Жаҳон | 20:51 / 04.02.2023
13396
2 дақиқада ўқилади

Дунёда ишсизлар сони 205 миллиондан ошди 

Ишсизликнинг энг юқори даражаси Африка ва араб мамлакатларида кузатилган. 

Фото: UNICEF

Халқаро меҳнат ташкилотининг «Глобал бандлик ва ижтимоий истиқболлар: 2023 йилдаги тенденциялар» ҳисоботига кўра, жорий йилда дунёда ишсизлик даражаси ошади. 

Ташкилот маълумотларига кўра, ўтган йил охирида дунёда ишсизлар сони 205,2 миллион кишини ташкил қилган. Бу 2021 йилга нисбатан 11,2 миллион кишига ва пандемия бошланган 2020 йилга нисбатан 30 миллионга камдир. Бироқ пандемиядан олдинги даврга (2019 йил) нисбатан бу кўрсаткич 13,3 миллион кишига кўпдир.

Халқаро меҳнат ташкилотининг бу йилги прогнозларига кўра, дунёда ишсизлар сони 3 миллионга ошиб, 208,2 миллион кишига, 2024 йилда эса 210,9 миллион кишига етади. 

Ўтган йили дунёда ишсизлик даражаси 5,8 фоизни ташкил қилган. Бу 2021 йилга нисбатан 6,2 фоизга ва пандемия бошланган йилга нисбатан 6,9 фоизга кам. Аммо 2019 йилга нисбатан бу 5,5 фоизга юқори. ХМТ прогнозига кўра, ишсизлик даражаси 2023-2024 йилларда ўзгаришсиз қолади (5,8 фоиз). 

Жинслар нуқтаи назаридан, ишсизлик даражасида сезиларли фарқ йўқ. Ўтган йили ишсизлик аёллар ўртасида 5,8 фоиз, эркакларда 5,7 фоизни ташкил этган. 2023-2024 йилларда ишсиз эркаклар даражаси ўзгармайди, 2024 йилда аёллар ўртасидаги ишсизлик кўпаяди ва 5,9 фоизни ташкил қилади. 

Минтақалар бўйича ишсизликнинг энг паст даражаси (5,2 фоиз) ўтган йили Осиё-Тинч океани мамлакатларида кузатилган. 2023-2024 йилларда вазият сақланиб қолиши ва кўрсаткич 5,1 фоизга камайиши кутилмоқда. 

Шу билан бирга, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси мамлакатларида бу кўрсаткич 7 фоизни, Шимолий Америка мамлакатларида (АҚШ ва Канада) 3,8 фоизни, Европа ва Марказий Осиёда 6,1 фоизни, Африкада 7,1 фоизни ташкил қилган. 

Ишсизликнинг энг юқори даражаси араб мамлакатларида кузатилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 9,3 фоизни ташкил этди. 

Мавзуга оид