Жамият | 16:48 / 14.02.2023
42364
13 дақиқада ўқилади

Ҳаётий ҳикоя: Йўқолган қўйни топганга икки қўчқор

Фото: KUN.UZ

(Ҳикояда ўтган асрнинг саксонинчи йилларида Жиззахда содир бўлган воқеа тилга олинади. У даврда ўртача ойлик маош 80 сўм, яхши бир қўй 150 сўм атрофида бўлган).

Дўстим Эрали пайшанба куни ишдан кейин шундай деди:

– Мен директордан эртанги кун учун жавоб сўрадим. Кеча отамнинг бир қўйи йўқолиб қолган эди. Бугун излаб топишолмабди. Эртага барча қариндошлар бирга қидирадиган бўлдик.

Уйга етиб боргунча ҳам дўстимнинг сўзлари ҳамон қулоғимда эди. Бунга сабаб йўқолган бир дона қўйни топиш учун шунча одам овора бўлаётгани мени ҳайрон қолдирганди. Ўғил сифатида дўстим Эрали ҳам отасига йўқолган қўйни топишга кўмаклашиши табиий ҳолдек кўринса-да, қўл остида ўттиз нафар ходим ишлаётган, ҳар куни ўн минглаб қўй сотиб олишга етадиган пулларни у ҳисобдан бу ҳисобга ўтказувчи бош ҳисобчининг далама-дала юриб қўй излаши, менга жуда эриш туюлаётган эди. Эртаси куни кечда бир никоҳ тўйининг базмида ўтирсак, бошловчи эълон борлигини айтиб қолди. Ҳамма ҳушёр тортиб эълонга қулоқ осди.

– Уч кун бурун Алибек отанинг бир қўйи йўқолганидан ҳаммангизнинг хабарингиз бор. Ҳалигача ўша қўй топилмади. Эртага қўйни қидиришга бирга чиқиб, қўйни топганга ўша қўй ёки икки қўчқор мукофотга берилади. Қидиришга чиққан барчага беш сўмдан пул берилади. Соат олтида мактабнинг олдида йиғиламиз.

Дона-дона қилиб айтилган эълоннинг барча сўзини аниқ эшитган бўлсам-да, қулоқларимга ишонмасдим. Одатда йўқолган қўй ёки эчки икки кун қидирилади. Кейин қидиришдан фойда йўқ. Чунки икки кун ичида қаровсиз қолган қўй ёки эчкини бўри ёки шоқоллар еб кетиши кундай равшан. Алибек ота эса уч кун бурун йўқолган қўйини бутун қишлоқни овора қилиб излаши менга мантиқсиз кўринди. Энг қизиғи эса мукофот эди. Топилган қўйни топганга мукофотга берса ва яна бир қўчқор атаса, қолганларга эса беш сўмдан пул берса, бу қўйни қидиришдан нима наф борлигини ҳеч тушуна олмадим.

Эрали дўстим, Алибек ота қадрдоним, шанба дам олиш куним бўлгани учун соат олтида мен ҳам қўй қидирувчилар сафида эдим. Қўй қидириш режаси жуда пухта тузилган экан. Эралининг тоғаси барчани гуруҳларга бўлиб, уларга қидириш учун чегараларни аниқ белгилаб берди. Ҳар бир гуруҳга йўқолган қўйни танийдиган бир одамни масъул этиб тайинлади. Йиғилганларга мурожаат қилиб, бўри ёки шоқол еган бўлса терисини топиб келадиган даражада синчиклаб қидиришларини сўради. Сўзининг охирида барча қаерда учрашишини айтди. Қидирувчилар кўп бўлгани учун ёши катталар гуруҳларга бўлинмади. Лекин улар ҳам уйларига қайтмай, Алибек отага қўшилиб учрашув жойига йўл олдилар. Улар орасида мен ҳам бор эдим. Қидирувчилар орасида бир мен водийлик бўлганим учун, уларнинг суҳбатларига қўшилмай четроқда борар эдим. Алибек отанинг юзларида ҳорғинлик, кўзларида эса уйқуга тўймаганлик аломатлари кўриниб турарди. Оти, элликдан ортиқ қўйи, ўнга яқин сигир бузоғи бор, камига ўғиллари топарман-тутарман бўлган бу отанинг эллик одам билан қўй излаши менга ғалати туюлар эди. Билмаган одам “ота жуда хасис одам экан”, деб ўйлаши мумкин. Лекин отанинг хасис эмаслигини мен яхши билар эдим. Ота ҳар сафар бизнинг уйга кириб келганида атрофга яхшилаб назар солар эди. Ичкарига кираётиб албатта:

– Бирон жондор ҳовлингда боғлиқ турсин –деб қўяр эди. Бу ҳолат тўрт- беш марта такрорлангач, менга астойдил насиҳат қилди.

– Ҳовлингга ёмон кўзли бирон одам кирса, унинг назари аввало мол ёки қўйга тушгани маъқул. Мол топилади. Сен оила аъзоларингни эҳтиёт қилишинг керак – деди. Авваллари фарзандларимни озода ва чиройли кийинган ҳолда кўриб аёлимга “Келин, болаларга эски-туски нарсалар кийдиринг, юзлари ҳам кир-чир юрсин, шунда бировнинг кўзи тегмайди” деб бир неча бор насиҳат қилган эди. Отанинг ҳовлида албатта бирон-бир жонлиқ туриши лозимлиги ҳақидаги гапини маъқуллаган бўлсам-да, яна ўз билганимдан қолмадим. Кейинги гал келганида мендан ростакамига жаҳли чиқди.

– Пулинг бўлмаса мен берай, қайтаришинг ҳам шарт эмас. Бозорда мол танлашни билмайман десанг, мен бозорга бирга борай. Билиб қўй. Агар яна келганимда уйингда бирон жондор бўлмаса, уйимдан тўртта қўйни олиб келиб ҳовлингга боғлаб кетаман, берсанг пулингни ҳам олмайман, деб масалани кўндаланг қўйди. Мен Андижонда яшаб юрган кезларим, “кўз тегиши” ҳақидаги гапларга бидъат деб қарар эдим. Жиззахда уч-тўрт йил яшагач, бу нарсанинг борлигига амин бўлдим. Биз яшаган посъёлкада тўртта машҳур “кўзли” одамлар бор эди. Улар ҳақида жуда кўп ақл бовар қилмас гаплар юрар эди. “Кўзли” одамлар билан боғлиқ икки ҳодисага ўзим ҳам гувоҳ бўлганман.

Ўсарбой ака деган бир қўшнимиз бўларди. Бир кун ишдан кечроқ келсам, уйдагилар мени Ўсарбой ака йўқлаб келганини айтишди. Унинг уйига бордим. Кўчада жуда катта бир новвосини чўмилтираётган экан. Суҳбатлашиб турсак ўша машҳур “кўзли” одамлардан бири Ўролбой ака кўчадан ўтиб қолди. У бизнинг маҳалла охирига уй қуриб, кўчиб келган эди. У ҳўкизни кўрдию: “Ўсарбой. Ҳўкизни ҳам роса боқибсизда”, деди. Бу гапни эшитган Ўсарбой аканинг ростмона жаҳли чиқиб кетди.

Унга қараб жаҳл билан “Ўролбой, ҳўкизни бекор мақтадингиз-да. Билиб қўйинг, агар шу ҳўкизга бирон нарса бўлса, сизни шу кўчадан юргазмай қўяман. Агар юрсангиз, мана Олимжон гувоҳ, оёғингизни уриб синдираман”, деди.

Ўсарбой аканинг жаҳли чиққанича бор экан. Эрталабгача ҳўкизи ҳаром ўлиб қолди. Бу воқеадан кейин Ўролбой ака бу кўчадан бошқа юрмади. Ўзига нариги кўчадан йўл солди.

Мен гувоҳ бўлган бундай воқеалардан иккинчиси бунданда ҳайратланарли. Қиш кунларидан бирида Султон деган бир дўстимнинг гаштагида ўтирган эдик. Кеч соат саккизларда Султон кириб: “Даладаги тракторчиларга кечки овқат олиб боришим керак эди. Менинг машинамни олиб чиқиш учун, ҳаммангнинг машинангни қўзғатиш керак. Олимжон, сизнинг машинангиз охири келган экан. Овқатни бирга ташлаб келайлик”, деб қолди. Овқатни олиб йўлга чиқдик. Далага яқинлашганимизда учта “Алтай” тракторининг фаралари тун бағрини ёриб олға юраётгани кўринди. Етиб бориб машинадан тушдик. Султон тракторларни кўрсатиб: “Техника деган нарса шундай ишласа-да”, деди. У ҳали гапини тугатмасдан тракторлардан биридан “қарс” деган товуш чиқди-ю, ўша трактор таққа тўхтади. Биз нима бўлганини билиш учун ўша томонга юрдик. Ҳали йўлнинг ярмига етмасимиздан иккинчи тракторнинг ҳам овози ўчди. Биз қаёққа юришга ҳайрон бўлиб турсак, учинчи трактор моторининг ҳам овози пастлай бошлади. Икки минутлардан кейин далада мутлақ сукунат ҳукм сура бошлади. Фақат шундагина Султон ҳам ўша машҳур тўрт одамдан бири экани ёдимга тушди. “Кўзи бор” одамлар билан боғлиқ бу икки ҳодисадан кейин мен олтита қўй сотиб олдим...

* * *

Қўй қидиришдан озод бўлганлар чамаси бир соатларда тайинланган учрашув жойига етиб келдик. Алибек отани ёмон хаёллардан сал бўлса-да чалғитиш учун турли қизиқ ҳангомалар айтилди. Лекин отанинг чеҳраси ёришмади. Соат ўнлар атрофида гуруҳлардан бирининг йигитлари йўқолган қўйнинг териси ва калласини кўтариб келдилар. Топилган тери ва қўйнинг калласи синчиклаб ўрганилди. Хулоса якдил бўлди. “Тери ва калла – йўқолган қўйники. Қўйнинг ҳеч қаери синмаган ва шилинмаган. Қўйни кимдир сўйиб, кейин нимталаб олиб кетган. Терининг қуртлаб кетганига қараганда, қўйнинг сўйилганига тўрт кун бўлган”.

Йигитларни бошқа гуруҳларни огоҳлантириш учун жўнатиб, ортга қайтдик. Алибек отанинг юзига қарадим. Юзи ёришган, чарчоқлари тарқаган, лабларида ним табассум бор эди. Энди у суҳбатларга аралашар. Гўшт ўғрилари ҳақидаги барча гумонларни тўхтатишга ҳаракат қиларди. Унинг бу иши ҳам мен учун мутлақо тушунарсиз эди. Эртаси якшанба бўлгани учун уй ишлари билан банд бўлдим. Лекин йўқолган қўй билан боғлиқ воқеалар хаёлимдан кетмади. Менга тушунарсиз бўлган ҳеч бир саволимга асосли жавоб топа олмадим. Пешиндан кейин Алибек отанинг набираси мени бобоси чақираётганини, уйдагиларга кечқурун қайтишимни тайинлаб боришим кераклигини айтиб келди. Минг ўй-хаёл билан отанинг уйига етиб бордим. Ҳовлида ўнтача одам иш билан банд. Келинлардан бири қўйнинг боши ва туёқларини тозалаяпти. Кампири бир келини билан гўштдан қийма тайёрлаяпти. Тўрт йигит сабзи, пиёз артяпти. Икки йигит қозон-ўчоқларни ўрнатиш билан овора. Маҳалла ошпази гўшт майдалаяпти. Набиралар эса сув ва ўтин масаласини ҳал қилмоқда.

– Тўй бошладингизми? Нега мен бехабар қолдим? – дедим ҳайрон бўлиб.

– Тўй эмас. Бугун биз билан чиққанларни меҳмонга чақиряпман, – деди ота.

– Йўқолган қўйнинг терисини топгани учун бир қўйни сўйиб уларни меҳмон қиласизми? — сўрадим ҳайратим янада ошиб.

– Уларда нима айб? Қўйим тирик бўлганда тиригини топишарди. Териси қолгандан кейин терисини топишадида, деди ота кулиб. Бир қўйни деб тўрт кун сарсон бўлган, терисини топиб, ҳашарчилар учун яна бир қўй сўйган одамнинг ҳазил учун ўзида куч топганига қойил қолдим. Чақирилганлар келгунича ота икковимиз суҳбатлашиб ўтирдик. Шу суҳбат давомида отани гапга солиб, мени қийнаётган саволларга жавоб топдим.

– Ҳовлимдаги барча жонзот учун Аллоҳ олдида мен жавобгарман. Уларнинг емиши, суви, соғлиги ва тинчлиги менинг зиммамда. Менга тегишли бирон жонивор оёғи синибми ёки ботқоққа ботибми йўқолиб қолса, мендан нажот кутади. Мен уни топмасам, унинг ўлиши аниқ. Жони қийналганида у мени қарғайди. Қарғиши менга ёки болаларимга урмаслиги учун мен қанча харажат кетишига қарамай, уни албатта топишим керак. Қўй йўқолганининг иккинчи куниёқ унинг ўлиб бўлганини билардим. Кўнглим хотиржам бўлиши учун, йўқолган қўй менинг айбим билан ўлмаганини билишим ниҳоятда муҳим эди. Қўйимни кимдир ўғирлаб, кейин сўйиб олгани айбсиз эканимни кўрсатди. Шунинг хурсандчилигига яхши одамларни меҳмонга чақирдим. Масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Бугун меҳмонларга ваъда қилингандек беш сўмдан пул бераман. Яхши биламанки, ҳеч ким пулни олмайди. Қўй сўйиб меҳмон қилганим учун эса мен Худонинг олдида ёлғончи бўлиб қолмайман.

– Сиз “Кичик шаҳзода” деган китобни кўргансизми? – деган саволимга ота –“йўқ” деб жавоб берди. Ота Сент-Экзюпери деган ёзувчи тўғрисида ҳам эшитмаган экан. У бироз ўйланиб турди-да: “Ўша ёзувчинг нима деб ёзган?” деб сўради.

– Бир ёш болага “Яшаган сайёрангни тоза тут. Ўтқазган Ҳар бир кўчат, боқиб олган ҳар бир жониворинг учун сен жавобгарсан”, дегани учун бутун дунёга машҳур бўлган.

– Яхши ёзувчи экан. Лекин биз бу қоидага минг йиллардан бери амал қилиб яшаяпмиз.

Отанинг суҳбатидан кейин ўзим учун бир сирни очдим: БУЮК ФАЙЛАСУФЛАР ҲАМ ОЛТИНГА ТЕНГ ФИКРЛАРНИ ОДДИЙ ОДАМЛАРДАН ОЛАР ЭКАН.

Азиз ўқувчи, халқимиз минг йиллардан бери қадрлаб келаётган қадриятларга амал қилинг. Алибек отадек дўстлар топинг. Бундай дўстларингиз кўп бўлса, сиз албатта дунёни яхши томонга ўзгартира оладиган инсонга айланасиз.

Олимжон Зоҳидов

Мавзуга оид