хонадонда қуёш панеллари ўрнатилди дейлик, у қанчалик эҳтиёжни қондира олади? Ишлаб чиқарилган энергия уйни иситиш учун етарли бўладими ёки фақат сув иситишга етадими? Агар маҳаллада свет ўчса, томига қуёш панели ўрнатилган хонадонда электр бўладими?

Бахтиёр Ғозиев, “ABREST Energy Engineering” МЧЖ тижорат директори:

— Қуёш энергиясини олувчи станциялар икки хил бўлади: саноат учун катта станциялар ва хонадонлар учун маиший доирадаги қуёш панеллари. Маиший доирадаги қуёш панеллари эҳтиёжларни тўлиқ қондиролмайди. Бундай бўлиши ҳам қийин.

Бахтиёр Ғозиев Фото: Kun.uz

Аҳоли шу нарсани тушуниши керакки, энергия эҳтиёжини тўлиқ давлат электр тармоғидан эмас, маълум қисмини шахсий электр ишлаб чиқариш орқали ҳам қондириши керак. Бу нарса кенг ёйилса, ўз-ўзидан энергия тежалиб, қайсидир жойдаги электр билан боғлиқ муаммо ҳал бўлади.

Бу орқали электр пост станцияларига тушадиган юкламалар ҳам тушади ва авария ҳолатлари камаяди. Тўғри, бу тизимдаги муаммони ҳал қилмайди, лекин енгиллаштиради.

Сарвар Қурбонов, “SKB Energy Company” МЧЖ ҚК раҳбари:

— Қуёш электростанциялари кечки пайт ёрдам беролмайди. Айниқса, қиш мавсумида қуёшли кунлар кам. Шунинг учун буни ҳам замонавийлаштириб, аккумлятор тизимини ўрнатиш керак. Яна бир нарса: қуёш батареяларини ўрнатишда сифатли ва кўп вақт ишлатса бўладиганидан олиш керак.

Сарвар Қурбонов Фото: Kun.uz

Чет эл тажрибасида бундай ҳолатда давлат ҳам аҳолини қўллаб-қувватлайди. Пулларини компенсация қилади, бошқа моддий ёрдамлар беради. Аҳолининг кўп қисмида қуёш панеллари олишга имконият йўқ. Шунинг учун бундай ҳолатлардан давлат ёрдами билан чиқиб олиши мумкин. Расмийлар узилишлар учун шунчаки узр сўраши ёки истеъмолчиларга буларнинг барчаси бир-икки кунда ўтиб кетади, чидаб туринглар, дейиши — хато.

Суҳбатни тўлиқ Kun.uz’нинг ютуб-каналида кўриш мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи: Мирвоҳид Мирраҳимов
Монтаж устаси: Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид