Жаҳон | 18:27 / 20.01.2023
39221
7 дақиқада ўқилади

«Армата» танклари жанговар ҳаракатларга қўшилиши мумкинлиги айтилмоқда. Бу танклар урушга тайёрми?

Британия разведкаси хабарига кўра, Россия Украинага кам сонли янги Т-14 «Армата» жанговар танкларини юбориш имкониятини кўриб чиқмоқда. 2009 йилдан ишлаб чиқарила бошланган ушбу танкларнинг жанг майдонида қўлланиши ҳозирга қадар бирор марта кузатилмаган. Ушбу танкларни фронтга жўнатиш рус қўшинларига сезиларли устунлик бера оладими?

Т-14 «Армата» танки макети IDEX Defense номли қурол ва ҳарбий техникалар кўргазмасида, 2021 йил. Фото: TASS

Буюк Британия мудофаа вазирлиги томонидан 19 январ куни эълон қилинган ҳарбий разведка ҳисоботида айтилишича, ўтган йилнинг декабр ойида Россиянинг янги Т-14 танкларини мамлакатнинг жанубий қисмида пайқашган. Одатда Украинага ҳарбий техникалар айнан шу ердан юборилади.

«Ҳукуматпараст рус оммавий ахборот воситалари қўшинлар Т-14 танклари кўчиришга тайёрланаётганини даъво қилмоқда, бироқ Россия ушбу турдаги танкларни Украинага кўчиргани ёки йўқлиги ҳозирча номаълум», деб ёзади ҳисобот муаллифлари.

Британия разведкаси «Армата»нинг фронтга юборилиши асосан пропаганда мақсадларида амалга оширилишига ва танклар жангларда фаол қўлланмаслигига ишонмоқда.

Ҳисоботда шунингдек, ушбу танк жуда оғирлиги сабаб логистика муаммолари юзага келиши ва танкни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш дастурини амалга оширишда 10 йилдан буён давом этиб келаётган кечикишлар ва муаммолар ҳам таъкидланади. Шу сабаб «Армата» танкларидан фаол фойдаланиш Россия учун хавфли қарор бўлади.

Ғарбнинг Киевга асосий жанговар танкларини етказиб бериши узоқ вақт давомида табу бўлиб келди. Уларни Украинага бериш имконияти кўплаб мамлакатларда муҳокама қилинди, аммо ҳеч ким бу қуролларни Киевга топширишга журъат эта олмади.

Сўнгги ҳафталарда Европанинг айрим давлатлари ўзларининг маълум миқдордаги Leopard 2 танкларини Украинага топширишга тайёр эканлигини маълум қилди. Бироқ Германияда ишлаб чиқарилган ушбу танкларни Украинага бериш учун Берлиннинг розилиги керак, Берлиндагилар эса ҳозирча бунга рухсат бергани йўқ.

19 январ куни Полша бош вазири Матеуш Моравецкий ўз мамлакати Германия рухсатисиз ҳам Leopard 2 танкларини Украинага юбориши мумкинлигини инкор этмади.

«Бу ерда розилик масаласи иккинчи даражали. Биз ёки тез орада уларнинг розилигини оламиз, ёки ўзимиз нима қилиш керак бўлса шуни қиламиз», деди у.

Британия ҳукумати ўтган ҳафта охирида яқин кунларда Украинага 14 та Challenger 2 танкини жўнатишини эълон қилди.

АҚШнинг M1 Abrams танклари Вашингтоннинг Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетига киритилмайди.

Politico 19 январдаги хабарида Франция ҳукумати мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқарилувчи Leclerc танкларини Киевга юбориш имкониятини кўриб чиқаётганини ёзган.

Т-14 урушга тайёрми?

Россия «Армата» оиласига мансуб янги Т-14 танкларини фронтга жўнатиши мумкинлиги ҳақидаги тахминлар бир неча ойдан бери айтиб келинмоқда. Декабр ойи охирида россиялик пропагандачи Владимир Соловьёв ўз дастурида ушбу танкларнинг полигондаги тасвирини кўрсатди. Бироқ катта эҳтимол билан улар ҳали жанговар ҳаракатларда қатнашмаган.

Т-14’ни фронтга жўнатиш учун Россияда бир қанча сабаблар бор. Биринчидан, бу мутлақо янги асосий жанговар танк ва уруш бундай қуроллар учун энг яхши машғулот майдонидир. Иккинчидан, кўп йиллар давомида «Армата»дан пропагандада фаол фойдаланилди. Танк РФ мудофаа вазирлигининг кўплаб кўргазмалари, ҳисоботлари ва реклама роликлари «қаҳрамони» эди. Бундай ресурсдан фойдаланмаслик ғалати иш бўлган бўлар эди. Ҳеч бўлмаганда яна ўша пропаганда мақсадлари учун танк ишлатилиши лозим эди.

Россиядаги турли манбаларга кўра, Т-14 бошқа техникалар билан бирга жанговар гуруҳнинг бир қисми сифатида ҳаракат қилиш учун мўлжалланган, у рақамли маълумот алмашиш тизими орқали қолган машиналарга уланган бўлиши керак.

Муҳандислар фикрича, бу барча транспорт воситаларининг жанговар қобилиятини оширади, чунки турли кузатув ва маълумот йиғиш тизимлари билан жиҳозланган Т-14 қолганларга нишон ва ўқ узиш қуролини танлашда ёрдам беради.

Т-14 «Армата» танки Қизил майдондаги парад репетицияси чоғида. 2017 йил 7 май
Фото: VALERY SHARIFULIN/TASS

Лекин Т-14 ҳозирда Россия Украинага қарши урушида қўллаётган техникалар билан ушбу режимда ишлай оладими ёки йўқ, буниси номаълум.

Дастлаб, бу танк «Армата» оиласига бирлаштирилган бутун бир транспорт воситалари гуруҳи билан биргаликда яратилган. Ушбу гуруҳда танкдан ташқари Т-15 оғир пиёдалар жанговар машинаси ва «Коалиция» ўзиюрар артиллерия қурилмаси бор. Ушбу қуролларнинг жанг майдонида пайдо бўлиши ҳақида ҳатто ҳеч қандай миш-мишлар ҳам йўқ.

Янги қуролларни фронтда ишлатишнинг ўзига яраша салбий жиҳатлари ҳам бор. Улардан Россия ҳарбийлари учун энг ёқимсизи Т-14’нинг Украина қуролли кучлари қўлига тушиши бўлади.

2022 йил кузида Харкивнинг Изюм районидаги қарши ҳужум операциясидан сўнг, Украина армияси россияликларнинг жуда кўплаб зирҳли техникаларини қўлга киритганди. Агар машҳур «Армата» ҳам украинлар қўлига тушса, бу пропаганданинг барбод бўлишига олиб келади. Шунингдек, бу украиналикларга танк ҳақида муҳим маълумотларга эга бўлишига имкон беради.

Бироқ, бу содир бўлмаган тақдирда ҳам, илгари номаълум бўлган қуролларнинг кўп жиҳатлари одатда жангларда очилади — афзалликлари ҳам, камчиликлари ҳам. Бу ишлаб чиқарувчиларга ўз маҳсулотларини янада яхшилашга ёрдам беради, аммо айни вақтда душманга ушбу танк билан қандай курашиш кераклиги ҳақидаги маълумотларни ҳам тақдим қилади.

Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Россия ушбу танклар урушда қандайдир муҳим роль ўйнаши учун уларнинг етарлича катта паркига эга эмас. Соловьев тарқатган видеода иккита танк акс этган. Ноябр ойида интернетга тарқалиб кетган яна бир видеода эса битта Т-14 танкини кўриш мумкин.

Т-14’ни кенг кўламли ишлаб чиқариш ҳали бошланмаган. Аввалроқ ҳарбий синовлардан ўтаётгани айтилган ушбу техника тайёргарликнинг қайси даражасида экани ҳам номаълум.

Кенг кўламли ишлаб чиқаришдан олдинги партиянинг ҳажми ҳақида ҳам аниқ маълумотлар йўқ. Танкни фронтда синовдан ўтказиш ҳақида гап кетадиган бўлса, у ерга бир нечта бирлик юборилиши даргумон.

Мавзуга оид