Сурхондарё вилоятида икки ҳудудда газ таъминоти бўлими раҳбарлари лавозимидан озод этилди
Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳар ва Шеробод тумани газ таъминоти бўлими раҳбарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов вилоят навбатчилик штабида ўтказилган муҳокама йиғилишида ҳудудларда бир қатор муаммолар аниқланганини таъкидлаб, масъулларнинг муаммоларни ҳал этишдаги фаолияти қониқарсиз эканини қайд этди.
Жумладан, биринчи навбатда аҳолига газ етказиб бериш лозимлиги белгиланган бўлса-да, Термиз шаҳри ва Шеробод туманида умумий овқатланиш шохобчалари, ҳаммом ва бошқа тармоқдан узилиши керак бўлган объектлар табиий газдан фойдаланиб келган.
Ҳудуд масъуллари томонидан бу ҳолат назоратсиз қолдирилган, шунингдек, ушбу ҳудудларда газ соҳаси билан боғлиқ қатор муаммолар мавжуд бўлиб, уларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилмаган.
Фаолиятида хато-камчиликларга йўл қўйгани сабабли Термиз шаҳар ва Шеробод тумани газ таъминоти бўлими раҳбарларини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ берилган.