Жаҳон | 09:12 / 14.02.2023
8380
3 дақиқада ўқилади

Лондонда Россиянинг эҳтимолий жосуси иши бўйича суд давом этмоқда

Буюк Британиянинг Берлиндаги элчихонаси собиқ қўриқчиси уч йил давомида Россия томони учун махфий материаллар тўплаганликда гумон қилинмоқда.

Фото: Flickr

2016 йил 15 июндан бери Британиянинг Берлиндаги элчихонасида қўриқчи бўлиб ишлаган Шотландияда туғилган ва Британия фуқароси ҳисобланган Дэвид Баллантайн Смит уч йил давомида - 2018 йилнинг 9 мартидан бери махфий материалларни тўплаган ва улар учун Россия томонидан юзлаб евро олган бўлиши мумкин. Унинг иши бўйича эшитувлар 13 февраль, душанба куни Лондоннинг Олд-Бейли марказий жиноий судида бўлиб ўтди. Смит 1911 ва 1920 йиллардаги Британиянинг расмий сирлари тўғрисидаги қонунига биноан тўққизтадан саккизта банд бўйича айбини тан олди.

Эркак томонидан тўпланган материаллар орасида 2020 йил 23 ноябрда Буюк Британиянинг ўша пайтдаги бош вазири Борис Жонсонга ташқи савдо вазири Лиз Трасс ҳамда бизнес, энергетика ва саноат стратегияси вазири Алок Шарма томонидан юборилган «махфий» белгиси бор хат ҳам бор эди.

Полиция хоналарнинг жойлашишини белгилаш учун «элчихона атрофида юриш» акс этган тўққизта видеони топди. Шунингдек, элчихона ходимлари ва алоқа воситаларига оид бир қанча суратлар топилган. Суддаги эшитувлар давомида судланувчининг аниқ Британияга қарши, путинпараст ва россияпараст қарашлари борлиги қайд этилди.

Смитнинг хатти-ҳаракатлари яширин операция давомида Россия элчихонаси ҳарбий хизматчисига Буюк Британия дипломатик миссиясининг бир қатор ҳужжатлари ва у ерда ишлаётган ходимларнинг фотосуратлари билан юборилган хат ушланганидан сўнг фош бўлди. Эркак Германияда полиция томонидан ҳибсга олинган ва 2022 йил апрель ойида Буюк Британияга топширилган.

Судланувчи ўзининг хатти-ҳаракатлари иш берувчидан норозилиги билан боғлиқлигини таъкидлади. Бундан ташқари, у гўёки элчихонанинг хавфсизлик тизимидаги камчиликларни аниқламоқчи бўлган. Эркак Россия томонидан тўлов олганини рад этди.

2019 йилдан бошлаб элчихона ходимлари Смитнинг руҳий саломатлигидан хавотирда бўлган. 2021 йилда бир ҳамкасби Смит ўз жонига қасд қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганидан сўнг, муаммони ҳал қилиш учун йиғилиш ташкил этилган.

Эркак Украина фуқароси бўлган аёлга уйланган, у рафиқаси Германияда яшашни ёқтирмагани ва ватанига қайтганини айтган. «Айбланувчи Украина ҳақида кўп гапирди ва у ерга сафарларни муҳокама қилди. У Германия ҳукуматига нисбатан душманона қарашларини билдирди», - деди прокурор. Ҳукм 17 февраль куни чиқарилиши кутиляпти. Дэвид Смит Россия фойдасига жосуслик қилганликда айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

2022 йил декабрида 21 декабрь куни давлатга хиёнат ва Россия фойдасига жосусликда гумон қилиниб ҳибсга олинган Германия Федерал разведка хизмати (BND) ходими Карстен Л. Москвага Украинадаги вазият бўйича махфий маълумотларни етказган бўлиши мумкинлиги маълум бўлди.

Мавзуга оид