Жамият | 15:05 / 16.02.2023
20879
2 дақиқада ўқилади

Икки кунда Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудларидан 17 нафар ўзбекистонлик Тошкентга эвакуация қилинди

Ўзбекистонликларнинг барчаси зилзила оқибатида пулсиз ва ҳужжатсиз қолган бўлиб, уларга Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилган ва авиачипталар харид қилинган.

Фото: Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси

Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудларида мураккаб вазиятга тушиб қолган 17 киши Ўзбекистонга эвакуация қилинди. Жумладан, 15 февраль куни 12 кишидан иборат 4 оила вакиллари ватанга қайтарилган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси хабар берган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон фуқароларининг 2 нафари Қаҳрамонмараш, 6 нафари Ҳатой, 2 нафари Адияман, яна 2 нафари Ғозиантеп вилоятларидан Истанбулга эвакуация қилинган. Сўнгра зилзила оқибатида пулсиз ва ҳужжатсиз қолган ушбу фуқароларга ҳужжатлар расмийлаштирилган ҳамда авиачипталар сотиб олиб берилган.

Шу куни яна зилзиладан жабрланган 4 нафар ватандош Ўзбекистонга қайтарилган. Бош консулхонанинг таъкидлашича, эвакуация қилинганларнинг бири Қаҳрамонмараш университети талабаси бўлган.

Anadolu ахборот агентлиги Туркиядаги университетларда ёзгача таътил эълон қилингани, талабалар бу вақтда масофадан таълим олиши ҳақида хабар берганди. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг топшириғига кўра университетлар ётоқхоналари зилзиладан жабрланганларга вақтинча бошпана вазифасини ўтайди.

Фото: Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси

14 февраль куни Ғозиантеп шаҳрида пул ва ҳужжатларсиз қолиб кетган яна бир ўзбекистонлик аёлнинг Истанбулга етиб келиши ва Ўзбекистонга учиб кетишига ёрдам кўрсатилган. Унга ҳам авиачипталар Ўзбекистоннинг Туркиядаги Бош консулхонаси табиий офат оқибатини бартараф этиш учун очилган махсус ҳисобрақамидан харид қилинган.

12 февралда Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудларидан 6 нафар ўзбекистонлик ватанга эвакуация қилинганди.

Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлигининг “Дунё” ахборот агентлиги Туркиянинг Ҳатой вилоятидан 11 нафар ўзбекистонлик ва 6 нафар қирғизистонлик махсус самолётда Тошкентга эвакуация қилингани ҳақида хабар берганди.

Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача Туркиядаги зилзила оқибатида Ўзбекистоннинг 3 нафар фуқароси ҳалок бўлган. Вайроналар орасида 3 нафар ватандош қутқариб олинган бўлса, бедарак йўқолган ўндан зиёд ўзбекистонлик қидирилмоқда.

Мавзуга оид