Ўзбекистон | 16:53 / 14.02.2023
14402
2 дақиқада ўқилади

Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида қалбаки пулларни тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди

Улардан 460 млн сўмдан ортиқ қалбаки пуллар мусодара қилинган.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида қалбаки банкнотларни тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинган. Бу ҳақда Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, 2023 йил 3 феврал куни Жиззах вилояти Пахтакор туманида ички ишлар ходимлари томонидан Paynet орқали пластик картага 4,3 млн сўм қалбаки пул ўтказиш ҳолати аниқланган.

Тезкор суриштирувлар давомида қалбаки пулларни Жиззах вилоятида яшовчи икки нафар шахс муомалага киритгани аниқланган.

Гумондорлар қўлга олиниб, улардан 10 дона Paynet чеки, 39 дона банк квитанцияси ва битта пластик картаси олиб қўйилган. Уларнинг кўрсатмаларига кўра, тўртта Paynet шохобчасига киритилган 4,5 млн сўм миқдордаги қалбаки пуллар олинган.

Қўлга олинганлардан бири Жиззах шаҳридаги қурилиши тугалланмаган кўп қаватли уйга яна 18 млн қалбаки сўм яширгани аниқланган. Тергов жараёнида у 28 млн сўм қалбаки пулларни Самарқанд вилояти Пайариқ туманида яшовчи шахсдан 18 миллион сўмга сотиб олганини маълум қилган.

Тадбир давом эттирилиб, Пайариқ туманида яшовчи шахс қўлга олинганда у  Бухоро шаҳрида яшовчи шахсдан 200 000 сўмлик қалбаки пулларнинг ҳар бир донасини 60 000 сўмдан сотиб олганини айтган.

Бухоро шаҳрида яшовчи уч нафар фуқаро 100 млн сўм қалбаки пулни 30 млн сўмга сотмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган. Улардан 336,4 млн сўм қалбаки пул, тўртта компютер, бешта принтер, учта қоғоз кесиш машинаси ва 35 дона рангсиз лак мусодара қилинган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Гумондорлар вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

Мавзуга оид