Жаҳон | 12:48 / 03.02.2023
45510
5 дақиқада ўқилади

АҚШ осмонида разведка шарини пайқашди. Расмийлар у Хитойдан келганини айтмоқда

АҚШ расмийлари мамлакат шимолий қисми узра ҳаракатланаётган разведка ҳаво шарини пайқаб қолишди ва энди уни диққат билан кузатиб боришмоқда. Пентагоннинг ҳисоблашича, шар Хитойга тегишли.

Фото: Reuters

«АҚШ ҳукумати айни вақтда мамлакатнинг материкдаги қисмида юқори баландликда учаётган разведкачи ҳаво шарини аниқлади ва кузатиб бормоқда», дейилади ҳарбий идора хабарида.

Америка нашрларига кўра, Пентагондагилар бу шар - хитойликларники эканига шубҳа қилмаяпти. АҚШ ҳукумати ушбу объект борасида ХХРга сўров юборган.

Оқ уй вакилларидан бирининг айтишича, Вашингтон Пекинга вазиятга жуда жиддий қараётганини билдирган.

Хитой ташқи ишлар вазирлиги вакили Мао Нин Пекин хабарни текшираётганини маълум қилган.

«Фактлар аниқ бўлмагунича, спекуляция ва шовқин муаммога тўғри ечим топишга ёрдам бермаслигини қайд этиб ўтмоқчиман», деган у жума куни Пекиндаги брифингда.

АҚШ мудофаа вазирлигидагилар эса шар хитойликларники эканига амин.

«Бу Хитой шари эканига ишончимиз комил. Барча махсус хизматларимиз ва ҳарбий таҳлилчиларимиз ҳам шу фикрда», деган Пентагон вакили.

Экспертларнинг сўзларига кўра, бир неча кундан кейин АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Пекинга ташриф буюришни режалаштирганидан келиб чиққан ҳолда, шар билан боғлиқ ҳодисани сурбетларча чақириқ сифатида баҳолаш мумкин.

АҚШ ҳарбийлари шарнинг разведка маълумотлари йиғиш бўйича самарадорлиги чекланганини тахмин қилишмоқда.

Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бёрнс шу кунларда Вашингтондаги Жоржтаун университетида қилган чиқишида Хитойни АҚШ учун энг катта геополитик муаммо деб атаганди.

Уриб туширмасликка қарор қилишган

Америка ҳукумати улкан ҳажми туфайли шарни уриб туширмасликка қарор қилган. Шунга қарамай, қирувчи самолётлар ҳавога кўтарилган.

«Мен аниқ ўлчамларни айтмайман. Бизнинг баҳоларимизга кўра, унинг ҳажми улкан ва агар биз уни уриб туширсак, ерга тушган парчалари қуруқликда вайронгарчиликлар келтириб чиқариши мумкин. У анча юқорида эканига қарамай, учувчилар бу жисмни кўргани ҳақида хабарлар бор», деган Пентагон вакили.

Хабар қилишларича, шар жуда юқорида ҳаракатланаётгани туфайли фуқаролик авиациясига таҳдид солмайди.

«Шар айни вақтда тижорий ҳаво қатновлари амалга ошириладиган баландликдан анча юқорида учмоқда ва қуруқликдаги одамларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди», дейилади Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг баёнотида.

Унинг сўзларига кўра, бундай ҳолат аввалги йилларда ҳам кузатилган.

Ҳозирги ҳодиса аввалгиларидан шуниси билан фарқ қиладики, ҳозирда шар АҚШ ҳудуди осмонида кўпроқ вақт қолмоқда.

NBC телекомпанияси хабар қилишича, чоршанба куни АҚШ ҳарбий қўмондонлиги бу ҳодисани ва эҳтимолий чораларни муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказган. Бу шар ҳақида АҚШ президенти Жо Байден хабардор қилинган.

NBC манбалари қайд этишича, объект аниқлангач, авиация ҳавога кўтарилган, жумладан бешинчи авлоддаги F-22 Raptor қирувчи самолётлари, шунингдек радарни аниқлаш самолёти ҳам.

Ҳаво шарини дастлаб чоршанба куни Монтана штати Биллингс шаҳри ҳудудида учратишган. Бунгача, тахминларга кўра, объект Канада ва Алеут ороллари устидан учиб ўтган. Канада мудофаа вазирлиги эса мамлакат осмонида яна бир шар борлигини маълум қилган. Канада ҳукумати бошқа изоҳ бермаяпти, фақат АҚШ расмийлари билан доимий алоқада бўлиб турганини билдирган.

  • АҚШ ва Хитой муносабатлари 2022 йил августида, АҚШ Конгресси спикери Нэнси Пелоси ХХР ҳукумати ўз ҳудуди деб биладиган Тайванга ташриф буюриши ортидан ёмонлашганди. 
  • 2023 йил январ ойи охирида АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Майк Миниҳан Тайван туфайли АҚШ ва Хитой ўртасида 2025 йилда уруш келиб чиқиши мумкинлигини айтди.

Мавзуга оид