Жаҳон | 16:04 / 08.02.2023
17580
4 дақиқада ўқилади

Зеленский уруш бошидан буён илк бор Лондонга борди

Володимир Зеленский чоршанба куни Лондонга учиб келди, бу ерда у Буюк Британия бош вазири Риши Сунак билан учрашади ҳамда Британия парламентида чиқиш қилади. Шунингдек Украина президенти Британия монархи Чарлз III қабулида бўлади.

Фото: RISHI SUNAK/TWITTER

Британия Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти Зеленскийни Лондондаги Станстед аэропортига етказди.

Сунак Зеленскийни шахсан чиқиб аэропортда кутиб олди ва твиттер саҳифасида у билан тушган фотосуратини жойлаштирди.

Бу Зеленскийнинг Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан буён иккинчи бор хорижга сафар қилишидир, аввалроқ у Полша орқали АҚШга борганди.

Режага кўра, сафар давомида Зеленский Британияда жанговар тайёргарликдан ўтаётган украиналик ҳарбийлар билан ҳам учрашиши кўзда тутилган.

«Президент Зеленскиянинг Буюк Британияга ташрифи - унинг мамлакати жасорати, қатъияти ва кураши, шунингдек мамлакатларимиз ўртасидаги бузилмас дўстликка далилдир», деган Сунак.

Зеленский келган самолётнинг қўниши

Чоршанба куни Лондон Буюк Британия украиналик учувчилар Ғарб намунасидаги қирувчи самолётларни бошқаришга ўргатилиши бошланишини эълон қилди.

Бу қарор Буюк Британиянинг Украинага Ғарб қирувчи самолётлари етказиб бериш бўйича позицияси ўзгарганидан дарак бериши мумкин. Аввалроқ Сунак бундай ёрдам «амалий эмаслиги»ни айтиб, буни Британия ҳарбий самолётлари жуда мураккаблиги, уларда парвоз қилишни ўрганиш учун бир неча ой вақт талаб этилиши мумкинлиги билан изоҳлаганди.

Британия Украина ҳарбийларини тайёрлаш дастурини кенгайтириб, яна 20 минг кишини жанговар ҳаракатларга тайёрлашни мақсад қилган. Хабар қилишларича, британиялик ҳарбий мутахассислар украин денгиз пиёдаларини ҳам ўқитади.

Видеоалоқа орқали илк чиқиш

Бош вазир идорасига кўра, Сунак Киевга Россия Украинанинг муҳим инфратузилмаларига зарба беришининг олдини олиши учун нисбатан узоқ масофадаги нишонларга зарба бериш воситаларини таклиф қилмоқчи. Айнан қандай қуроллар ҳақида гап кетаётганига ҳозирча аниқлик киритилмаган.

Зеленский ўтган йили Британия парламентига видеоалоқа орқали мурожаат қилганди. Фото: UK PARLIAMENT 

Британия ҳукумати шунингдек Россияга қарши, жумладан [президент Владимир] Путинга «шахсий бойлигини кўпайтиришга ёрдам бераётганлар ва Кремл ҳарбий машинаси орқали даромад топаётган компаниялар»га қарши санкциялар эълон қилмоқчи.

Пайшанба куни Зеленскийни Брюсселда кутишади, у бу ерда Евроиттифоқ расмийлари билан учрашади.

Ўтган йил мартида Зеленский видеоалоқа орқали Британия парламентига мурожаат қилганди. Бу хорижий давлат раҳбари Жамоа палатаси йиғилишлар залида чиқиш қилиши билан боғлиқ тарихдаги илк ҳолат бўлганди.

Британия Украинага қандай ёрдам кўрсатган?

Ўтган йил февралидан буён Буюк Британия Украинага 2,3 млрд фунт миқдоридаги ҳарбий ёрдам жўнатган ва ушбу украинларни қўллаб-қувватлаш кўлами бўйича АҚШдан кейинги иккинчи мамлакат ҳисобланади. Британия ҳукумати бу йилдаги ёрдам ҳажми ҳам шу каби бўлишини ваъда қилган.

Британия шунингдек Россияга қарши санкциялар қўллаган ва Украинадан 100 мингдан ошиқ қочқинларни қабул қилган.

Қуйида Буюк Британия томонидан Украинага тақдим этиладиган техникалар рўйхати:

  • Бир қанча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, жумладан Starstreak - бу яқин масофадаги пастлаб учувчи ҳаво нишонларини йўқ қилишга қаратилган;
  • Challenger-2 танклари;
  • Артиллерия тизимлари, жумладан 30 та AS-90 русумли ўзиюрар гаубицалар;
  • 155 мм калибрли юз минглаб снарядлар;
  • M270 баравар ўт очиш реактив тизимлари (америкаликларнинг HIMARS тизимининг гусеницали муқобил варианти);
  • Танкка қарши NLAW ракета тизимлари;
  • Brimstone русумли денгиз ракеталари;
  • Зирҳли техникалар, жумладан Mastiff русумли патрул машиналар;
  • Ажралиб қолган кучларга логистик кўмак кўрсатишга мўлжалланган дронлар;
  • Радиоэлектрон кураш воситалари.

Мавзуга оид