Жаҳон | 13:35 / 10.02.2023
23923
2 дақиқада ўқилади

Россия Украинага янги ракета зарбалари берди

Россия Украинага янги ракета зарбалари берди. Гувоҳлар ва Украина оммавий ахборот воситалари Полтава, Одесса, Миколайив, Запорижжя, Днипропетровск вилоятларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишлаётгани ҳақида хабар бермоқда. 

Миколайив вилояти ҳарбий маъмурияти бошлиғи Виталий Кимнинг ёзишича, ракеталарнинг иккинчи тўлқини учирилган, улардан камида биттаси минтақа томон учиб келмоқда. Яна иккита ракета Одесса вилояти томон учирилган.

Харкивда эрталаб соат 10 ларда муҳим инфратузилмага зарар етди, деди шаҳар мэри Игор Терехов. Электр ва бошқа коммунал хизматлар ишида узилишлар кутилмоқда. Киев ва Киев вилоятида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлашда давом этмоқда. Халқ депутати Мария Мезенцева дастлаб Украина пойтахтига зарба (ракеталар нишонга етиб борган) бўлганини маълум қилди, бироқ кейин ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаганига ойдинлик киритди. 

Украина оммавий ахборот воситалари Харкив, Киев шаҳри ва Киев вилоятидаги портлашлар ҳақида ёзмоқда. Пойтахтда, маҳаллий маъмурият маълумотларига кўра, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаб кетган. 

Украина жамоатчилиги ўз минтақаларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаётгани ва портлашлар ҳақида хабар беришда давом этмоқда. Уларнинг ёзишича, Кировоград, Полтава, Харкив вилоятларида ҳаво мудофаа тизими ишлаяпти, Миколайив ва Кременчуг шаҳрида портлашлар эшитилган. 

«Укрэнерго» компанияси шарқий, ғарбий ва жанубий ҳудудлардаги юқори вольтли инфратузилмага ракета зарбалари содир бўлгани, бу эса баъзи ҳудудларда электр энергияси узилишига олиб келганини маълум қилди. 

Мавзуга оид