Ўзбекистон | 22:40 / 09.02.2023
19899
3 дақиқада ўқилади

«Юзлаб қутқарувчилар ва гуманитар ёрдам» – Ўзбекистон турк халқига қандай ёрдам бермоқда?

Қардош турк халқи учун Тошкент шаҳрида аҳоли ва тадбиркорлар 80 тоннадан ортиқ гуманитар ёрдам йиғди. Инсонпарварлик юклари ортилган биринчи рейс 10 февраль куни учиб кетиши кутилмоқда. Шу кунларда Туркияда 100 дан ўзбекистонлик ортиқ қутқарувчилар қидирув ишларини давом эттирмоқда. Туркия элчиси қийин кунларда елкадош бўлаётган ўзбек халқи ва тадбиркорларига миннатдорчилик билдирди. 

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, ташаббус бошланган 8 февралдан буён ҳозир вақтгача 80 тоннадан ортиқ маҳсулотлар йиғилган. Маҳсулотлар олиб борилган жойда ҳам сақланиши учун яхшилаб қадоқланмоқда. Ўзбекистонликлар ёрдам тўплаш марказига болалар ва катталар учун қишки кийимлар, чодир, генераторлар, узоқ сақланадиган озиқ-овқат ва гигиена воситаларидан иборат кўплаб зарур маҳсулотлар олиб келяпти.

Марказга Туркиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар ҳам ташриф буюриб, Ўзбекистон ҳукумати, тадбиркорлари ва ўзбек халқига кўрсатилаётган ёрдам учун миннатдорчилик билдирди.

«Дўст «қора кун»да билинади, деган мақол бор. Ўзбекистонликлар шундай оғир кунда олдимизда елкадош бўлиб турганини кўриб турибмиз. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Туркияга иккита алоҳида қутқарув гуруҳи юборилди. Бу ерда биз Савдо-саноат палатаси бошчилигида йиғилаётган маҳсулотларни жамлаб Туркияга юборишга бош-қош бўляпмиз. Сизнинг олдингизда ўзбек халқига ва тадбиркорларига ўз миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман,” – дея Туркия элчисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Шунингдек, тадбир иштирокчилари фалокат оқибатларини бартараф этишга ёрдам тариқасида бормоқчи бўлган волонтёрлар юзасидан ҳам фикр билдирди.

«У ерда сўнгги 3-4 кунларда самолётларнинг қўнишида ҳам муаммолар бор. Ҳозир биринчи навбатда давлат томонидан қутқарув гуруҳи юборилди. Аҳолига керакли биринчи ёрдам ҳам. Ҳақиқатан ҳам ёрдамга бормоқчи бўлган волонтёрлар бор, лекин у ердаги вазиятни билмаймиз ва ҳозирча бирор нарса айтолмаймиз. Бу борада шароитлар аниқ бўлгач жавоб бериш мумкин», деди Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов.

Зилзила оқибатларини бартараф этиш учун Туркияга 95 давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўз ёрдамини таклиф қилди. Айни пайтда мамлакатда 6,5 мингга яқин хорижлик қутқарувчилар жалб этилган. Шунинг 100дан ортиғи Ўзбекистондан. Ўзбекистонлик қидирув-қутқарувчилари ўнлаб жабрланган ва ҳалок бўлганларни вайроналар остидан чиқарди. Ишлар давом этмоқда.

Бундан ташқари, зилзиладан жабр чеккан туркияликларга ёрдам йиғиш давом этмоқда. Керакли маҳсулотлар Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани Бобур кўчаси 30-уйда жойлашган Технопаркда қабул қилинмоқда.

Мавзуга оид