Жамият | 21:00 / 26.01.2023
28272
7 дақиқада ўқилади

Таълимдаги ишларимиз нега самарасиз бўлмоқда? — экспертлар билан интервью

Узайтирилган таътил муддати тугаб, 23 январдан Ўзбекистондаги барча мактабларда ё онлайн ва ё офлайн тарзда ўқишлар бошланди.

Янги чорак халқ таълими вазирлигига бошқа бир вазирликнинг қўшиб юборилиши ва тизимга янги вазир тайинланишидан кейинги бошланиш экани билан ҳам аҳамиятли.

Kun.uz мухбири бугун халқ таълими, унда ўқувчилар, ота-оналар ва ҳатто ўқитувчиларнинг ўзи ҳам қониқмайдиган сифатсизлик, шу сифатсизликни қандай қилиб сифатлига айлантириш мумкинлиги ҳамда янги вазир энди нима қилиши керак, деган саволлар атрофида таълим экспертлари: Баҳодир Ғаниев, Абдураҳим Носиров ҳамда Тошкентдаги “Лидер” хусусий мактаби директори Феруза Ваҳобова билан интервью ўтказди.

Kun.uz:

— Биз янги тузилма, вазирлик, стратегияларни янгилаш, режалар ҳақида гапиряпмиз-у, бундан аввал ҳам таълимни ривожлантириш бўйича ҳужжатлар жуда кўп қабул қилинган. Бугун уларни ҳисобласак, тонна-тонналаб ҳужжат чиқади.

Хўш, нега шу ҳужжатлар билан ислоҳот қилолмадик, нега улар иш бермади. Ўзбекистонда қабул қилинган ҳужжат, қарор, қонунлар фақат вазирлик биносида қолиб кетавериши, ислоҳотлар пастга тушмаслигининг сабаби нима?

Баҳодир Ғаниев:

— Бу саволнинг жавоби фақатгина таълим тизимига оид эмас. Худди шу вазиятни бошқа бир соҳага ўгирсак ҳам вазият шундай бўлади. Бир гап бор: қоғоз ҳамма нарсани «кўтаради». Ҳар бир қарорни чиқаришдан олдин уни амалга ошириш механизмини ўйлаш керак. Талаб этилаётган барча ресурслар мавжуд бўлиши керак. Ресурслар етарли бўлсагина механизм ишлайди. Тўғрисини айтсам, менимча, бу нарсани қонун-қарор қабул қилаётганлар тушунмайди. Афсуски, мен ҳамма нарса ўйлаб қилиняпти, дея олмайман.

Ҳукуматда бошбошдоқлик бор. Агар президент томонидан имзоланган қарорларнинг биттама-битта ижросини кўриб чиқадиган бўлсак, ярмига яқини жойидан силжимаган бўлиб чиқади. Масалан, президент бир неча йил олдин вазирликлар ва администрация қошида экспертлар ва жамоатчилик кенгашлари тузилиши ҳақида қарор чиқарган, лекин йўқ, бўлмади. Яна бир мисол: президент бадиий адабиётларни чоп этиш ва сотиш тизими йўлга қўйиш кераклиги ҳақида гапирган эди. 6 йил бўлди, лекин бу масалада ярим қадам ҳам олдинга силжиш йўқ. Демак, давлат раҳбари бераётган қарорларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошмаяпти.

Демоқчиманки, қарорлар бор, лекин механизми йўқ. Таълимда ҳам худди шундай. Ҳозирги ҳолатдаги бир мисолни келтирмоқчиман. Кеча бўлиб ўтган президент йиғилишида мактабларга иккинчи чет тилини киритиш ва 64 та касбий йўналишларни киритиш топшириғи бўлди. Ва буни шу йил сентябр ойидан амалга ошириш айтилди. Ўзи «чўлоқ» халқ таълимига асосий дастур сифатини кўтармасдан, ўқув дастурларини қайта кўриб чиқмасдан туриб, бундай қилиш нотўғри. Янги вазирга механизми йўқ, қилиб бўлмайдиган катта юк қўйяпмиз. 64 та касбни қилиб бўлмайди. Энди ҳокимиятларга, туман ҳокимликларига топшириқ тушади, совет тизимидагига ўхшаб тумандаги корхоналарни бириктириш бошланади. Ҳеч қандай натижа бўлмайди.

Тўғри, мен касб киритишга қарши эмасман. Мактабда касб ўргатиш тизими бўлиши нормал ҳолат. Лекин касб деганда, IT соҳаси, интеллектуал ривожланишни талаб қилувчи, ақлий ишга таянувчи касбларга йўналтириш тўғри бўлади. Бундай қарорлар қабул қилишга таъсир қилаётган одамлар аслида таълим тизимини билмайдиган, ўзини мутахассис ҳисоблайдиган кишилар.

Абдураҳим Носиров:

— Қарорлар ишламаётганининг сабаблари кўп. Шулардан бири кадрлар билан боғлиқ масала. Қабул қилинаётган қарорлар қайсидир муаммони ҳал қилишга қаратилган. Лекин амалда ишлаши учун юқоридан назорат ва ижро сифатли бўлиши керак. Ишламаётганига бир сабаб қарорлар юқоридан тўлиқ ишлаб чиқилмагани бўлса, иккинчидан, ижро этувчилар томонидан бажарилмаётгани. Ҳатто ижро этиб улгуриб бўлмайдиган даражада ҳужжатлар қабул қилинди.

Ҳар битта раҳбар тайинланган пайтда вазифалар қўйилади. У раҳбар эса тез ўзини кўрсатиш учун кўпроқ шоуга ишлаб кетяпти кўп ҳолатларда. Шунинг ортидан ҳам кўп қарорлар қабул қилинади. Бир-бирини давом эттирувчи қарорлар ўрнига олдингисини инкор этувчи қарорлар қабул қилиняпти. Қарорлар ва ижролар ўртасида узвийлик бўлмаса, бундан кейин ҳам шундай ҳолат давом этаверади.

Феруза Ваҳобова:

— Хусусий сектор бўлганимиз билан, биз ҳам давлат томонидан қабул қилинган қонунлар ва қонуности ҳужжатлар асосида ишлаймиз. Ҳар бир раҳбар ўша қонунлар асосида нима ётганини чуқур тушуниши керак.

Биз таълимни шундай ташкил этишимиз керакки, ҳар бир инсон ижтимоий томондан ўз ўрнини топиши, оиласининг боқувчиси бўлиши, жамиятга фойда келтириши керак. Таълимга берилаётган капитал давлатни ривожлантиришга хизмат қилади. Доим меҳнат бозоридаги касблар талабини кузатаман, кимлар керак эканлигини билиб, таълим жараёнини шунга қараб ташкил этамиз. Давлат томонидан белгиланган стандартларга амал қиламиз, лекин бизда қўшимча имкониятлар бор. Айнан меҳнат бозорида талаб бўлган касбларга болаларни йўналтирамиз.

Ўзбекистон республикасида таълимни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси жуда яхши ёзилган. Биз уни ҳар томонлама ўрганиб чиққанмиз. STEAM тизими, шахсга йўналтирилган таълим каби кўплаб яхши томонлари бор. Лекин бошқарув тизимидаги ишлайдиган раҳбарларнинг ўзи STEAM нима эканини билмайди. Биз шу ўзгаришларни хоҳлаяпмиз. Лекин бошқарув тизимидан тортиб то ўқитувчигача ўзгариш нима учун кераклигини тушунтирмасдан, тайёрламасдан, бўйнига осиб қўйяпмиз. Таълим тизими қотиб қолган, уни ўзгартириш қийин масала. Чунки унинг қамрови катта: бошқарувдаги шахслардан то ўқитувчилар ва ота-оналар ҳам.

Акс таъсир қилиш бўляпти. Биз ўқитувчиларга қанча кўп информацион тазйиқ ўтказсак ва улар буни тушунмаса, қаршилик, асабийлик кабилар кузатилади. Вазирликда эса умуман очиқлик, шаффофлик йўқ. Ҳужжатларни кўрмаймиз. Қабул қилинаётган ҳужжат, қарорлар нима учун кераклиги тушунтирилиши, изоҳланиши керак. Тизим деганда, ўша тизимнинг хар бир бўғини ишлаши, узвийлик бўлиши лозим.

Вазирлар алмашяпти. Биз янги раҳбар келганини сезмаслигимиз, яъни олдинги ислоҳотлар давом этиши керак. «Тизимли хотира» ишламаяпти. 

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид