Жамият | 11:37 / 04.02.2023
19302
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда 4 та тумандаги дўконлардан ўғрилик қилишда гумонланган шахс ушланди

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан бир нечта дўконлардан ўғрилик қилишда гумон қилинган шахс қўлга олинди.

Фото: Getty Images

Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБга келиб тушган хабарга кўра, жорий йилнинг 15 январь куни, номаълум шахс туман ҳудудида жойлашган дўкондан жами 21 500 000 сўмлик техникани ўғирлаб кетган.

ИИББ хабарига кўра, жиноятни фош этиш мақсадида тезкор қидирув хизмати ходимлари томонидан гумонланувчининг шахсини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилиб, тез орада муқаддам судланган 35 ёшли А.Д. қўлга олинди. 

Тергов жараёнида А.Д. аввалроқ Сергели, Чилонзор ва Миробод туманларида жойлашган яна учта дўкондан 45 000 000 сўмдан ортиқ турли хил товарларни ўғирлаб кетганлиги аниқланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. 

Ҳозирда тергов давом этиб, гумонланувчининг шу каби бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Мавзуга оид