Болаларга жинсий зўравонлик қилганлар афв этилмаслиги, муддатидан аввал шартли озодликка чиқарилмаслиги керак – Болалар омбудсмани
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова педофилларга бериладиган жазони кучайтириш орқали болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатларига барҳам берилишини таъкидлади.
“Янгиҳаёт туманидаги 12 яшар қизнинг аянчли ўлими барчани чуқур қайғуга солди. Интернет оламидаги муҳокамалар, халқнинг ғазаби ва албатта ёшгина қизалоқнинг нобуд бўлгани мамлакатимизда болалар хавфсизлиги тўлиқ таъминланмаганлигини кўрсатади.
Бу ҳолатда қизча бегона шахс томонидан зўравонликка учраган. Шахсан менга юборилаётган мурожаатлар орасида оила аъзолари, буваси, ўгай акаси ёки ўгай отаси томонидан мунтазам жинсий зўравонликларга учраётган болалар ҳам топилади. Ҳатто 4–9, 10–14 ёшли болаларга нисбатан жинсий зўравонликлар амалга ошириляпти. Албатта бу жуда ачинарли ҳолат. Бундай мурожаатларни ўқиш жуда оғир. Ахир болалар ҳимояга муҳтож-ку. Бу ҳолатларни ўзимиз назоратга олиб, Бош прокуратурага расмий хат билан мурожаат қиляпмиз”, деб ёзади Алия Юнусова.
Қайд этишилишича, Ўзбекистон 1995 йил 31 августда «1966 йил 16 декабрдаги Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга доир факультатив баённома”га қўшилган. Ушбу ҳужжатга асосан мамлакатимизда ўлим жазоси бекор қилинган ва бу давлатимизнинг халқаро мажбурияти ҳисобланади.
Алия Юнусова болаларга нисбатан қўлланадиган жинсий зўравонликларга бериладиган жазо турини кучайтириш орқали юқоридаги ҳолатларга барҳам бериш мумкинлигини, шу боис Бола ҳуқуқлари бўйича вакил болаларга нисбатан жинсий зўравонлик қилган шахсларга энг оғир жазо тури қўлланиши ҳамда уларга ҳеч қандай амнистия акти ёки афв этиш асосида жазодан озод қилиш, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланмаслиги керак деган позицияда турганини алоҳида таъкидлаган.
“Болалар омбудсмани мурожаатлар таҳлили ва ўтказган ўрганишлари давомида таклифлар тайёрлаб, тегишли ташкилотларга юборилган. Бундан ташқари, болаларга яратилган шароитларни ўрганиб, аниқлаган камчиликлар бўйича тавсиялар берилган. Лекин шу билан биргаликда, болалар шахсан ўзлари Болалар омбудсманига мурожаат юборишлари учун қисқа ишонч телефонлари фаолиятини зудлик билан йўлга қўйиш лозим.
Боғча, мактаб ва бошқа муассасаларда болаларнинг руҳий ҳолатини ўрганадиган мутахассислар сони ва малакасини ошириш керак. Судья, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ва адвокатларнинг бола ҳуқуқлари кафолатлари бўйича ихтисослашувини кучайтиришимиз зарур.
Болаларнинг ҳам зўравонликка учраганда, оила аъзолари томонидан таҳқирланганда ёки бошқа ҳолатларда имо-ишора билан хабар бериш бўйича кўникмаларини шакллантириш керак.
Аслида бу каби воқеалар бизга болалар ҳимоясини янада мустаҳкамлашга ундаши ва масъулиятимизни янада ошириши, ушбулар орқали, болаларни, уларнинг ҳуқуқлари ҳимояланган ва хавфсизлиги таъминланган жамиятда яшашини таъминлашимиз керак”, дейилади Болалар омбудсмани томонидан эълон қилинган расмий муносабатда.
Мавзуга оид
18:12 / 09.11.2024
Бир чуқурдаги икки мурда – Пайариқдаги қотиллик тафсилоти
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
19:18 / 02.11.2024
Арчазордан топилган одам боши – Қўштепадаги қотиллик тафсилоти
20:57 / 31.10.2024