Ўзбекистон | 11:55 / 26.01.2023
24392
4 дақиқада ўқилади

Ангрен шина заводини 826 млн сўмга сотиш бўйича шартнома тузилган. Компания устав капитали 658 млрд сўм эди

Бу завод 156 млн доллар миқдоридаги ташқи қарз эвазига қурилганди. «Ўзкимёсаноат» матбуот хизмати Kun.uz мухбирига берган изоҳида Россия компанияси билан тузилган шартнома рақамларида чалкашлик бўлганини айтмоқда. Лекин рақамларга тузатиш киритилмаяпти ва аниқ қиймат маълум қилинмаяпти.

Фото: AP

2023 йил 20 январ куни «Ўзкимёсаноат» АЖ «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖ (халқ тилида Ангрен шина заводи) 100 фоиз улушини Россиянинг «Татнефть» компаниясига 826,57 миллион сўмга сотиш бўйича шартнома тузди

Эътиборлиси, компаниянинг устав капитали 658 млрд сўмни ташкил қилади. Шунингдек, унинг соф активлари қиймати битим тузилишидан олдинги охирги чоракда 2,4 трлн сўм бўлган.

Бунгача заводнинг 91,8 фоиз улуши «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти, 8,2 фоизи эса «Ўзкимёимпекс» МЧЖга тегишли бўлган.

Kun.uz бу ҳолатга изоҳ сўраб «Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати билан боғланди. Матбуот хизмати вакили рақамларда чалкашлик бўлганини айтмоқда. 

«Бу суммани нотўғри киритиб юборишган, бундай бўлиши мумкин эмас, бу масалага ойдинлик киритиляпти», деди компания масъули. 

У сайт мухбирига рақамларни очиқламади.

Хабар нашр қилинаётган вақтда Корпоратив ахборот ягона порталидаги рақамларга тузатиш киритилмаганди.

Маълумот учун, 2022 йил 2 декабрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Россия бизнес форуми доирасида «Ўзкимёсаноат»  ва «Татнефть» ўртасида «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖнинг 100 фоиз улушини сотиш ва сотиб олиш тўғрисидаги шартнома имзоланганди. Ўша пайтда битим нархи очиқланмаган эди. 

Завод ташқи қарз эвазига қурилган 

«Биринчи резинотехника заводи»га 2017 йилда Хитойнинг Poly Technologies компаниясидан қарз маблағлари жалб қилинганди.

2018 йил июл ойидан заводда ишлаб чиқариш жараёни бошланган. Завод 30 гектар майдонда жойлашган бўлиб, уни қуришдан асосий мақсад биринчи босқичда енгил автомобиллар учун шиналар ишлаб чиқариш бўлса, иккинчи босқичда конвейер тасмалари ва қишлоқ хўжалиги техникалари учун шиналар ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган эди. Бу лойиҳанинг маҳаллий ташаббускори «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ҳисобланади.

Заводга 2019 йил августида бош вазирнинг собиқ ўринбосари, Тошкент вилоятининг собиқ ҳокими Ғуломжон Ибрагимов бош директор этиб тайинланганди.

Умуман олганда, завод четдан қарз олиб қурилган, кейин яна четдан қарз олиб пандемия даврида қўллаб-қувватланган эди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчига осон бўлсин деб шина импортига бож жорий қилинганди. Аммо маълум бўлишича, корхона самарасиз ишлаб келган. 

2021 йилнинг апрел ойида Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодировнинг Ҳисоб палатасига таяниб берган маълумотига кўра, завод омборида «сифат талабига жавоб бермайдиган» 100 мингта шина сотилмай қолган. 

«Ҳисоб палатаси маълумотларига кўра, Хитой Эксимбанкидан жалб қилинган 156,4 миллион доллар маблағ ҳисобига барпо этилган Ангрен шина заводи 3 миллион дона шина ишлаб чиқариши ва шиналар UzAuto Motors’да импорт ўрнини қоплаши керак эди. 

Ангрен шина заводи қувватининг 15 фоизида ишламоқда. Омборида 100 мингта шина сотилмай турибди. Сабаби, доимгидек, сифат талабига жавоб бермайди. Ўз навбатида, сўнгги икки йилда UzAuto Motors 60 миллион долларга яқин маблағга шина импорт қилган», деганди парламент қуйи палатаси вице-спикери. 

Кейинроқ «Ўзкимёсаноат» компанияси ушбу баёнотга изоҳ бериб, паст кўрсаткичларга коронавирус пандемияси даврида хорижий мамлакатлардан олиб келинадиган хомашё ва материалларнинг импорти чеклангани, ишлаб чиқаришда тўхталишлар юзага келгани, маҳсулот сотуви пасайгани ва айланма маблағлар танқислиги юзага келганини келтириб ўтганди. 

UzAuto Motors компанияси ҳам 2019-2020 йилларда «Биринчи резинотехника заводи» МЧЖдан шиналар умуман харид қилинмагани, аксинча хориждан импорт қилинганини тасдиқлаган. 

Шунингдек, 2020 йилда корхонага Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 40 млрд сўм ссуда ҳам берилган.

Мавзуга оид