«Гиёҳванд моддаларнинг оти ўчсин» — нашаванд ўғлини қабрга қўйган отанинг изтироблари (Ҳаётий ҳикоя)
«Ярим тунда келинимнинг қаттиқ қичқириғидан уйғониб кетдим. Овоз ҳовли четидаги ҳожатхона томондан келаётганди. Ўша ёққа югурдим. Борсам ранги оқариб кетган келиним ҳожатхонага имо қилди. Ичкарида ўғлимнинг ҳолатини кўрдим-у даҳшатга тушдим. Кийимлари ва оғзида қон қотиб қолган, танаси аллақачон совиган экан. Тахминимча, «передозировка» туфайли унинг тили томоғига тиқилиб қолган. Ўғлим тилини чиқариш учун қўлини оғзига тиққан, аммо бунинг уддасидан чиқолмай оғзини қонатиб ташлаган».
Қишнинг совуғида шамоллаб шифохонага тушиб қолдим. Тайинланган хонага кирсам, у ерда ёши етмишлардан ошган бир отахон ҳам даволанаётган экан.
Отахон узоқ туманлардан биридан экан. У анча киришимли одам бўлиб, тезда минг йиллик қадрдонлардай бўлиб кетдик.
Бир кун отахон «Бир неча кундан буён кузатаман, ҳеч нарса чекмас экансиз. Тарбия берган отангизга раҳмат. Тамаки ва нос инсон саломатлиги учун жуда зиён. Кўпчилик буни билса ҳам уларга ружу қўйган. Энди гиёҳванд моддаларни гапириб ўтирмай, улар инсонни бевақт ўлимга етаклайди», деб хўрсиниб қўйди.
Синчковлигимга бориб отахонда бир дард бор-ов деб ўйладим ва уни гапга тутдим. Отахон ҳам тўлиб турган экан, бошидан ўтказган кунлар ҳақида гап бошлади.
Маълум бўлишича, отахон анча йиллар аввал гиёҳванд моддаларга ружу қўйган ёлғиз ўғлидан айрилган экан. «Ўзим ҳаётимда ҳеч нарса чекмаганман. Ёшликда анави шайтон сувидан бир-икки марта олганимни айтмаса маст қилувчи ичимликлардан ҳам узоқ юрганман. Аммо эътиборсизлигим ортидан нашаванд бўлиб қолган ўғлимни асраб қололмадим», деб отахон ҳикоясини бошлади.
«Гиёҳванд моддаларнинг номи ўчсин, не-не йигитлар жувонмарг бўлиб, айни кучга тўлган норғул ёшида ўлиб кетишига сабабчи бўлди. Бу балони етиштириб тарқатаётганлар инсонларни заҳарлаб, уларнинг ҳаётига зомин бўлаётганини билмасмикан?
Совет даврини яхши эслайман, айрим чоллар шифобахш ўсимлик сифатида фойдаланиш учун 4-5 туп кўкнори экишарди. Ўша пайтларда қорадори деган нарсани ҳеч ким билмас, кўкнори экадиганлар уни фақат қуритиб олиб қўйишарди.
Нафақат маҳалламизда, бутун музофотимизда ҳам ҳеч ким гиёҳванд моддаларга ружу қўймасди. Аммо 1980-йиллар бошида вазият ўзгарди.
Афғон уруши бошлангач у ерда жангларда қатнашиб уйга омон қайтган йигитларнинг айримлари банги ёки нашаванд бўлиб қайтишди.
Кейин билсак Афғонистонда қон кечган йигитларга командирлари банг ва кўкнори ширасини истеъмол қилишга қўйиб беришар, йигитлар шу тарзда гиёҳванд моддаларга ружу қўяр экан.
Ўша пайтда афғондан қайтган йигитлар ўзимизда наша тополмай анча қийналганларини, айримлари бу дардни енгиб чиққанини, бошқалари эса иродаси бўшлик қилиб ароққа ружу қўйганларини ҳам гувоҳи бўлдик.
1980-йиллар охирига келиб СССРнинг Афғонистон билан чегараси ҳам яхши қўриқланмай қолди шекилли, биз томонларда илк бор кўкнори шираси – қорадори пайдо бўлди.
Ўшанда ҳали одамлар қорадорига ружу қўйиш қандай оқибатларга олиб келишини билмасди.
1990 йилга ўтиб, ўзимизнинг тоғларда ҳам айримлар кўкнори етиштира бошлади. 1991 йилда СССР тарқаб ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб қолгач кўкнори экиш бирмунча авж олди.
1992 йилга ўтиб ички ишлар ходимлари музофотимизда экилган барча кўкнориларни йўқ қилишди. Шунингдек, қонунлар ҳам кучайтирилди. Натижада ўша йили ҳеч ким кўкнори етиштира олмади. Аммо унгача жуда кўпчилик қорадорига ўрганиб қолганди.
Шу орада қўшни Тожикистонда фуқаролар уруши бошланди ва вазият издан чиқди. Ўша пайтларда чегаралар ҳозиргидай қўриқланмас, шу сабабли Ўзбекистонга қўшни давлатдан қорадори олиб кириш авжига чиқди.
Ачинарлиси, ўшанда нашаванд бўлиб қолганларнинг кўпчилиги ёш йигитлар эди. Ота-оналарнинг эътиборсизлиги ортидан қорадорига ўрганиб қолган йигитларнинг аксарияти жувонмарг бўлиб, «передозировка» деган нарсадан ўлиб кетди. Улар орасида менинг ҳам жигаргўшам, ёлғиз ўғлим бор эди.
Ўғлим учта қиздан кейин туғилган, шу учун у бироз эрка бўлиб ўсганди. Уни хотиним кўп эркалар, бирон айб иш қилса ҳам мендан яширарди. Кейинчалик ўғлимнинг нашаванд бўлиб кетишига шу ҳам сабаб бўлган.
Ўша пайтларда магазинчи бўлиб ишлардим. Эрталаб ишга кетаман, кечки пайт қайтаман. Шу аснода мактабнинг юқори синфида ўқийдиган ўғлим «меҳрибон ошналари»нинг шарофати билан қорадорига ўрганган.
Бу ҳолатни хотиним мендан бир йилдан ошиқроқ яшириб юрган ва ўғлимнинг нашаванд бўлиб қолганини билганимда вазият издан чиқиб кетганди. Шундан сўнг ўғлимга яхши гапирдим, сўкдим, фойдаси бўлмади. Уни қорадори истеъмол қилишдан қайтара олмадим.
Таниш духтирга маслаҳат солсам у қорадоридаги психотроп моддалар қонга ўтиб бўлганини, ўғлим бир ой, қирқ кун ўзини тийса тузалиб кетишини айтди. Аммо бу осон эмасди.
Шундан сўнг хотиним билан маслаҳатлашиб ҳали йигирмага тўлмаган ўғлимни уйлантириб қўйишга қарор қилдик. Биз ғофиллар уйланса хотини билан бироз чалғийди ва уни шу йўл билан ифлос ботқоқдан олиб чиқамиз деб ўйлабмиз.
Тўй ўтди, аммо ўзгариш бўлмади. Ўғлим қорадори истеъмол қилишда давом этаверди. Орадан бир йил ўтиб фарзанд кўрди, аммо бола ногирон туғилган эди. Врачлар боланинг бундай туғилишига гиёҳванд модда истеъмоли сабаб бўлганини айтишди. Кўп ўтмай бола вафот этди.
Шундан сўнг охири ўғлимни боғлаб қўйишга қарор қилдим. У уй ичида арқонланган ҳолда ётаркан, нашаси қистаган пайтда додларди. Келинга у ҳар қанча ялинса ҳам арқонни ечмасликни тайинладим.
Бир куни ўғлим яна додлай бошлаганда олдига кирдим. У ўзини худди совуқда қолиб ваража бўлган одамдай тутар, қўл-оёғи тинимсиз титрарди. Барча томирлари бўртиб чиққан, ҳолати жуда ачинарли эди.
Шу тахлитда у уч ҳафтача ётди. Камроқ додлашидан сезяпман, қони тоза бўла бошлади. Менда тез орада тузалади деган умид уйғонди. Аммо...
Бир кун магазинда ўтиргандим келиним йиғлаб келиб қолди. Кўнглим бир ёмонлик юз берганини сезди. У ўғлим уйдан қочиб кетганини айтди:
«Сиз уйдан чиққанингиздан кейин менга «анча тузалиб қолдим, бўлди қўлимни ечиб юбор деди. Мен ишониб арқонни ечибман. Ўша ҳолида уйдан чиқиб кетди. Қаерга кетганини билмай қолдим».
Ўша заҳоти ўғлимни қидира бошладим. Тахмин қилиб одамлар «наша сотади» дейдиган бир-иккита кимсаникига бордим, аммо у йўқ эди. Шу тариқа ўғлимнинг қаёққа қочгани номаълумлигича қолди.
Орадан икки ҳафта ўтиб Қозоғистонда новвойлик қилиб юрган ҳамқишлоғим «ўғлингизни Олмаотада кўрдим, бозорда арава суриб юрибди», деб қолди. Дарҳол Қозоғистонга жўнадим.
Ўша пайтда 60 ёшга яқинлашиб қолгандим ва автобусда узоқ йўл босиш мен учун осон бўлмади. Мақсадим нима қилиб бўлса ҳам ўғлимни топиб ортга қайтариш эди.
Олмаотага борганимдан кейин айтилган бозорга бордим. Қарасам озиб кетган ўғлим юпун кийимда арава суриб юрибди. Бориб қўлидан маҳкам ушладим.
Шу пайтда у «ота, уйга қайтмайман, яна боғлаб қўясиз» деди. Унга боғламаслигимни айтиб ваъда бердим. Аввал уйга олиб кетай, нима қилиб бўлса ҳам даволатаман деб ўйладим. Бир кеча танишларнинг квартирасида қолдик ва эртаси куни ортга қайтдик.
Уйга келгач уни нашавандларни даволайдиган шифохонага олиб бордим. Ўғлим у ерда қолмаслигини айтди. Духтир дори бериб тураман деганди, у кўнди. Аммо икки кунда қочиб келди.
Хотинимга унга пул бермасликни тайинладим. Агар қорадори учун пул топа олмаса, мажбур бўлиб камайтиради деб ўйладим. Ўшанда нашавандлар нашаси қистаганда кўзига ҳеч нарса кўринмаслигини, бир марта тутатадиган ёки эзиб ичадиган қорадори учун ҳар қандай ишга тайёр эканини билмасдим.
Ўғлим қайтганидан сўнг уйдан турли нарсалар йўқола бошлади. Албатта биринчи гумондор ўғлим эди. Аммо у кўзини бақрайтириб олмаганини айтгандан кейин ҳеч нарса қилмадим. Хотинимга барча нарсаларни қулфлаб юришни тайинладим.
Орадан бир неча кун ўтиб келиним тилла тақинчоқларидан бири йўқолганини айтиб қолди. Шундан сўнг хотиним унинг тақинчоқларини олиб, бошқа жойга яширди.
Бир куни келиним энди кийими йўқолганини айтиб қолди. Уни ўғлимдан бошқа ҳеч ким олмасди. Шундан сўнг ўғлим билан жиддий гаплашиб олишга қарор қилдим.
Ота-бола гаплашар эканмиз, ўғлимнинг гаплари мени ўйлантириб қўйди.
«Ота, ҳозирги ҳаётим менга ҳам ёқади дейсизми? Нашам қистаб қолганда кўзимга ҳеч нарса кўринмайди. Томирларим тортишиб шунақа азоб бериб оғрийдики, унга чидаб туриш қийин. Келинингизнинг кўйлагини ҳам бир марта истеъмол қилинадиган «дори»га алмашдим. Диспансердан нега қочиб келдим? Чунки духтир берган таблетка менга таъсир қилмади. Қоним бузилиб бўлган. Уни қандай тозалашни, шу заҳри қотилдан қандай қутулишни билмайман. Балки айтганингиздай бир ой, қирқ кун қорадори истеъмол қилмасам қоним тоза бўлиб, «ломка»м йўқолар. Аммо унгача чидашнинг иложи йўқ. Менимча ҳаётимни барбод қилиб бўлдим».
Шундан сўнг ўғлим билан келишиб олдик, ҳар кун оз-оздан камайтириб қорадорини ташлайди. Аммо ўшанда нашаванд зоти борки, гиёҳванд модда топиш учун ёлғон қасам ичишдан ҳам тоймаслигини билмабман.
Ўша суҳбатдан сўнг ўғлимга қорадори учун ўзим пул берадиган бўлдим. Ҳар кун «бугун сал камроқ олгин» деб пулдан бироз кам берардим. Аммо у қорадори оладиган одамидан гоҳида қарз ҳисобига, бошқа сафар у, бу ишларини қилиб бериш эвазига аввалги дозасини олиб юрган экан.
Кунлардан бир кун ярим тунда келинимнинг қаттиқ қичқириғидан уйғониб кетдим. Ташқарига чиқсам овоз ҳовли четидаги ҳожатхона томондан келяпти. Ўша ёққа югурдим.
Борсам келинимнинг ранги оқариб кетган, ҳожатхона ичкарисига имо қилди. Кириб қарадим-у, ўғлимнинг ҳолатини кўриб даҳшатга тушдим. Унинг оғзи ва кийимларида қон қотиб қолган эди. Танасини ушлаб кўрсам аллақачон совиб бўлган экан.
Уни ташқарига олиб чиқиб шимини кўтардим. Тахминимча, ўғлим «передозировка» бўлган ва тили тортиб кетган. Секин бармоғимни тиқиб кўрсам, ҳақиқатан шундай, тили томоғига тиқилиб қолган. У тилини томоғидан чиқариш учун қўлини оғзига тиққан, аммо бунинг уддасидан чиқолмай оғзини қонатиб ташлаган.
Шу тариқа 25 ёшга ҳам кирмаган ёлғиз ўғлимни ўзим қабрга қўйдим. Ҳанузгача унинг ўлимида ўзимни айблайман. Ёлғиз ўғил деб ёшлигидан эрка қилиб ўстирдик. Ўсмир ёшига етганда тарбиясига эътиборсиз бўлдик.
Шу гапларни гапириб отахон жим бўлиб қолди. Шу тобда уни нима деб юпатишни билмасдим.
«Ўғлимнинг вафотидан кейин кўп ўтмай келинимни ҳам ота уйига жўнатиб юбордим. Унинг олдида ҳам айбдорман. Кўра-билатуриб уни нашаванд ўғлимга раво кўрдим ва ҳаётини азобга айлантирдим. Кейинчалик келиним бошқа бир инсонга турмушга чиқди, ҳозир фарзандлари бор, ҳаёти анча изга тушди.
Кампирим билан ёлғиз қолганимиздан сўнг қизларим хабар олишяпти. Набираларим ҳар кун ёнимизда. Худо хоҳласа катта набирамни уйлантирсам олдимга кўчириб келаман, биз билан яшайди».
Орадан бир неча кун ўтиб шифокорлар отахонга жавоб беришди. Уни олиб кетгани куёвларидан бири болалари билан келди. Кетиш олдидан отахон билан минг йиллик қадрдонлардай хайрлашдик. У ўзи яшайдиган туманга ўтсам албатта меҳмон бўлиб кетишимни тайинлаб кетди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
08:30 / 04.11.2024
ДХХ Тошкент вилоятида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланмасига чек қўйди
13:30 / 09.10.2024
Гиёҳвандлик воситалари устидан назорат қилиш давлат комиссияси ваколатлари белгиланди
11:50 / 09.10.2024
Тошкентда гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан тарқатиш ҳолатлари фош этилди
14:30 / 05.10.2024