«Яхшиям қўшниларимизда Мирзиёев президент, Каримов эмас» – Атамбаев ўзбек-қирғиз чегара масаласи ҳал қилингани ҳақида
14 феврал куни озодликда чиққан Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаев журналистларнинг саволларига жавоб берди. Собиқ президент Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара масалалари ҳал қилинганини тарихий ҳодиса деб атаб, бунда Шавкат Мирзиёевнинг роли катта эканлигини эътироф этди.
«Ўзбекистон билан чегара масаласини ҳал қилишга биринчи навбатда тўғри истак ва хоҳишлар туртки бўлган. Бу – ҳозирги кунда Тожикистон билан муносабатларимизни ҳисобга олганда жуда катта олдинга силжиш, хурсандман бундан. Лекин бу ерда [норозиларни] қамамасдан, ишончлироқ далиллар келтириш керак эди», деган Атамбаев.
«Бу тарихий қарор. Яхшиямки бизнинг қўшниларимизда Мирзиёев президент, Каримов эмас. Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ва унинг халқига муносабатини биламан. Буни қадрлаш керак», дея собиқ президентнинг сўзларини келтирмоқда маҳаллий нашр.
Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси узунлиги 1300 километрдан ортиқ. Совет иттифоқи парчаланганидан кейин унинг чизиғи бўйлаб бир неча ўнлаб баҳсли қисмлар шаклланди. Қарийб 30 йил давомида Бишкек ва Тошкент чегарани демаркация ва делимитация қилиш борасида келиша олмади. Томонлар 2017 йил кузида жараённи фаоллаштирди, 2022 йил ноябр ойида икки давлат парламентлари чегара масалаларини ҳал этиш бўйича келишувларни ратификация қилди.
2023 йил январ ойида Бишкекда икки давлат раҳбарлари давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашди. Шу билан чегара масаласига расман нуқта қўйилди.
Алмазбек Атамбаев 2011 — 2017 йилларда Қирғизистон президенти бўлган. 2019 йилда у коррупция ва ноқонуний бойлик орттиришда айбланиб, ундан дахлсизлик ҳуқуқи олиб ташланган. Собиқ президент криминал авторитет Азиз Батукаев ноқонуний равишда озодликка чиқарилгани бўйича иш доирасида ҳибсга олинган. 2020 йил 23 июнида у мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 11 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум этилади. Атамбаев давлат унвонлари, мукофот ва орденларидан ҳам маҳрум этилган.
2023 йил 14 феврал куни эса Қирғизистон олий суди унинг ишини қайта кўриб чиқиш учун юборди. Шунингдек, унга даволаниш учун хорижга боришга рухсат берилди.
Мавзуга оид
10:43
Қирғизистон айрим Кўрфаз давлатлари фуқаролари учун визасиз режим жорий қилди
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024