Жамият | 22:12 / 01.02.2023
37920
2 дақиқада ўқилади

Амрилло Иноятов хорижда жигар трансплантациясидан кейин аҳволи ёмонлашган Мардонбекнинг онасига қўнғироқ қилди

Kun.uz'да эълон қилинган хайрия акциясига соғлиқни сақлаш вазири эътибор қаратди. Амрилло Иноятов айни пайтда Ҳиндистонда бўлиб турган 2 яшар беморнинг онаси билан боғланиб, болага барча зарур ёрдам кўрсатилишини айтди.

Kun.uz жигар циррози ташхиси қўйилган каттақўрғонлик 2 яшар Мардонбекка Ҳиндистонда жигар кўчириб ўтказилгани хабар берган эди.

Болага онаси донорлик қилган, лекин ҳали чет элдан қайтмай туриб, аҳволи оғирлашган гўдакнинг соғайиши учун қўшимча кўмак зарур.

Kun.uz'нинг бу ҳақдаги хабари ортидан, соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ҳолатни ўз назоратига олганини маълум қилди.

“Сал аввал Ҳиндистонда бўлиб турган Мардонбекнинг онаси Юлдуз Баратова билан телефон орқали шахсан гаплашиб, унга бундай дамларда ёлғиз эмаслигини айтдим. Биз онанинг ҳам, боланинг ҳам қисқа муддатда соғайиб, оёққа туриши учун барча тезкор чораларни кўрамиз.

Қолаверса, улар Ўзбекистонга қайтгач, даволаниши ва реабилитацияси билан боғлиқ жараёнларни тўлиқ ўз зиммамизга оламиз. Улар юртимиздаги энг нуфузли клиника ва тажрибали мутахассислар назоратида бўлади.

Нафақат жигар, балки инсон бошқа аъзоларининг трансплантацияси – ҳозирча юртимизда янги ўзлаштирилаётган соҳа. Шунга қарамай, давлатимиз раҳбари топшириғига кўра, буйрак, жигар, юрак каби органларни кўчириб ўтказиш бўйича мутахассисларимиз маҳорат ва тажриба тўплаяпти.

Ҳозир бу борада мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиб, хорижнинг илғор клиникалари билан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Чет элда мутахассисларимиз малакасини оширяпмиз.

Шуни ишонч билан айтаманки, бу саъй-ҳаракатларимиз яқин келажакда ўз натижасини кўрсатиб, болаларнинг бундай мураккаб ва ноёб операциялар учун вақт ва маблағ сарфлаб, хорижий давлатларга боришига ҳожат қолмайди”, – дея Амрилло Иноятовнинг сўзларини келтирмоқда вазирлик матбуот хизмати.

Мавзуга оид