Жаҳон | 21:20 / 15.02.2023
66655
18 дақиқада ўқилади

«Кувалданинг янги қурбони». «Вагнер»нинг навбатдаги даҳшатли «қатли» ҳақида нималар маълум?

Асирликда сўроқ бераётган Якушченко. Фото: ЕСПРЕСО TV

13 февралга ўтар кечаси «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясига алоқадор телеграм каналда «Вагнер» томонидан Украинадаги урушга ёлланган ва асирга тушган собиқ маҳбус сафдошлари томонидан «қатл этилиши» акс этган видео пайдо бўлди. Бу сўнгги ойлардаги иккинчи шундай видео. Россиялик Евгений Нужиннинг боши кувалда билан мажақлангани тасвирланган олдинги видео ноябр ойида пайдо бўлганди. Тўғри, бу сафар бизнесмен Евгений Пригожиннинг матбуот хизмати видеонинг давомини ҳам эълон қилди, ундаги тасвирларга кўра, олдинги видеода «қатл этилган» қримлик Дмитрий Якушченко тирик ва ҳеч қандай зарар кўрмаган. BBC нашри ушбу видеолар ва ундаги инсон ҳақида маълумотлар тўплади.

13 феврал куни кечқурун «Вагнер»га алоқадор бўлган Grey Zone каналида кувалда (катта болға) билан «қатл» уюштирилган янги видео пайдо бўлди.

Видеода Якушченко Дмитрий Юрьевич (1978 йилда туғилган) Украина қўл остидаги Қримда туғилгани ва илгари ўз ҳудудида бир неча марта судлангани айтилади. Канал муаллифларининг ёзишича, Якушченко талончилик ва қотиллик айби билан бир неча бор қамалган. Шундан сўнг у «Вагнер» томонидан берилган «озод бўлиш ва қутулиш» имкониятини қўлга киритган.

Евгений Пригожин асос солган ушбу компания 2022 йил ёзидан бери Россия қамоқхоналаридаги маҳбусларни урушга ёллаш билан фаол равишда шуғулланади.

Якушченко иштирокидаги видеонинг изоҳидан кўриниб турибдики, у фронтга юборилганидан кейин асирга тушган. Ўшанда Украина оммавий ахборот воситалари унинг иштирокидаги видеони нашр этган, унда Якушченко аввалбошданоқ Украина қуролли кучларига таслим бўлишни хоҳлаганини айтади. Ушбу видеодан парчалар Якушченконинг «қатли» видеосига монтаж қилиб қўшилган.

Роликнинг асосий қисми сунъий ёруғлик билан ёритилган ертўлада суратга олинган. Унда камуфляждаги Якушченко девор ёнида ўтиргани, унинг бошига бетон блоклари боғлаб қўйилгани акс этган. Унинг ортида эса кувалда тутган номаълум шахс туради.

Видеода Якушченко «фронтнинг олдинги чизиғида бўлганида» у бу уруш унинг уруши эмаслигини тушунганини айтади. Унинг сўзларига кўра, у Днипро шаҳридаги кўчалардан бирида юрганида бошидан зарба еган ва кўзини очганда видео олинган ертўлада уйғонган.

«Менга мени суд қилишларини айтишди», деган Якушченко. Шундан сўнг орқада турган номаълум шахс унинг бошига кувалда билан уради. Ушбу лаҳза видеода тасвирланган. Хира тасвирда Якушченко зарбадан полга йиқилгани, жаллод эса уни уришни тўхтатмаганини кўриш мумкин.

Видеода содир бўлган воқеалар ўтган йилнинг ноябр ойида тарқалган яна бир шунга ўхшаш видеони эслатади. Ўша видеода Украинага асирликка тушиб қолган ва кейинчалик маҳбусларни алмаштириш доирасида ортга қайтарилган Евгений Нужиннинг (лекин ёзувда унинг ўзи уни Киевдан ўғирлаб кетишганини айтган) кувалда билан ўлдирилгани тасвирга олинган. Нужиннинг тақдири ҳақида ҳозиргача ҳеч нарса маълум эмас.

Якушченко билан содир бўлган воқеанинг ҳақиқатлиги баъзи оммавий ахборот воситаларида шубҳа уйғотди. Нужиннинг ўлдирилиши акс этган видеодан фарқли ўлароқ, ижтимоий тармоқлардаги видеоларда Якушченконинг «қатл»ининг фақатгина «хиралашган» тасвири мавжуд. Видеони ўрганган «Медиазона» журналисти Дэвид Френкел яққол номувофиқликларни пайқаган.

«Бизга ақл бовар қилмайдиган бир неча лаҳзани бир вақтнинг ўзида кўриб чиқиш учун видеони ўн баравар секинлаштирдик. Якушченко сўзини аниқ тугатди ва номаълум шахс зарба беришни кутди. Зарба пайтида Якушченконинг танаси (биз фақат тананинг бўйиндан пастки қисмини кўрдик) зарбага ҳеч қандай муносабат билдирмади, титрамади, деворга урилмади, ҳеч қандай, ҳатто жуда кичик ҳаракатларни ҳам қилмади. Шундан кейин зарба овози эшитилди, тана эса барибир бутунлай ҳаракатсиз қолди. Ва фақат бир сониядан кейин у орқа томонига йиқилди. Видеода қон излари ҳам кўринмади», дейди Френкел.

Орадан бир неча соат ўтгач, Евгений Пригожиннинг матбуот хизмати Якушченко иштирокидаги яна бир видеони эълон қилди. Унда Якушченко тирик ва ҳеч қандай жароҳат олмагани акс этган. У «Вагнер»да «ҳар ким ўз хатосини тўғрилаш имконига эга» эканлигини айтган.

«Асирликда мен жуда кўп турли сўкинишларни эшитдим ва мен ҳозир ҳам бундан уяламан, лекин бу омон қолишнинг ягона йўли эди. Асирликдан қайтиб, мен кўплаб йигитларнинг ҳаётини сақлаб қолган жуда қимматли маълумотларни олиб келдим. Шунинг учун ҳам мени кечиришди ва бунинг учун мен жуда миннатдорман» деган Якушченко.

Ушбу иккинчи видеонинг қачон суратга олингани хронологик жиҳатдан номаълум.

Видеоларга шахсан Евгений Пригожиннинг ўзи ҳам изоҳ берган.

«Болалар хурсандчилик қилишяпти. Сиз Якушченко ҳақидаги фильмни бир қисмли «Бу ерда тонг отиши сокин» («А зори здесь тихие») киноси деб ўйлаган эдингиз, лекин менимча, бу кўпроқ «Баҳорнинг ўн етти лаҳзаси» («Семнадцать мгновений весны») фильмига ўхшайди. Агар хоҳласангиз, биз кейинги қисмларни ҳам сиз билан баҳам кўришимиз мумкин. Билингки, яхшилик ҳар доим ёвузлик устидан ғалаба қозонади», деган бизнесмен.

Пригожин қайси «кейинги» қисмлар ҳақида гап кетаётгани ва Якушченко ҳозир қаердалиги борасида ҳеч қандай маълумот бермаган. Ҳали иккинчи видео чиқмасидан олдин Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Татяна Москалкова РБК нашрига кувалда билан боғлиқ видео ҳақиқийлигини текшириш сўрови билан Тергов қўмитасига мурожаат қилишини айтган.

«Суддан ташқари қатлларга йўл қўйиб бўлмайди ва албатта, буни текшириш керак», деган у.

Дмитрий Якушченко ҳақида нималар маълум?

Видео эълон қилинганидан кейин BBC нашри Дмитрий Якушченко исмли шахс ҳақида аниқлашга муваффақ бўлган тафсилотлар асосан унинг кенг жиноий ўтмиши билан боғлиқ. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, Якушченконинг қариндоши BBC нашрига айтишича, «у бутун умрини қамоқда ўтказган».

BBC Россиядаги ижтимоий тармоқлардан Дмитрий Якушченкога тегишли экани айтилган иккита саҳифани топишга муваффақ бўлди. «Одноклассники»даги профилдан маълум бўлишича Якушченко 44 ёшда, яъни «қатл» видеоси тавсифида айтилганидек, у ҳақиқатан ҳам 1978 йилда туғилган. Унинг аватарида виртуал рамкада «Мени кут ва мен қайтаман» ёзувли кичкина қизнинг сурати бор.

Якушченконинг саҳифасидан унинг қарашларига баҳо бериш қийин. У жорий йилнинг 14 январидан бери «Одноклассники» сайтига кирмаган. У ўзининг охирги «лайк»ини Украина президенти Володимир Зеленскийнинг масхара қилинган сурати туширилган постга босган. Август ойида эса «Слава Украине, Слава ВСУ, ғалаба биз билан!» сарлавҳали видеони тармоққа жойлаган.

Якушченконинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида у Қримнинг Керч яримороли шимолидаги Шчелкино шаҳридан экани маълум қилинган. У дўст сифатида белгилаган инсонларнинг кўпчилиги шу шаҳарда ёки қўшни Ленино шаҳарчасида яшайди. Агар суд қарорларига ишонилса, Якушченконинг фарзандлари йўқ. Уни қамоқхонадан урушга ёллаш вақтида унда Россия фуқаролиги бўлган, аммо ҳеч қаерда расмий рўйхатдан ўтмаган.

Кўринишидан, Якушченко умрининг катта қисмини уйида эмас, балки қамоқхонада ўтказган. Якушченко 2000 йилда, 22 ёшида биринчи марта икки йиллик қамоқ муддатини олган. Жиноят унинг иши билан боғлиқ бўлган — тиббиёт ёки фармацевтика ходимининг вояга етмаган шахс учун оғир оқибатларга олиб келган ҳаракатлари, шунингдек, мулкни эҳтиётсизлик билан йўқ қилиш ёки шикастлаш (Украина Жиноят кодексининг 140 ва 196-моддалари).

Қримнинг Ленин район суди 2003, 2009 ва 2013 йилларда Якушченкони ўғирлик учун қамоқ жазосига ҳукм қилган. У 2015 йилда шартли равишда озод қилинган.

Якушченко охирги марта 2018 йил августида, Россия томонидан аннексия қилинган Қримда қамоққа олинган. Ўшанда Симферополнинг Железнодорожний район суди уни қотилликда айблаб, тергов изоляторига жўнатган. Тергов маълумотларига кўра, Якушченко ва унинг шериклари кўчма уйда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, шу ерда бўлган шахслардан бири билан жанжаллашиб қолган ҳамда унинг оёқ-қўллари ва бошига зарбалар бериб, ўлдирган. Шундан сўнг улар жасадни кўчма уйдан олиб чиққан ва орқа томондаги жарликка улоқтирган. Ҳалок бўлган шахсдан қимматбаҳо буюмларини (заргарлик буюмлари ва телефон) ўғирлашган.

2019 йил охирида суд ҳайъати Якушченкони айбдор деб топади ва Қрим Олий суди уни бир гуруҳ шахслар томонидан ўта шафқатсизлик ва талончилик билан содир этилган қотилликда айблаб, 19 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилади.

2020 йил Сочида ўтказилган апелляция суди ҳукмни ўз кучида қолдиради. 2022 йил апрел ойида Россия Олий суди унинг кассация шикоятини қабул қилади, аммо уни кўриб чиқишдан бош тортади.

Якушченко жазони Саратов областининг Энгелс шаҳридаги 2-ахлоқ тузатиш колониясида ўтаган. Маҳбус Украина Жиноят кодексига асосан чиқарилган аввалги ҳукмларни Россия Жиноят кодексига мувофиқлаштиришни сўраган (бу назарий жиҳатдан жиноятнинг такрорланиши оқибатларини юмшатиши мумкин). Аммо суд Украина ҳукмларининг нусхасини олмаган ва ишни кўриб чиқмаган.

Якушченко қандай қилиб асирликка тушган?

Якушченконинг урушга ёллангани ва асирликка тушгани ҳолатлари фақат унинг сўроқ пайтидаги видеосидан маълум бўлиб, уни ноябр ойида Украинанинг «Эспресо.ТВ» телеканали Украина қуролли кучларидаги манбаларига таяниб эълон қилган. Ушбу видеоёзувда Якушченко қўллари боғланган ҳолда, кўк адёл устида ўтиргани кўринади. Айнан шу видеодан кадрлар унинг қатли видеосига ҳам қўшиб қўйилган.

Видеода ўзини таништирган эркак туғилган вақтини айтишда, «Одноклассники»даги Дмитрий Якушченконинг профилида кўрсатилган туғилган кунни такрорлаган — 1978 йил 19 май. Якушченконинг айтишича, у Қримдаги Ленино шаҳрида истиқомат қилган, бироқ охирги вақтларда Энгелсдаги колонияда қотиллик учун узоқ жазо муддатини ўтаган.

Сўроқ пайтида Якушченко ўтган йили ўз ўтирган ахлоқ тузатиш колониясига «бўйи паст, кал одам» учиб келгани ва маҳбусларга «Вагнер»га қўшилишни таклиф қилганини айтган.

«Улар гуруҳга 105-модда билан узоқ муддатга судланганлар мос келишини айтди», дейди Якушченко. Ўзининг таъкидлашича, у «бўшлиқ топиш» ва қочиш учун Украинага боришга қарор қилган.

Якушченконинг сўзларига кўра, у таркибида бўлган бўлинма Донецк областидаги Бахмут шаҳри яқинидаги жангларда қатнашган. Унинг таъкидлашича, «Вагнер» жангчилари деярли ҳеч қандай жанговар тайёргарликсиз олдинги чизиққа юборилган, фронтдаги вазият тартибсиз бўлган. «Хизмат» нинг тўртинчи куни Якушченко ўзига берилган автомат билан қочиб кетган ва тез орада украиналик ҳарбийлар томонидан асирга олинган. Видео сўнгида у россияликларни «Вагнер»га қўшилмасликка чақирган ва қримликлар Россия аннексиясидан олдин анча яхши яшаганини айтган.

Видео эълон қилинганидан кейин Якушченко билан нима содир бўлгани номаълум. Аммо «Агентство» нашри Россия мудофаа вазирлиги томонидан 1 декабр куни эълон қилган ҳарбий асирларнинг расмий алмашуви тасвирларида Якушченкога ўхшаш одамни пайқаган. Ўша куни Россия ва Украина 50-50 форматида асирлар алмашинувини ўтказган эди.

Овози ва ташқи кўриниши Якушченконикига жуда ўхшаш одам RT репортажида ҳам кўринган. У канал мухбирига бир ойдан сал камроқ вақтни асирликда ўтказганини айтган.

«Улар ҳар кимга ҳар хил муносабатда бўлади, кимнидир калтаклашади, кимнидир қийноққа солишади, кимнидир айтишни хоҳламаган нарсасини айтишга мажбур қилишади, кейин эса интернетга жойлашади», деган RT видеосида гапирган эркак.

Якушченко нега ва қандай қилиб яна «Вагнер» қўлига тушгани тушунарсиз. BBC бу одамнинг тақдирини билиш учун унинг бир неча қариндошлари ва танишларига мурожаат қилган, бироқ уларнинг аксарияти саволларга жавоб бермаган. Улардан бири Дмитрий узоқ йиллар қамоқда бўлгани учун уни ҳаётида ҳеч қачон кўрмаганини тан олган.

«Ватанга хиёнат қилгани учун унга бу ҳам кам. У бутун умрини қамоқда ўтказди, бу одамда ҳеч қандай яхшилик йўқлиги аниқ», дея Якушченконинг «қатли» ҳақидаги видеога муносабат билдирган унинг қариндоши.

BBC нашри Украина мудофаа вазирлигининг маҳбуслар алмашинуви учун масъул бўлган Бош разведка бошқармасига бу воқеага изоҳ бериш учун сўров юборган ва жавобни кутмоқда.

Нужиннинг қатл этилиши акс этган видео ҳозиргача текширилмади

Бу фотода асирликдаги Евгений Нужин украин журналистига интервю бериш чоғида. Фото: YOUTUBE / РАМИНЫ ЭСХАКЗАЙ

Омбудсман Москалкованинг сўзларини ҳисобга олмаганда, Россия расмийлари Якушченконинг «қатл этилиши» акс этган видеога ҳозирча ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ. Бироқ, бу ажабланарли ҳол эмас, шунга ўхшаш видео қаҳрамони Евгений Нужиннинг ўлими иши бўйича ҳам ҳеч қандай текширув ўтказилмаганди.

Кремлдагилар «Қасос болғаси» сарлавҳали видеога «бу бизнинг ишимиз эмас» деган сўзлар билан изоҳ берди. Президент инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоларининг сўровларига қарамай, на Тергов қўмитаси, на прокуратура видео бўйича текширув ўтказишни бошлади. Пригожин видеога алоқадорлигини тан олишдан бош тортди ва видеога «аъло даражадаги режиссёрлик иши» дея изоҳ берди.

Шунга қарамай, кувалда амалда «Вагнер»нинг норасмий рамзига айланган. Пригожинга тегишли «Конкорд» компанияси матбуот хизмати тадбиркорнинг адвокати қандай қилиб скрипка идиши ичида қонли кувалдани Европарламентга топширганини айтиб берди. Улар «Bагнер»нинг террорчи ташкилот сифатида тан олинишига шундай муносабат билдирган. Янги йил арафасида «Конкорд» ўзининг «ВКонтакте»даги саҳифасида кувалда тутган қуёнлар билан безатилган янги йил торти суратини эълон қилди. Давлат думаси депутати Сергей Миронов Пригожиннинг совғаси бўлган кувалда билан суратга тушди ва уни тармоққа жойлади.

Тўғри, яқинда журналист Семён Пеговга берган интервьюсида Пригожин «сотқинлар»нинг кувалда билан ўлдирилиши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, гап нима ҳақида кетаётганини билмаслигини айтган.

«Мен кувалда борлигини биламан, чиройли асбоб. Рамз. Торнинг болғаси!» деган Пригожин.

Кувалда билан ўлдирилган Евгений Нужиннинг қариндошлари BBC нашрига айтишича, унинг кувалда билан ўлдирилгани тасвирланган видео эълон қилингандан бир неча ҳафта ўтгач ҳам ҳеч ким улар билан алоқага чиқмаган. У урушга юборилишидан олдин муддатини ўтаётган қамоқхонaда Нужиннинг аёлининг рақами блоклаб қўйилган. Нужиннинг оиласи унинг дафн маросимини ўтказмоқчи, аммо унинг жасади қаерда экани номаълум.

Афтидан, Нужиннинг алмашуви Якушченко иштирок этган вазиятдан фарқ қилади. BBC суҳбатдошларининг айтишича, Нужин Россияга мудофаа вазирлиги орқали эмас, балки ўз алмашинув фондига эга бўлган «Вагнер» орқали қайтган бўлиши мумкин. Украина расмийларининг таъкидлашича, Нужиннинг ўзи, асирликда берган интервьюларида Украина учун жанг қилишга тайёрлиги ҳақида гапирганига қарамай, Россияга қайтишга рози бўлган.

Россия расмийлари «Вагнер»нинг Украина урушидаги иштироки аллақачон яширин бўлмаса ҳам, маҳбусларнинг урушга ёлланишига изоҳ бермайди.

Тахминларга кўра, ахлоқ тузатиш колониясида сақланаётган руслар фронтга жўнатилишдан олдин афв этилади. Фақат Россия президентигина бундай ваколатга эга. Афв этилган собиқ маҳбуслар видеолари Пригожинга яқин манбалар томонидан нашр этилган. Тадбиркорнинг ўзи феврал ойи бошида кутилмаганда маҳбусларни «Вагнер»га ёллашни «бутунлай тўхтатгани»ни эълон қилди. Бу ҳақиқат ёки йўқлиги номаълум.

Агар Якушченко ҳақиқатан ҳам Владимир Путин томонидан яширин равишда афв этилган бўлса, асирликдан озод қилинганидан кейин уни яна колонияга қайтариб бўлмас эди, назарий жиҳатдан, бу унинг яна қандай қилиб «Вагнер» қўлига тушганини тушунтириши мумкин эди.

Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков BBC нашрининг россиялик маҳбуслар Украина билан урушда қандай қилиб иштирок этаётгани ҳақидаги саволига жавоб берар экан, фақатгина «маҳбусларни афв этишнинг барча тартиби Россия қонунчилигига мувофиқ амалга оширилаётгани»ни айтган.

15 феврал куни Пригожин Якушченко билан яна бир видеони эълон қилди. Унда кувалда билан «қатл» қилингани айтилган эркак журналистларга интервью берган. Пригожин унинг иккинчи видеодаги гапларини такрорлаб, муҳим маълумотлар билан қайтганини таъкидлаган.

Мавзуга оид